Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Фаришталар инсонлардан фарқ қилади. Уларнинг ўз ихтиёрлари йўқ, улар доимо Аллоҳга итоат қиладилар, исён қилишга имконлари йўқ. Қуръони Каримда шундай дейилган: «Осмонлару ердаги барча жонзотлар ва фаришталар фақат Аллоҳга сажда қилурлар. Улар мутакаббирлик қилмаслар. Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар» («Наҳл» сураси, 49, 50-оятлар).
Фаришталар бажарадиган ишларнинг энг аҳамиятлиси, Аллоҳнинг ваҳийсини пайғамбарларга етказишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон оятларини келтирган фариштанинг исми Жаброилдир. Қуръон уни «Руҳул Амин» ва «Руҳул қудус» деб ҳам атайди. Фаришталарнинг вазифаларидан яна бири пайғамбарларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг оғирини енгил қилишдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло Ийсо пайғамбарни Руҳул қудус билан қўллаб-қувватлаганини айтиб ўтади. Фаришталар тақводор мўмин-мусулмонларни қўллаб-қувватлаб, уларни тўғри йўлга илҳомлантирадилар. Шунингдек, фаришталар мўмин-мусулмонларнинг жонини озор етказмай олишда ҳам иштирок қиладилар. Бу санаб ўтилган ишлардан ташқари, фаришталарнинг бошқа вазифалари ҳам кўпдир.
Қуръони Каримда айтилишича, Аллоҳ таоло инсонга бир неча фариштани бириктириб қўйганки, улар инсоннинг қилган ишларини ёзиб борадилар. Ўнг томондаги фаришта яхшиликларни, чап томондагиси ёмонликларни ёзиб боради. Агар инсон шу нарсага ишонса, дунёда ҳеч ёмонлик қилмайди.
Аллоҳ таоло «Қоф» сурасида: «Зотан икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар. Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар», деган (17, 18-оятлар).
Демак, инсоннинг икки тарафида икки фаришта жойлашган ва улар инсоннинг ҳар бир амали ва сўзларини кутиб олади. Оятда уларни «икки кутиб олувчи», деб айтилмоқда.
«Вақтики икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида кутиб олурлар.»
Мазкур фаришталар содир бўлган барча ҳодисаларни ёзиб боришга вакил қилинганлар.
«Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар ».
Биз «ҳозиру нозир» деб таржима қилган икки фариштанинг арабча номи «Рақиб ва Атийд»дир. Инсоннинг оғзидан чиққан битта лафз ҳам уларнинг назарларидан четда қолмайди. Улар ҳамиша ҳозиру нозирдирлар, дарров ёзиб қўядилар.
Таъкидлаш лозимки, Аллоҳ таоло бандасининг амалларини ҳисоб-китоб қилишда бу икки фариштанинг ишига муҳтож эмас. Ўзи ҳамма нарсани комил илми ила билиб туради, ҳаттоки, аввалги оятларда айтилганидек, одамнинг хаёлидан ўтган нарсаларни ҳам билади. Мазкур фаришталарнинг ёзиб боришининг бошқа ҳикмати бор, Қиёмат куни инсонга ҳужжат сифатида кўрсатиладиган номаи аъмол ушбу фаришталар ёзган ёзувлар бўлади. Бунга иймон келтириш эса ҳар бир банданинг кўпроқ яхшилик қилишига, ёмонликдан янада кўпроқ четланишига сабаб бўлади.
Ушбу мавзуда кўплаб ривоятлар келган, шулардан баъзилари билан танишиб чиқсак, тушунчаларимиз мукаммалроқ бўлади.
Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладики, у зот: «Бирор сўз айтмас, магар ҳузурида ҳозиру нозир борлар» ояти ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гапи ёзиб борилади. Ҳаттоки, едим, ичдим, бордим, келдим, кўрдим кабиларни ҳам. Пайшанба куни унинг иши ва гапи арз қилинади, яхшилиги, ёмонлиги бори қолдирилиб, қолгани ташлаб юборилади», деган эканлар.
Имом Ҳасан Басрий «...ўнгда ва чапда ўтирган ҳолларида...» оятини ўқиб туриб: «Эй, одам боласи, сенинг саҳифанг очилди, икки ҳурматли фаришта сенга вакил қилинди, биттаси ўнг тарафингдаги яхшиликларингни ёзади, иккинчиси чап тарафингдаги ёмонликларингни ёзади, нимани хоҳласанг, қилавер, озми, кўпми. Вафот этганингда, саҳифанг беркитилади, қабрингда бўйнингга осиб қўйилади. Қиёмат куни шундай ҳолда қабрингдан чиқасан...» деган эканлар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ўлим тўшагида инграб ётганларида, Товус розияллоҳу анҳудан: «Фаришта ҳар бир нарсани, ҳатто инграшни ҳам ёзади», деган ривоятни эшитибдилар-у, дарҳол инграшни тарк этиб, шу билан то жон таслим қилгунларича инграмаган эканлар.