Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“АТАЛА ИЧГАНГА – НОБЕЛЬ!” ёхуд ҳолвачи бола
(Ўн биринчи мактуб)
Ҳар нарсадан гўдагимнинг иси ширин Ҳидлаб, ўшал саодатдан маст бўламиз!
Марҳабо КАРИМОВА
Ассалому алайкум, адаси! Энг аввало саломатлигингиз ҳақида билишни истайман. Ишларингиз эса иккинчи даражали. Негаки, соғлиғи жойида бўлган одамгина иш ҳақида ўйлай олади. Бежизга ҳакиму ҳозиқлар: Соғлиғинг қадрига ет, Хаста бўлмасдин бурун! дейишмаган. Ушбу тавсияни барчага, айниқса, ҳомиладор аёлларга такрор-такрор эслатган бўлардим. Негаки, ҳамма бир ўзи учун қайғуриши керак бўлса, ҳомиладор аёллар икки киши учун қайғуришга масъул. Бундай ўта нозик вазиятда уларни яқинлари, энг аввало эрлари кўпроқ авайласа, қандай саодат? Бекорга “чилла” атамаси луғат бойлигимизга кирмаган. Ҳомиладорликнинг қалтис босқичидан эсон-омон ўтиб, гўдак дунёга келтирган аёлни қирқ кун авайлаб-асраш кераклигини ҳамма – эркагу аёл бирдек билиб қўйиши лозим! Шунингдек, аёлларимиз атала деган таомнинг нима эканини билиб қўйишса эмас – ичиб кўришса, ёмон бўлмасди! Борди-ю сизга: “Туққан аёл учун аталадан кўра фойдалироқ овқат йўқ!” десам, бу доно фикрим учун сира иккиланмасдан менга Нобель мукофоти беришингиз керак бўлади. Шунингдек, атала ичган аёлгаям бериш керак! Сабаби, аталанинг номини эшитиши билан бурун жийирадиган баъзи “нозиктаъб” аёлларимиз унинг кучини ҳамда ҳақиқий шоҳтаом эканини билганларида ва мазасидан бир бора татиб кўрганларида эди, айнан уларнинг қирқ кундан иборат чилла таомномаларидаги кўп ўринни атала банд этган бўларди! Билиб-билмай ҳар хил сунъий озуқаларни боламизга бериб қўйиб, чилласидаёқ ўзимиз уни салкам мажруҳликка маҳкум қиламиз-да, сўнг то умрининг охиригача хасталикка тез чалинувчан нимжон бўлиб қолганидан нолиб яшаймиз!.. Шу ўринда халқ дардини кулгига ўраб айтолган қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоевни эсладим. Менинг ёзаётганларимни ўқиб: “Сумалакни ўйлаб топганга Нобель бериш керак ёки Нобель жорий қилган кишига сумалак бериш керак!” дегани ёдингизга тушдими? Доно халқимизнинг таомномасида шифобахш атала номли овқат борлиги учун ота-боболаримиздан миннатдор бўлишимиз керак. Негаки, улар келажак насллари соғлом ва паҳлавон бўлиб етишишлари учун қайғура билганлар. Атала ичган онани эмиб улғайган гўдаклар эса юртини ҳар қандай ёғийдан ҳимоя қила оладиган даражада мард ва забардаст бўлиб етишганлар. Қайсики, Паҳлавон Маҳмуд ёхуд енгилмас саркарда Амир Темур аскарларидек. “Миллатнинг келажаги оналар қўлидадир!” деб бежизга айтилмаган-да. Бир танишим етти кунлик чақалоғига газли ширин ичимлик ичириб, ўн беш кун жонлантириш бўлимида унинг тепасида ўтириб чиққанига ўзим гувоҳман. “Сиз шу ишни қайси ақл билан қилдингиз? Ҳеч замонда туққан хотин ҳам газли сув ичадими? Газли ширин ичимлик катталарни беҳузур қилади-ку! Қайси ақл билан