Гуноҳларга каффорат бўлувчи амаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гуноҳларга каффорат бўлувчи амаллар

Оламлар Робби Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Набийимиз Муҳаммад алайҳиссаломга салавоту саломлар бўлсин!

Ҳар бир мусулмон банда бу дунёни, албатта, Аллоҳ унинг барча гуноҳларини кечирган ва яхши амалларининг ажрини зиёда қилган ҳолда тарк этишни орзу қилади. Аммо Аллоҳ азза ва жалла фақат Ўзигагина аён бўлган ҳикмати сабабли, инсонга маъсиятларни гўзал қилиб кўрсатувчи, уни яхши ишлардан узоқлаштирувчи душманларни ҳозир қилиб қўйди. Бу душманлар ҳавои нафс ва шайтондир. Улар ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Албатта, нафс, агар Роббим раҳим қилмаса, ёмонликка ундовчидир» (Юсуф сураси,53-оят). «Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавои хоҳишдан қайтарган бўлса...» (Назиёт сураси, 40-оят). «Ҳавои нафсини ўзига илоҳ қилиб олганни кўрдингми?! Энди сен унинг устидан вакил бўласанми?!» (Фурқон сураси, 43-оят). «У деди: «Мени йўлдан оздирганинг сабабли, уларга тўғри йўлингда, албатта, тўғаноқ бўламан. Сўнгра уларга олдиларидан, орқаларидан, ўнг томонларидан ва чап томонларидан келаман. Ва уларнинг кўпларини шукр қилувчи ҳолда топмассан» (Аъроф сураси,16-17-оятлар). Лекин Аллоҳ таоло ўз раҳмати туфайли мўмин бандалари учун қилган гуноҳларига каффорат бўлувчи ва уларни ўчирувчи воситаларни муҳайё қилиб қўйди. Ушбу ўчирувчи каффоратларни Аллоҳ таоло Ўз китоби ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари орқали жорий қилди. Қуйидагилар шулар жумласидандир: 1. Алллоҳга иймон келтириш, ширкдан сақланиш ва солиҳ амаллар қилиш. Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилинган: «Иймон келтириб, яхши амаллар қилганларнинг ёмонликларини улардан, албатта, ўчирурмиз ва уларни қилган амалларининг энг яхшиси ила мукофотлармиз» (Анкабут сураси,7-оят). Имом Муслим саҳиҳида: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Душанба ва пайшанба кунлари жаннат эшиклари очилади ва Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳар бир мусулмон банданинг (гуноҳлари) мағфират қилинади», дедилар. 2. Катта гуноҳлардан четланиш. «Агар қайтарилган нарсаларнинг катталаридан четда бўлсангиз, ёмонликларингизни ўчирурмиз ва сизни карамли манзилга киритурмиз» (Нисо сураси, 31-оят). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз ва жумадан жумагача ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффоратдирлар. Модомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса», дедилар. 3. Аллоҳга холисона тавба қилиш. Аллоҳ азза ва жалла Фурқон сураси 68–70-оятларда шундай марҳамат қилади: «Улар Аллоҳ билан бирга бошқа ҳеч бир илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб, мангу қолур. Магар КИМ ТАВБА ҚИЛСА, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳимлидир». Ибн Можа «Сунан»ида ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳдан тавба қилувчи, гуноҳсиз киши кабидир», дедилар. 4. Истиғфор айтиш: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Нисо сурасининг 106-оятида шундай дейди: «Аллоҳдан мағфират сўра! Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳимлидир». Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «астағфируллоҳаллази ла илааҳа илла ҳувал ҳайюл қойюм ва атубу илайҳи» деса, у мағфират қилинур, гарчи жангдан қочган бўлса ҳам», дедилар» (Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар). Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:«...Эй бандаларим! Албатта, сизлар кечаси ва кундузи хато қилурсизлар. Мен эса барча гуноҳларни мағфират қилурман. Бас, Менга истиғфор айтинг, сизларни мағфират қилурман». 5. Таҳоратни яхшилаб мукаммал қилиш. Усмон розияллоҳу анҳунинг мавлоси Ҳумрондан ривоят қилинади:

«Мен Усмон ибн Аффонга таҳорат суви олиб келдим. У таҳорат қилди-да, шундай деди: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, деб ҳадис айтишади, лекин мен унинг нима эканини билмайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу таҳоратим каби таҳорат қилганларини кўрганман. Сўнгра у Зот: «Ким мана шундай таҳорат қилса, аввалги гуноҳлари мағфират қилинади. Унинг (ортидан ўқиган) намози ва масжид сари юриб боргани қўшимча савоб бўлади», деганлар» (Имом Муслим ривояти). 6. Намоз ўқиш ва намоз ўқиш учун пиёда юриб бориш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни Аллоҳ хатоларни ўчирадиган, даражаларни кўтарадиган нарсага далолат қилайми?» дедилар. Улар: «Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. У Зот: «Қийинчиликларга қарамай, таҳоратни яхшилаб қилиш, масжидларга қадамни кўпайтириш ва намоздан сўнг намозни интизор бўлиб кутиш. Ана ўша сиз учун «муробитлик»дир», дедилар» (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насаий ривоят қилганлар). 6.Садақа улашиш. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: «Садақаларни ошкор қилсангиз, бу қандай ҳам яхши! Агар уларни махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан ёмонликларингизни кетказадир. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ўта хабардордир» (Бақара сураси, 271-оят). «Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб, ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, «Садақа (закот) фарз  бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига итоат ошкора кўринади ва мазкур садақадан унга ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлигининг олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, у махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади» («Тафсири Ҳилол»). Имом Термизий «Сунан»ларида Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми? Рўза – сақловчидир. Садақа худди сув оловни ўчирганидек, хатоларни ўчиради», деганлар». 8. Ҳаж ва умра қилиш. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, худди босқон темир, тилла ва кумушнинг кирини кетказганидек, иккиси фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», дедилар». (Имом Насаий ва Имом Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган). 9. Мусибат келиши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортади» (Нисо сураси, 123-оят) ояти нозил бўлгач, мусулмонлар қаттиқ тушкунликка тушиб қолдилар, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Мўътадил бўлинглар, тўғри иш қилинглар, чунки мусулмонга етадиган ҳар бир нарса (гуноҳлари учун) каффоратдир, унга етадиган мусибат ҳам ёки унга кирган тикан ҳам», дедилар» (Имом Муслим ривоят қилган). 10. Рамазон рўзасини тутиш ва тунларини ибодат билан ўтказиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган). Яна бошқа ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон кечасида иймон билан, савоб умидида ибодат қилса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар».

Араб тилидан

 Мухаммад Али Мухаммад Юсуф таржимаси 

Мавзуга оид мақолалар
НАВОИЙНИ БИЛМАГАН ЎЗБЕК ЎЗБЕКМИ Бу гулшан ичраки, йўқдур бақо гулига сабот, Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилик давоми...

11:24 / 10.02.2017 4131
Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш макруҳдир. Фақатгина, ёш болага овқат чайнаб бериш, зарурат давоми...

15:05 / 18.11.2016 4388
  Жинсий яқинлик қилиш. Ғизо ёки шу каби нарсани шаръий узрсиз ейиш. Одатда озуқа сифатида тановул давоми...

11:49 / 27.05.2017 4399
Ҳадялашиш суннатдир. Бугунги кунда ҳар хил эҳтиёжларимиз учун бировларга ҳадялар берамиз. Аммо кимгадир давоми...

21:12 / 02.08.2023 1406