Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Биз шу даражада ўзимизга эрк бериб, ўзимиздан кетганмизки, “Аллоҳдан сўраяпман, лекин бўлмаяпти!” деймиз. Биз бу ҳикматдаги дуонинг маъносини тушуниб олсак, матнни тушуниб олган бўламиз: “Дуо қиламиз, ижобатининг кечикиши сени умидсизликка тушириб қўймасин. Сен бирор нарсани ихтиёр қилиб сўрайсан, лекин Аллоҳ таоло Ўзи ихтиёр қилган пайтда беради. Чунки биз Аллоҳ халқ қилган бандалармиз, бандасига нима қачон хайрли эканини Унинг Ўзи билади”.
Демак, биз фақат сабр, умид ва чиройли гумон билан кутишни ўрганишимиз керак. Банда ҳатто Аллоҳга илтижо қилганда ҳам ўзидан кетаркан. Холиқ ва маҳлуқлик, обид ва маъбудлик, илоҳлик ва бандалик ўртасидаги нарсада ҳам қусурга йўл қўямиз. Энг нозик нарса – муножотда ҳам биз хатога йўл қўямиз.
Биз дуогўй халқмиз, дуога ихлосмандмиз, лекин буни тўғри йўлга қўйиб, қачон ва қандай сўраш лозимлигини билиб олишимиз керак. Бизнинг “уни бер, буни бер” дейишимиз дуо эмас – талаб қилиш экан. Аввало биз дуо билан талабнинг фарқини билиб олишимиз керак. Аксар ҳолларда биз талаб қиламиз: “Тўйимизни эсон-омон ўтказиб олайлик, ризқимизни кенг қилгин, фалончига фарзанд бергин, фалончи ўқишга кирвосин, пистончига соғлик бергин!..” Булар ҳаммаси талабдир. Энди ҳақиқий дуо бўлиши учун дуода дунёвий нарсалар талаб қилинмайди, дуонинг дуо бўлиши учун аввало қалб ва ҳислар уйғоқ бўлиши керак – мудраб ўтириб, хаёл ҳар қаёқда ҳолатда қўлни қуруқ очиб ўтириш билан бўлмайди. Ҳиссиёт билан қалбдан дуо қилиш керак, шу билан бирга хорликни, муҳтожликни изҳор қилиш керак. Бу – биринчи шарти.
Иккинчи шарти шуки, дуодан олдин чин дилдан, яхшилаб тавба қилинади. Кўпинча биз тавба қилмаймиз, тўғридан-тўғри дуога ўтиб кетамиз. Фараз қилайлик, бирор кишига ҳожатимиз тушиб турибди, лекин қачондир уни хафа қилганмиз. Бундай ҳолатда тўғридан-тўғри илтимосимизни айтолмаймиз-ку? Аввал кечирим сўраб, кейин мурожаат қиламиз: “Узр, дилингизни оғритгандим, мендан ўтди, кечиринг!..” деймиз.
Энди банда билан банданинг орасида шундай бўлгандан кейин, Аллоҳ билан банданинг орасида қандай бўлиши керак?!
Биз ҳаммамиз қусурга йўл қўйган гуноҳкорлармиз – Аллоҳнинг ҳузурида айбларимиз жуда кўп, лекин биз айбларимизни тан олмай туриб, улар учун авф сўрамай туриб талаб қиламиз. “Ҳаққимиз” деймиз, Аллоҳнинг “Сўраса – бераман” деган ваъдаси бор, деймиз. Аммо ўзимиз нима қиляпмиз, гуноҳларимиз қанча, буни ўйламаймиз. Демак, аввал астойдил тавба қилиб, истиғфорни кўп айтиб, ундан кейин сўраш керак, сўралгандан кейин эса одоб билан кутиш керак. Ноумидликка тушиб: “Сўрагандим – бермади...” дейилмайди. Аллоҳ таоло хоҳлаган пайтида беради. Борди-ю, дуодан сўраганимиздан кейин беради десак, дуо қилишимиз билан бўлади десак, биз Аллоҳга эмас дуога суяниб қоламиз. Бунда Аллоҳ таолонинг ҳикмати бор: “Бандам дуо қиляпти, яхши дуо қиляпти, Менга дуо қиляпти, лекин шуни унутмаслиги керакки, барча ишлар – Менинг қўлимда!” Банда шу нарсани тан олиши , унутмаслиги керак – банда бандалик ўлчови билан сўрайди, қосир ақли билан сўраётган нарсаси ўзи учун манфаатли деб ўйлайди. Аллоҳ эса ўзига хос ўлчови ила энг хайрлисини беради. Шунинг учун дуоларда чин дилдан: “Мен бандаман, ожизман, ақлим ноқис, хайрлисини бергин!” деб сўраш керак. Яна бир нозик жиҳатга аҳамият бериш керакки, ўзга учун сўраганда қабул бўлиши осон, ўзи учун сўраганда эса ижобат бўлиши қийин. Нимага дейилса, кўпчилик учун сўралганда жамоатнинг кўпида тавба бўлмайди, шундан дуо шартига футур етяпти. Ҳозирда ҳам мусулмонлар ҳаққига қайта-қайта дуодамиз, лекин ўзгариш йўқ. Қанийди, одамлар шуни идрок қилолса, дуо қилишдан олдин ҳамма ўтириб тавба қилса!
Демак, дуодаги икки шартнинг бири – ҳис ва қалб билан ўзининг хорлиги-ю зорлигини изҳор қилиш, иккиси эса ҳақиқий тавбадан сўнг қалбдан дуо қилишдир. Дуонинг одоби – чиройли сабр билан кутиш. Мустажоб қилувчи Зот ҳақида яхши гумонда бўлиш, ўзини Аллоҳга топшириш.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганлар: “Дуо қилгандан кейин шошилмаса, ўша дуо ижобат бўлади”.
Шу ўринда талаб қилиш керакмасми, деган савол туғилиши мумкин. Талаб қилинади, лекин одоб билан илтижо билан қилинади.
Аллоҳ таоло барчамизни тавба қилувчилардан, одоб билан дуо қилувчилардан ва дуолари қабул бўлувчилардан қилсин! Омин.
Одинахон Мухаммад Юсуф