Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Тафсири Ҳилол” китобидан Шайх Ҳазратларининг сўзлари:
“Аллоҳ таолонинг каломи тафсири ҳақидаги ушбу камтарона уринишни қиблагоҳим Муҳаммад Юсуф ҳожи ва онажоним Собирахоним Тилакберди қизи раҳматуллоҳи алайҳимоларга бағишлайман. Ҳақ таолодан у зотларни мағфират айлаб, жойларини жаннатдан қилишини тилаб дуолар қиламан. Муҳтарам ўқувчилардан отамиз ва онамиз ҳақларига дуолар умидидаман”.
Ҳазратнинг ушбу дуоларини Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилган бўлсин. У зот ёзиб кетган китобларини биз ўқувчилар ўқиб-ўрганишимизда ҳосил бўлган савобларни уларга дастурхон айласин. Омин.
Мана шундай буюк инсон дунёдан ўтиб кетганларидан кейин шундай инсон билан замондош бўлатуриб жуда катта ишлар қилиб кетганларини кеч англаб етганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Лекин энг ачинарлиси шундаки, бу улуғ инсонни ҳаётлик пайтларида қилган улкан ишларини кўра-била туриб, қадрламаган инсонлар ҳам борлиги аянчли. Инсонлар бу дунёга меҳмондир, бир-бирига эса ғанимат, шундай экан ён-атрофимизга боқиб бир-биримизни қадрлаб яшамоғимиз керак. Балки бу сўзларимиз кимлар учундир танишдек туюлар, лекин улуғлар ҳаёти қайта-қайта зарварақларга битилаверади.
Ёзишга мен ҳақлиманми?.. Буларни ёзишим тўғрими-нотўғрими, билмайман...
Лекин оқ қоғозни қораларканман, бундай улуғ инсонларнинг ҳаётларидан ибрат олишимиз учун эшитганларимни ва ўқиганларимни бошқаларга ҳам етказгим келди.
Менга Ҳазратнинг ота-оналарини кўриш насиб қилмаган бўлса ҳам уларнинг набира келинлари бўлиб, зурриёдлари билан бирга яшаш бахтига муяссар бўлдим, алҳамдулиллаҳ.
Ушбу оилага келин бўлишимга Шайх ҳазратлари ҳамда Ҳожи она сабабчи бўлишган. Аллоҳ таоло Ҳазратнинг охиратларини обод қилсин. Ҳожи Онамизнинг эса умрларини зиёда қилсин!
Ҳазратнинг ота-оналари ўта тақводор, сабрли, Аллоҳга таваккуллари кучли инсонлар бўлишгани билан бирга бошқа бебаҳо хотираларни менга ойижоним сўзлаб берганлар. Ойижоним бу инсонларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олган энг бахтли аёллардан бири бўлганлар.
Абу Довуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди…” деганларини эшитдим”, деганлар.
Ҳожи Дада инсонларга: “Икки дунё саодатига эришиш учун илм ўрганиб, унга амал қилиш билан эришилади. Бу дунё меҳнатлари билан банд бўлган пайтимизда ҳам қалбимиз Аллоҳнинг зикридан тўхтамаслиги керак”, дер эдилар. Ҳожи Она ҳам илмга жуда ҳарис бўлиб, ўқиганларига ва эшитганларига амал қилар ва бошқаларга ҳам билганларини ўргатар эдилар. Ҳожи Дада набираларининг илмли бўлишлари учун жуда кўп меҳнат қилиб, уларнинг илк устозлари ҳам ўзлари бўлганлар. Ҳатто набираларининг ҳаж амалларини адо қилишларида ҳам ўзлари етакчи бўлганлар. Бир куни: “Қизим, сиз болаларнинг илм олишларига шароит яратиб беринг. Ота-она қийинчиликни ўз бўйнига олиб меҳнат қилса, кейин болалар илмли бўлади”, деган эканлар.
Ўзлари толиби илмларни ниҳоятда қадрлаб, уларга кўп эҳсон қилардилар. “Илмни чин ихлос билан ўрганиш керак”, дердилар. Улар илм аҳлининг ҳаққига доимо дуода бўлганлар. Ўзлари ҳам талабалик даврларида устозларининг хизматларини қилиб, дуоларини олишга мушарраф бўлганлар. Устозлари у кишининг ҳақларига: “Ўзингиз ҳам олим бўлинг, фарзандингиз сиздан-да олимроқ бўлсин!” деб дуо қилган эканлар.