чилласи чиқмаган чақалоққа бердингиз?” десам, “Ўзим чанқаб кетганим учун чидолмасдан ичдим. Кейин меҳрим жўшиб кетиб: “Мен ичганда бу бечора ичмасинми?” дея идишнинг қопқоғига қуйиб озгина ичирдим. Бунақа бўлишини, газли ичимликларнинг туққан аёл ҳамда чақалоқ учун ўта хавфли эканини билганимда, боламга бериш у ёқда турсин, ўзим ҳам ичмасдим. Боламнинг-ку, қанча қийналганини гапирмасам ҳам биласиз, ўзим-чи, ўзим? Икковимиз ҳам нақ ўлимнинг оғзидан қайтиб келдик... Худойим бир асради!” дейди йиғлаб. Кеча қўшни палатамизга бир келин келганди, биринчи ҳомиласи бўлгани боисми, роса қўрқоқ экан. Салгина нарсага бир дунё ваҳима кўтариб, дўхтирларниям “обориб-обкелди”. Унинг айтишича, қайнонаси онасидан ҳам аъло эмиш. Лекин “Бир кам дунё...” деганларидек, қайнотаси қатағон экан. Қайнонасининг оқилалигини кўрингки, овқат мазали чиқса, гарчи ўзи қилган бўлсаям: “Келинингиз пиширди!” деркан. Бемаза чиқиб қолса, келини қайнотадан гап эшитмаслиги учун: “Адаси, жаҳлингиз чиқмасин. Шошилиб пиширгандим. Шунга бемаза бўлиб қолибди...” дея ҳамма айбни ўз бўйнига оларкан. Тўғриси, келинчакка ҳавасим келди. Шу билан бирга хаёлимдан: “Шундай қайнонангнинг қадрига етиб яшагин-да, ишқилиб!” деган ўй кечди. Сўнг кўнглимдан ўтган фикрни ўзигаям билдирдим. Ёш бўлсаям, ақлли экан. “Қайнонам – тилла аёл!” деди. Унинг бу иқроридан кўнглим ёришди. Бугун росаям кулгили воқеалар бўлди. Иккита опа-сингил бир кунда туғруқхонага келтирилган эди. Фақат биттаси эрталаб, иккинчиси кечқурун келган. Энг қизиғи, уларнинг бир пайтда келганини ота-онаси ҳам билишмайди. Қудалар мард одамлар эканми, баъзиларга ўхшаб: “Қизларингни туғруқхонага обориб ташладик. Керак бўлса, бориб хабар олинглар!” дейишмасдан, барча “тўла-тўла”ларга ўзлари “балогардон” бўлишибди. Ёнма-ён палаталарда ётган опа-сингиллар бир-бирларидан бехабар. Опасининг иккинчи, синглисининг эса биринчи фарзанди экан. Опаси қизчали, синглиси ўғилчали бўлди. Икковининг фамилияси бир хил эмасми, синглисини кўргани келганларга опасининг, опасини кўргани келганларга синглисининг палатасини кўрсатишармиш. Бу ҳам етмагандай, яқинларига ўғил туққанини “қиз”, қиз туққанини эса “ўғил” дея хабар беришибди. Ўзи нималар бўлаётганига ҳеч кимнинг ақли етмайди. Худди ҳиндистонлик ижодкорлар яратган фильмлардагидек, энг охирида етиб келган ота-онаси иккала қизиям шу ерда эканини, қўшалоқ набирали бўлишганини эшитиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлашибди. Уларни кўриб, “Гита ва Зита” фильмини яна бир бор томоша қилгандек бўлдик. Сизга битта ривоят айтиб бермоқчиман. Буни “Маснавийда келган барча ҳикоятлар” китобидан таржима қилган эдим. Китоб билан танишарканман шу нарсани англаб етдимки, Жалолиддин Румий ҳазратлари ўзининг шоҳ асари бўлмиш “Маснавий”да гўзал ва ибратли ҳикоятлар қаймоғини жамлаш орқали келажак авлодлар учун завол топмас