Ҳаммамиз Аллоҳнинг пардаси билан яшириб қўйилганмиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҲАММАМИЗ АЛЛОҲНИНГ ПАРДАСИ БИЛАН

ЯШИРИБ ҚЎЙИЛГАНМИЗ

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси,

1 октябрь 2010 йил

 

Эшонгузар жоме масжиди имом-хатиби

Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ таржимаси,

Нима учун Аллоҳнинг хулқларига мувофиқ тарзда ўз феълларимизни ўзгартирмаймиз?! Аллоҳ таоло Китобининг Ҳужурот сурасидаги икки оятга диққат қилинг! Агар мусулмон одам ушбу оятлар ҳақида мулоҳаза юритиб, уларга амал қилса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурига тоатлари қай даражада оз, ибодатлари қанчалик арзимас ва кам бўлса ҳам, ундан Аллоҳ рози бўлган ҳолда келади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтаётган ушбу сўзни ўйлаб кўринглар: «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир». «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи, раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 11–12-оятлар). Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур («Тафсири ҳилол»). Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ушбу буюк икки оятнинг мазмун-моҳиятини ўзларининг ушбу сўзларида қисқача баён қилиб берганлар. Абу Довуд ва Имом Байҳақийлар ривоят қилган ҳадисда Уқба ибн Нофеънинг «Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нима?» (яъни «Қиёмат куни нажот топишнинг йўли қандай?») деб сўраган саволига Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) жавоб бериб: «Тилингни тийиб, уйингни лозим тут ва хатоларингга йиғла», дедилар. Ушбу учта сўз мен сизларга ҳозир тиловат қилиб берган икки оятнинг етарли ва қисқача баёнидир. Эй Аллоҳнинг бандалари, бугунги кун мусулмонларининг воқеликларини ўйлаб кўринглар, уларнинг Парвардигорнинг ушбу икки оятидан айрилиб, юз ўгирганларини, балки бир-бирлари билан бўладиган ўзаро муносабатларида Аллоҳ таоло васият қилган бу сўзларга қарши бораётганларини учратасиз. Мусулмонга назар солиб, унинг аҳволини фикр қилсангиз, ўзигагина тааллуқли бўлган ишга таклиф этилганини ўйлаш ўрнига гўёки Аллоҳ таоло уни бошқаларни таъқиб ва назорат қилиш ҳамда уларнинг ҳолатларини кузатиш, бошқалар айбини, камчиликларини топиш вазифасига турғазиб қўйгандек ўзини тутаётганини кўрасиз. Балки бу ерда бундан ҳам жиддийроқ нарса бор. Бугунги кун мусулмонлари орасида кўзларига одамларнинг айбу нуқсонларини катталаштириб кўрсатадиган «кўзойнак»лар қўйганлари учрайди, балки инсонлар зоҳирларини босиб ўтиб, уларнинг қалби ва ботинида яширинган нарсани титкилашга ҳаракат қилаётганлари мавжуд. Инсоннинг ботинини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Уларнинг қалбида яширинган нарсани Бореъ субҳанаҳу ва таолодан ўзга ким ҳам била олади?! Бундайларнинг ҳар бири Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзини эшитиб олсин: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни билинг. Агар ҳидоятда бўлсангиз, адашган кимсалар сизга зарар қилмас» (Моида сураси, 105-оят). Энди «ўзингизни билинг», ишларингизни жойига қўйинг. Аллоҳнинг амрини бажо қилишда давом этинг, улар ўз қилмишлари учун ўзлари жавоб берадилар («Тафсири ҳилол»). Бу сўз уни (тирноқ тагидан кир қидирувчини) хижолат ҳам қилмайди. У унинг олдида тўхталиб ҳам ўтирмайди. Балки унга эътибор ҳам бермай, орқасига ўгирилиб, ўзини унутишда давом этади ва мен сизларга тиловат қилиб берган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзини унутган ҳолда дўстларини таъқиб қилиш ҳамда уларнинг хато-камчиликларини титкилаш пайига тушади. «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар» (Ҳужурот сураси, 12-оят). Яъни  сизларнинг ҳеч бирингиз одамлар ҳолини кузатиб, назорат қилувчи бўлмасин. «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». Замонлар ўтиб, эй Аллоҳнинг бандалари, бу сўз кимлар учундир мушкул бўлиб қолди. «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». Ичимда айтдимки, Аллоҳ азза ва жалла баъзи гумонларни гуноҳ деб ҳукм чиқарди-ю, лекин кўп гумонлардан қайтарди, нима учун? Бу ердаги қиёслаш «Баъзи гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», дейишни тақозо қилмайдими? Лекин сизларга айтиладиган жавоб Аллоҳ азза ва жалланинг баёноти эътибор қаратаётган ушбу нозик маънодир: «Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир». Сен гуноҳ бўлган ўша баъзи нарсаларни билишга кучинг етадими? Йўқ, сен буларни билишга қодир эмассан, чунки у махфий ишлардир. Демак, сен сақланган ўша гуноҳи бор баъзи гумонларни билишинг учун эҳтиёт юзасидан кўп гумонлардан кенгроқ масофада тийилишинг лозим бўлади. «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар» (Ҳужурот сураси, 12-оят). Уламолар ғийбатни гуноҳи кабиралардан, яъни катта гуноҳлардан эканига қарор қилганлар. «Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар». Ушбу шакл бериш ва ўхшатишга эътибор қилинглар. «Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?» (Ҳужурот сураси, 12-оят). Нима учун ўликнинг гўштини ейишга ўхшатди? Чунки сен ўзини ҳимоя қилишга эга бўлмайдиган, олдингда йўқ одамни ғийбат қилсанг гўёки ўлик гўштини тишлаб олганга ўхшайсан. Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзидир. Эй Аллоҳнинг бандалари, Роҳман ҳамда Роҳийм бўлган Роббимиз азза ва жалла Ўзининг олий зотига вазифа қилиб олган илоҳий амалиёт қонуни ҳақида фикр юритиб кўринглар. Ушбу қонун бизга шундай баён қилади: агар Аллоҳ бандаларидан бирининг бажарган яхши амалини кўрса, бу яхши амални ўз ҳидини атрофга таратувчи хушбўй нарсага ҳамда у ер-бу ерда эшитиладиган жарангли овозга ўхшаш қилиб қўяди ва унинг бу солиҳ амали одамлар орасида тарқалади. Энди бу кўплаб солиҳ амаллар бўлса-чи, унда қандай ҳам яхши! Аммо агар таъқиқланган ёмон ишни қилиб қўйса ёки қинғир ишга аралашиб қолса, Аллоҳ азза ва жалла уни одамлардан беркитиб, кўпчилик олдида ҳеч қачон овоза қилмайди. Мабодо, гуноҳ содир этаётганлар қилаётган хатоларини такаббурлик билан амалга оширсалар, унда Аллоҳ таоло уларни гарчи ётар уйидаги тўшагида қилган хатоларини ҳам фош этиб, шарманда қилади. Лекин биз ҳозир нафсининг тентаклиги сабабидан ожиз қолиб, хато қилаётган мўминлар ҳақида гаплашмоқдамиз. Аллоҳ таоло уларнинг хатоларини одамлардан беркитади. Агар Аллоҳ азза ва жалла буюрган бирор ишни қилсалар, Парвардигор уни ҳиди чор атрофга тараладиган ёқимли қилиб қўяди. Аммо гуноҳларини одамлар оламлар Роббиси ҳузурида турадиган қиёмат кунигача беркитиб қўяди. Кейин ўша куни Бореъ азза ва жалла дунёда гуноҳларни қилса-да, Ўзи беркитиб қўйган кишини Ўзига яқинлаштиради, ҳатто уни қўлтиғига олади ва кейин пардани тушириб, уни одамлардан тўсади, унга: «Фалон куни қилган фалон гуноҳингни биласанми?» дейди. У мўмин: «Ҳа, биламан, эй Роббим, биламан», дейди. Кейин яна унга: «Фалон куни қилган бошқа бир гуноҳингни ҳам биласанми?» дейди. У мўмин: «Ҳа, биламан, эй Роббим, биламан», дейди. Кейин яна: «Фалон куни қилган бошқа бир гуноҳингни ҳам биласанми?» дейди. У мўмин: «Ҳа, биламан, эй Роббим, биламан», дейди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Мен у дунёда буларни яширган эдим, энди эса бу кунда сени (ўша гуноҳларингни) кечираман», дейди. Эй Аллоҳнинг бандалари! Нима учун Аллоҳнинг ахлоқлари билан хулқланмаймиз? Нега Аллоҳнинг хулқларига мувофиқ тарзда ўз феълларимизни ўзгартирмаймиз? Нима учун бир-бирларимиз билан бўлган муносабатларда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга муомала қилаётганидек муносабатда бўлмаймиз? Аллоҳ таоло яхшиликларимизни чор томонга тарқатиб, ёмонликларимизни беркитмоқда. Нега биз ҳам ўрталаримиздаги ўзаро муносабатларда мен сизларга айтиб берган ушбу услубда муомала қилмаймиз? Ҳа, бу оламлар Роббисининг иши ва бандалари ҳақидаги Унинг амалиётидир. Балки мен ҳозир сизларни бошқа амалиёт қонуни олдига қўйиб кўрарман… Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг фазлу марҳамати билан одам боласи қанчалик хато қилса ҳам, қанчалик янглишиб, гуноҳ содир этса ҳам, Ўзи билан ушбу бандаси ўртасида боғланиш риштасини ўрнатиб қўйишни хоҳлади. Магар уларнинг такаббурлари учун бу риштани қолдирмади. Агар бир инсоннинг тентаклиги ва ожизлиги сабабли гуноҳларга шўнғиб кетганини кўрсангиз, билингки, Аллоҳ таоло Ўзи билан ушбу бандаси ўртасига боғланиш учун арқон ташлаб қўйгани муқаррардир. Бу арқон ўзига боғланган шарт билан қачон қойим бўлишини сиз билмайсиз. Бир кун келиб, ушбу инсоннинг ўша арқонни маҳкам ушлашини ва у орқали Аллоҳга муножат қилиб: «Мана мен, эй Роббим, Сенга қайтиб, Ўзингга мурожаат қилмоқдаман, мени қабул қилгин», деб айтаётганини, Аллоҳ таоло ҳам уни «Лаббай, бандам», деб қабул қилаётганини кўрасиз. Айрим хатоларга оғиб, баъзи гуноҳларни содир этаётганларини кўрганинг учун мажлисларда тилингни узун қилиб ғийбат қилаётган одамларинг ҳолини яхши биласанми ўзи? Ёки Аллоҳ ўртада боғланган сирли ришта орқали уларни қутқариб олишига ишонмайсанми? Ё бўлмаса, уларнинг эртага сенинг ҳолингдан афзал ҳолатга хатолари сабабидан кўтарила олмаслигига ишончинг комилми? Мана шу бандаларига одоб билан муомалада бўлишимизни ҳукм қилган оламлар Роббисининг йўлидир. Нима учун бундай ҳукм қилди? – Аллоҳнинг ҳамма бандаларига нисбатан чиройли муносабат кўрсатишимиз учун! Агар адашган инсонларни кўрсак ва ўзимизга қараб тўғри эканимизни сезсак, улар ҳақида ёмон гап билан тилимизни бўш қўйиб ғийбат қилмайлик. Ҳа, агар сен унга кучинг борича Аллоҳни эслатиш учун йўналсанг, уни мулойимлик ва раҳм-шафқат билан йўғрилган чиройли услубда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасан. Аммо у ер-бу ерлардаги мажлисларда у ҳақда гапиришга ва одамлар орасида унинг ҳаётига доир ёмон суратлар чизишга йўналсанг, сен уни эртами-индин ёки кейинроқ ушбу адашишликдан Аллоҳ таоло қутқариб олишини ва Аллоҳнинг солиҳ бандалари ичида энг афзалига айланиб қолиши мумкинлигини биласанми? Сен ўзингнинг ушбу тўғри йўлда қолишингга ва тилингни чўзиб қилган ғийбатингу уни истеҳзо қилганинг учун сени Аллоҳ азобламаслигига аниқ ишонасанми? Аллоҳ таоло сенга ғазаб қилмаслигига ва ҳидоятдан кейин сени адашиш водийларига итариб ташламаслигига ишончинг комилми? Йўқ, эй Аллоҳнинг бандалари!.. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандалари Аллоҳнинг пардаси билан беркитилган. Биз улардан ушбу пардани йиртиб ташлашимиз мумкин эмас. Сиз ҳам ана шу бандаларнинг бирисиз! Ҳаммамиз Аллоҳнинг пардаси билан яшириб қўйилганмиз. Мен сизларга саҳиҳ ҳадисни айтиб ўтдим. Аллоҳ таоло гуноҳга ботган кишини Ўзига яқинлаштиради. Кейин пардани тушириб, уни одамлардан тўсади ва унга: «Фалон гуноҳни эслайсанми, фалон, фалон айблар ёдингдами?» деб гуноҳларини эслатиб, бу хатолар суратини унга кўрсатади, у ҳам эслайди. Кейин Аллоҳ таоло унга: «Мен у дунёда буларни яширган эдим, энди эса бу кунда сени (ўша гуноҳларингни) кечираман», дейди. Эй Аллоҳнинг бандалари! Келинглар, лутф ва марҳаматга чўмдирилган ушбу буюк икки оят ўз ичига олган насиҳатни амалга оширишда Аллоҳ билан аҳдлашиб олайлик. «Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар булардан яхшироқдир. Ва ўзингизни ўзингиз мазах қилманг, бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймондан кейин фосиқлик исми нақадар ёмон! Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир». «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи, раҳмлидир» (Ҳужурот сураси, 11–12-оятлар).

