Меҳмонмиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МЕҲМОНМИЗ

Карвонсарой янглиғ бу давру дунё,

Уч кун қолиб, сўнгра кетар меҳмонмиз.

Қўлингдан келса гар, савоблар ишла,

Ҳар лаҳза ғанимат, кўчар меҳмонмиз.

Сабру қаноатда дарвешлардек бўл,

Кибру ҳаволарда айлама парвоз.

Тилингда бол тут-у, қўлларингда гул,

Шояд, муродига етар меҳмонмиз.

Эзгулик йўлида изласам чора,

Эй ғаним, кўксимни айлама пора.

Оқни қора дебон, қорани оқ деб,

Дам урма, жавобин берар меҳмонмиз.

Ғафлат уйқусидан кўзларингни оч,

Фужур саҳросида кезинма сарсон.

Ҳасад оловидан қалбингни қутқар,

Фано водийсини қучар меҳмонмиз.

Қўрқув билмай кулиб, гуноҳлар ишлаб,

Минг дилни минг бир фисқ ўтига ташлаб.

Кимга озор бериб, кўнглини ғашлаб,

Охир йиғлаб Сирот кечар меҳмонмиз.

Қандай яшамоқни қушлардан ўрган,

Самоларда сано айтар: «Меҳмонмиз!»

Нафс учун бунчалар жидду жаҳд этма,

Гул гулга, ўт ўтга етар, меҳмонмиз.

Унутма, нур нурга қовушар, албат,

Қаро зулматлардан туғилар бир тонг.

Бугунми-эртами, ҳеч кимса билмас,

Абад манзилига кетар меҳмонмиз.

Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ

     
Мавзуга оид мақолалар
Вақтга эътиборли бўлиш муҳимлиги баён этилар экан, ўртача етмиш беш йиллик умр таҳлил қилиб кўриладиган давоми...

21:07 / 30.09.2023 3103
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга мерос яна бир суннат амал ўз илмий тасдиғини топди. давоми...

11:34 / 27.12.2018 3298
gallery linkfile ids5653,5652,5650,5649 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг таъзия маросимларининг иккинчи давоми...

06:29 / 03.02.2017 13122
Ҳозир кунимизда бўлиб турган ҳолат шундайки, Аллоҳ таоло кафолатига олган, Ўзи қодир бўлган нарса ҳақида кўп давоми...

11:38 / 06.04.2017 5675