Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта дуо қайтарилмайди: ота-онанинг дуоси, рўзадорнинг дуоси, мусофирнинг дуоси», деб марҳамат қилганлар.
Нажд ерларида яшовчи бир аёл бор эди. У ифтор олдидан ҳамма болаларини жамлаб: «Эй Роббимиз, бизга олдида анҳори бор шоҳона уй бер», деб дуо қиларди. Фарзандлари ҳам оналари билан дуони такрорлашарди. Эри эса: «Шоҳона уй-ку, майли, аммо олдида қандай дарёси бўлсин?! Ахир, биз саҳрода жойлашган шаҳарда яшаймиз-ку!» деб куларди. Аёли «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман» оятини ўқиб: «Аллоҳдан истаганимни дуо қилиб сўрайман, албатта, ижобат қилади, У карамли Зот», дерди.
Она ва фарзандлар Рамазон ойи бўйи иймон ва ишонч билан дуо қилдилар. Рамазон тугагач, эр: «Уй қани, анҳор қани?!» деб истеҳзо қилди. Аёл доимгидек ишонч билан: «Роббим, албатта, беради, мени ноумид қайтармайди!» деди.
Аёл қолган воқеани сўзлаб айтади: «Шаввол ойининг олти кунлик рўзасини тугатганимда ажойиб ҳодиса содир бўлди. Эрим масжиддан аср намозини ўқиб чиққанида Риёд шаҳри бойларидан бўлган бир нотаниш киши келиб салом берди ва: «Менинг бир уйим бор. Аллоҳ фазли ва раҳматидан менга кенглик берди. Биз ҳозир бу уйдан беҳожатмиз. Мен уйни биринчи кўрган кишимга бераман, деб ният қилгандим. Уй сизга!» деди.
Рамазондан кейин Риёднинг олий минтақасидаги уйга эга бўлдик. Лекин хаёлимни бир ўй эгаллаб олганди: «Аллоҳдан олдида анҳори бор уй сўрагандик, уй-ку мана! Лекин анҳор қани?»
Шу ўй туфайли бир шайх билан суҳбатлашдим.
– Аллоҳ таоло: «Менга дуо қилинг, ижобат қиламан!» демаганми?
Шайх:
– Ҳа, шундай, – деб тасдиқлади.
– Эй шайх, бутун Рамазон бўйи Аллоҳдан олдида анҳори бор уй сўрагандим, мана уй, аммо дарё қани?»
Шайх дуодан ажабланди. Аёлнинг Аллоҳдан сўраган нарсасини аниқ беришига бўлган ишончидан ҳайрати янада ошиб сўради:
– Ҳозир уйингиз олдида нима бор?
Аёл:
– Масжид бор, – деди.
Шайх кулиб деди:
– Ана ўша анҳор-да! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Агарда бирортангизнинг остонангизда анҳор оқса-ю, у унда ҳар куни беш маҳал ғусл қилса, унда бирор кир қоладими?» дедилар. Саҳобалар: «Ҳеч ҳам қолмайди», дейишди. Шунда Расули Акрам: «Ана ўша беш маҳал намоз кабидир, Аллоҳ у билан хатоларни кетказади!» дедилар.
Албатта, Аллоҳ таоло ўша саҳро ердан анҳор чиқариб қўйишга қодир Зот, лекин аёлга дунё анҳорларидан-да афзалини берди. Намоз ҳар бир мўмин учун чучук анҳор суви кабидир, ўша анҳорда дунё машаққату чарчоқларидан холи бўлади...
Салафи солиҳлар Рамазон ойида хос дуоларни жамлаб, саждаларида, намозларидан сўнг, ифтор олдидан, саҳар вақтларида дуо қилардилар.
Сизлар Карамли Зотдан сўрамоқдасизлар. Рамазон ойида дуода бардавом бўлинг, иншааллоҳ, кейинги Рамазонга Аллоҳнинг изни ила барча ҳожатларингизга эришган ҳолда етасиз.
Араб тилидан Муслима Зоҳиджон қизи таржимаси