маънавий мерос қолдириб кетган экан. Ва умид қиламанки, бу “қаймоқ”дан татиб кўриш бахтига муяссар бўлган кўнгиллар нурланмай қолмайди. “Сахийлиги билан танилган бир авлиё Шайх бор эди. Шу боис боши ҳеч қарздан чиқмасди. Шайх узоқ йиллар нима топса, тарқатди. Шу сабабли қарзиям борган сари ортиб бораверди. Кунлардан бир кун у хасталаниб, ётиб қолди. Ўлими яқинлигини билган қарз эгалари боши узра тўпланишди. Улар Шайхга ёмон-ёмон қарашар, у ҳақда ҳар хил фитнали хаёлларга боришарди. Шу маҳал кўчадан ҳолва сотаётган боланинг овози эшитилди. Шайх хизматкорига: – Дарҳол чиқиб, боланинг қўлидаги ҳамма ҳолвасини сотиб ол. Келтириб қарз эгаларига икром қил. Ҳеч бўлмаса, бир лаҳзагина кўнгиллари шод бўлсин, – деди. Хизматкор чиқиб, ҳолвачи болани чақирди. Ҳолваларнинг ҳаммасини ярим динорга сотиб олди. Келтириб, пулини сўраб келганларнинг олдиларига қўйди. Улар ҳолваларни бир пасда еб битиришди. Бола бўшаган идишини қўлига олди-да, ҳолваларининг пулини сўради. Ўлим тўшагида ётган Шайх: – Эй болам! Мен бечора ўлимини кутиб ётган бир одам бўлсам. Менда пул нима қилсин? – деди. Буни эшитган ҳолвачи бола дод солиб йиғлашга тушди. Бунга гувоҳ бўлиб турган қарз эгалари ғазабдан оғизларига келганини сўзлай бошлашди. Бола то аср вақтигача тўхтамай йиғлади. Шайх эса шу муддат ичида кўзларини юмган кўйи ётаркан, болага бир бор бўлсин қараб ҳам қўймади. Аср вақти киргач, бир хизматкор ичкарига кирди-да, қўлидаги товоқни Шайхнинг олдига қўйди. Шунда Шайх уни қарз эгаларига олиб боришини буюрди. Хизматкор Шайх айтганидек қилди. Тўпланганлар товоқ устидаги ёпинчиқни очиб, ҳайрат ичра қотиб қолдилар. Унда Шайхнинг барча қарзи бўлмиш тўрт юз динор турарди. Товоқнинг бир чеккасида эса қоғозга ўроғлиқ ярим динор бор эди. Бу – ҳолваларнинг пули эди. Қарз эгалари бу ҳолат қаршисида шошиб қолдилар. Шайх ҳақида турли хаёлларга бориб, яхши-ёмон гап айтганлари учун қаттиқ пушаймон бўлдилар. Шайхнинг қўлларидан ўпиб: – Эй муҳтарам Шайх! Бизларни кечиринг ва бу ишнинг ҳикматидан биз жоҳилларни огоҳ этинг! – дея ёлворишди. Шайх ғоятда сокинлик билан: – Сири шундаки, мен фақат Аллоҳ таолодан (ж.ж.) тиладим. Раҳмдил Роббим менга тўғри йўлни кўрсатди. Ўша пулларнинг келиши, боланинг йиғлашига боғлиқ эди. Ҳолвачи бола йиғламаганида, раҳмат денгизи жўшмас эди... – дея жавоб қилди.
• Эй дўст, бола – жисм, жисминг сенинг болангдир. Шуни яхши билгилки, муродингга эриша олишинг ҳам йиғлай билишингга боғлиқ!”
Барчамизни йиғлай олиш саодатига етказсин! Токи қалбларимиз йиғимиздан жўшиб тошган раҳмат денгизида ғарқ бўлсин! Токи раҳмат денгизида покланган кўнгилларимиз эзгу амаллар уруғига тупроқ бўлсин! Токи қалбларимизда унган эзгулик боғидан атрофимиздагиларга фақат шафқат, муҳаббат ҳамда мурувват отлиғ тотли мевалар улашиб яшайлик!..
Шу ерда хайрлашамиз. Дуоларим сиз билан. Кейинги мактубгача!
ЗАҲРО 2012 йил.