Аллоҳни таниш йўлининг очилиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки албатта, уни сенга Ўзини танишингни ирода қилиб очди. Билмадингми, албатта, У Зот сенга маърифатни етказувчидир. Амалларни эса сен Унга тортиқ қилувчисан. Сен Унга тортиқ қилаётган нарса қаерда-ю, У зот сенга етказган нарса қаерда?

Бу ҳикмат орқали Аллоҳ таолонинг маърифатига етишим амалим туфайли, деб қолмасли учун бандага ишора қилинади. Аллоҳ таоло берган нарса билан биз қилаётган амални солиштириб бўлмайди. Маърифат – бу Аллоҳ таолони таниш бўлиб, ичига кўп нарса: шариат, ақийда, иймон, ибодатларни билиш, Расулларни таниш кабиларни олади. Банда Аллоҳни танигандан кейин Унинг амрларини, қайтариқларини ҳам билиб бораверади.

Аллома Бутий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, Аллоҳни таниш икки йўл билан ҳосил бўлади:

Биринчиси, банданинг ҳаракати билан. Бир инсон ёшлигидан илм олгани, ибодат қилгани сари Аллоҳга етиб боради. Илмни ҳам Аллоҳнинг розилигини оламан, Аллоҳга етаман, деб ўрганиб боради. Аллоҳнинг Каломини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганади. Фиқҳни, руҳий тарбияни ўрганади. Шариатни билган сари Аллоҳга яқин бўламан, маърифатим кучайган сари, бандаликни мукаммал адо этаман, деб ҳаракат қилади. Бу иш муттасил ҳаракат билан амалга ошади. Кўпчилик инсонлар, жумладан, олимлар ҳам шу йўлдан борадилар.

Иккинчи йўл эса Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади, худди чақмоқ ургандай, битта таъсир билан майдонга келади. Бунда амалнинг озлиги эътиборга олинмайди. Ҳар хил диний ёки дунёвий юмушлар билан машғул бўлиб юрган одамга Аллоҳ Ўзи маърифатини етказиб қўйиши мумкин. Ўша етказиш турли хил усуллар билан бўлади. Масалан, касаллик, офат, касодга учраш, яқин одамидан ажраш каби қийинчиликлар ортидан қалбини очиб, Аллоҳ Ўзини танитиб қўяди. Бу каби ҳолатлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайтларида ҳам ҳозир ҳам учраб туради. Ҳадислардан биламизки, бир қўпол аъробий одам келиб, кишиларга қўполлик қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўрганидан кейин ҳалим, юмшоқ одамга айланиб, чиқиб кетган.

Умар розияллоҳу анҳу ҳам қилич кўтариб, чопиш ниятида келиб, қалбларига оят таъсир қилгач, бошқа одамга айланиб, ортга қайтганлар. Жаббор, озор берувчи киши бўлиб турганларида, Исломдаги энг одил одамга айланганлар. Фузайл ибн Иёз ҳам кечанинг бир лаҳзасида, битта оят таъсирида бутунлай бошқа одамга айланганлар. Тасаввуф, ҳадис илмида чўққиларга чиққанлар. Умрларининг охиригача ердан нигоҳларини кўтармаганлар, ҳузун устун келган. Ким кўрса, йиғлайдиган, охиратни эслатадиган одам бўлганлар. Шу қаторда Муғалиб ибн Динор ҳам катта тобеин, ҳадис ривоят қилган одам бўлганлар. Яна Абдуллоҳ ибн Муборак ҳам бир қанча илмларда, ҳадис ривоят қилиш, диний, шаръий ҳукумларда исми келган машҳур олимлардан ҳисобланадилар. Робият ул-адавийянинг аввалги ҳаётлари қандай бўлган, кейингиси-чи?! Ҳатто эркаклар ҳам у кишининг мақомларига ҳавас қилганлар. Бундай мисоллар тарихда жуда кўп. Яъни бунда Аллоҳ таоло Ўзи йўл очиб қўяди.

“Зикр аҳлидан сўранг”, “Динда саволим бор” рукнларимизга ҳам кишилар “Намозларимга эътиборсиз эдим”, “Касал бўлдим” ёки “Ёнимда бир инсон вафот этди”, “Яшашдан мақсад нима эканлигини тушундим”, “Китобларни олиб, ўқий бошладим”, “Бошқа одамга айландим” кабиларни ёзиб туришади. Шайх Бутий раҳматуллоҳи алайҳнинг кунда-кунора ичадиган бир қўшнилари бўлган экан. Атрофдагилар ҳар куни хамрдан насибаси бор, энди одам бўлмайди, деган хаёлга бориб бўлишган. Бир куни Ҳазрат Бутий бомдод намозига чиқсалар, у киши биринчи сафда ўтирганини кўрдилар. Шу билан у киши охиригача чиройли ҳолатда кетган экан. Бир куни устозимиз қизиқиб, зиёратларига кириб, сабабини сўрайдилар. Қўшниси авваллари ичган ҳолида, ёнида ичкиликлар турса ҳам “шундан қутулишимга ёрдам бер”, деб Аллоҳдан ёлвориб, йиғлаб сўрар экан…

Шунинг учун ҳам ҳеч бир бандага ҳукм чиқариб, “бўлди, бунинг охирати куйди”, деб бўлмайди. Инсон ўз ҳаракати билан эришган ҳолат ҳам қандай яхши, лекин унда қусурлардан холи бўлиш қийин, амалига суяниб қолиш, риё, ўзига ишониб қолиш, ғурурга кетиб қолишлар бўлади. Бу узун машаққатли йўл бўлгани учун хатолардан холи бўлмайди. Иккинчи ҳолатда эса аввалги гуноҳлар ҳикмати уларни ушлаб туради ва ҳидоят берилгандан кейин мустақим кетадилар. Аллоҳ хоҳлаган бандасига бериб қўяди. Бу йўлда Аллоҳ кимнидир танлаб қўяр экан, қолган бандалар хоҳлаганини қилаверсин, дейиш мутлақ хато, чунки Аллоҳ таоло қалбининг тубида надомати бор бандаларини танлайди. Аллоҳга куфр келтирганларга эса осмоннинг эшиги ҳаргиз очилмайди.

Хулоса шуки, умид қилишдан тўхтамаслигимиз лозим. Бандалигимизни ўрнига қўйиб, Аллоҳнинг олдида хору зор бўлиб туришимиз керак. Қўлимизда ҳеч вақомиз йўқ, ўлимга бир лаҳза қолганда ҳам Аллоҳ таолодан қўрқишимиз керак. Яратган барчамизни гўзал мартабаларга лойиқ кўрсин, қалбимизга солсин, қалб кўзларимизни очсин! Омин.

Одинаҳон Муҳаммад Юсуф

Мавзуга оид мақолалар
Бухоролик олим муҳаддис, фақиҳ Абдуллоҳ Субазмуний ваф. 340952 й. ўзининг «Кашф алосор фи маноқиб Аби Ҳанифа» давоми...

21:00 / 28.12.2019 2892
Ёлғон ростнинг тескариси бўлиб, истилоҳда воқеликка тўғри келмайдиган гапсўзга давоми...

10:27 / 14.12.2018 2881
Африканинг Малави давлатида муслималар олий даражада қўллабқувватланди. Ўтган дам олиш куни Малави давоми...

12:02 / 16.11.2017 4992
 Ушбу мавзу ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Билингки, одоб илм таҳсилидаги энг асосий омиллардан биридир. давоми...

21:20 / 02.02.2017 7237