Аммо адашиб, хато қилган дўстингиз олдида муҳаббат ва марҳамат билан тўхтаб, унинг айбини чиройли йўл билан эслатиб қўйишингиз – бу яхши нарса, лекин уни кўрганингизда унга салом бериб, жим туришингиз ва олдингиздан кетгач, одамлар олдида уни энг ёмон ҳамда энг фожир одамга чиқаришингиз – бу ислоҳ маъносига ҳам, амру маъруф-наҳий мункар маъносига ҳам кирмайди.

Ушбу сўзимни айтиб, Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Мавзуга оид мақолалар
Маҳалий тилда билиш, беляш деб эшитганларимизни устозларимиз миллий таомлар жамланган китобларда балиш давоми...

12:47 / 29.11.2016 5612
Учинчи ҳикояУчинчи она ҳикояси Мен фарзандимга бошига бирор ташвиш тушса, ёки у қандайдир синовга йўлиқса, давоми...

22:47 / 13.08.2023 1560
Қалбимизни Исломга муҳаббатли қалблардан қилиб яратган бўлсин, омин. Қалбимизни, онгимизни, тўғри йўлга давоми...

12:29 / 27.02.2017 4099
У Зот Унга томон сайр қилувчиларни ва Унга етишганларни ўз амалларини кўришдан ва аҳволларига шоҳид давоми...

14:53 / 06.02.2019 2642