Мана ихлос билан қилинган дуонинг ижобати.
Ҳожи Дада ўта ибодатли инсон бўлганлар. Бир гал бетоб бўлиб, даволаниш учун шифохонада ётадилар. У ерда ҳам фарз намозларни вақтида адо қилиб, ҳатто нафлларни ҳам канда қилмабдилар. Буни кўрган шифокор шундай дебди: “Ҳожи Дада, ҳозир нафл намозларни ўқимай туринг, фарзни эса ўтириб ўқинг”. Шунда Ҳожи Дада: “Сизлар ўз бошлиғингиз олдида тик турасиз, буйруқларини сўзсиз адо этасиз. Мени Яратган, ризқлантирган Роббим олдида тик турмасдан, нега энди ўтириб ибодат қилар эканман?” дебдилар.
Шифокор яна тушунтирмоқчи бўлиб: “Ҳозир бетобсиз, сизга жонингиз керак эмасми?” дебди.
Шунда Ҳожи Дада: “Жоним менда чидаса, турсин!” деган эканлар.
Абу Шурайҳ Каъбий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин…” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Улар жуда меҳмондўст бўлишган, меҳмонларини икром қилиб, эъзозлашар, Ҳожи Дада эса меҳмонлари билан илмий суҳбатлар қуриб, албатта, уларни таомлантирар, кетаётганларида эса ҳадялар бериб жўнатар эдилар.
Ҳожи Дада: “Рўзғор харажатлари биз эркакларнинг бўйнимиз. Биз олиб келяпмизми, исроф қилмай тасарруф қилиш сиз аёлларнинг вазифангиз. Агар исроф қилсангиз, охиратда сизлар жавоб берасизлар, гуноҳи сизларнинг бўйнингизда бўлади”, дея огоҳлантирар эдилар.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Енглар-ичинглар, исроф қилманглар!”
Бу инсонлар ушбу ояти каримага қаттиқ амал қилиб яшашган.
Мен Ҳазратимизнинг оналарига атаб йиғлаб ёзган марсияларини йиғлаб ўқир эканман, “Биз ҳам шундай фарзанд, шундай она, шундай аёл бўла олармикинмиз?” деган савол қалбимни ўртади. Бу ўтли нидоларни ўқиганда қалблар жумбушга келади. Ҳақиқатан уларда тақво, сабр-тоқат, сахийлик, дуогўйлик, меҳмондўстлик, силаи раҳм ҳамда эрга итоат қилиш сингари мўминалик сифатларининг барчаси мужассам бўлган экан.
Ҳожи Она вафот қилганларида Ҳожи Дада йиғлаб:
“Эй халойиқ, эшитиб қўйинглар, гувоҳ бўлинглар! Мен бу аёлдан минг маротаба розиман. Мен бир чизиқ чизиб, мана шундан ўтманг, деганимда аёлим чизиқдан ўтиш у ёқда турсин, ҳаё қилиб, ундан бир қадам орқада турар эди. Аллоҳ у дунёда жойини жаннатнинг тўрида қилсин!” деган эдилар.
Ҳожи Она қийинчиликларга ҳамда фарзанд ҳижронига гўзал сабр қилиб, уларнинг ҳаққига доимий дуода бўлганларининг самараси шу даражада улкан бўлдики, Ҳожи Она вафот этганларида Ҳазратимиз олисларда туриб бу машъум хабардан қалблари ларзага келган бўлса, Ҳазрат дунёни тарк этганларида дунё ларзага келди!..
Аллоҳ таоло Қурони Каримда шундай марҳамат қилади:
“Ҳар бир нафс ўлим шаробини тотгувчидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят).
Ҳожи Дада ўзлари ният қилганларидек, руҳларининг қабз қилиниш вақт-соати етганида, жума куни Аллоҳнинг уйида ўзлари қирқ беш йил Ислом умматига сафнинг бошида туриб имомлик қилган масжидларида хутба қилаётиб, жон бердилар...