Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазоннинг биринчи куни нохуш бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Ҳижоб ўраган бир аёл кўчада тўкилиб ётган тутларни териб оғзига солар, гўё ҳеч нарса бўлмаётгандай атрофига эринчоқлик билан қараб ҳам қўярди. Рамазон куни одамлар ўтиб турган кўчада унинг бемалол мева териб ейиши бир таажжубимни оширган бўлса, эгасидан сўрамай еяётгани янада ҳайратга соларди. Бунинг устига ҳижобдаги аёл…
Кўпгина хорижий ўлкаларда, ҳатто мусулмонлар озчиликни ташкил этадиган юртларда ҳам Рамазон ойининг ҳурмати, рўзадорларнинг эҳтироми масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Рамазон ойида Эрон, Сурия, Урдун, Саудия Арабистони, Туркия каби мамлакатларда сафарда бўлганимда у ерларда муқаддас ой ҳурматидан кундузлари барча ошхоналар беркитиб қўйилишини, фақатгина рўза тутишда узри борлар ва мусофирлар учун ташкил этилган ошхона-ю емакхоналар одамлар кўзидан пана жойларда, эшик ва деразалари ёпиқ ҳолда иш олиб боришини кузатганман. Аҳолисининг катта қисми ғайримуслим бўлган Ҳиндистонда ҳам рўзадорлар нохуш ҳолга тушмасинлар, деб кундузи ошхоналарнинг деразалари парда билан ёпиб қўйилади. Асри саодатда Мадинада яшаган яҳудийлар рўзадорларга малол келмасин, деб кўчага ўйнагани кетаётган болаларининг қўлига емак беришмаган экан!
Бундан анча йил олдин Намангандаги «Атлас» комбинатида ишлаб юрганимда комбинатни текширгани Масковдан бир вакил келди. Уни олиб юриш менга топширилди. Ўша кунлари рўзадор эдим, мияда меҳмонни қаерга тушликка олиб бориш ва қандай овқатлантириш ташвиши. Хайриятки, унинг ўзи жонга ора кириб қолди. «Билишимча, ҳозир сизларда пост пайти (рўза демоқчи) экан. Шунинг учун ошхонага тушликка бориб ўтирмасак, меҳмонхонада енгилроқ бирор нарса еб оларман», деб таклиф киритиб қолди. Ғайримуслим бўлган рус кишисининг ўзбек мусулмонлари риоясини қилиб ва рўзадорларга ҳурматан бундай йўл тутиши, гапнинг рости, ўшанда мени тўлқинлантириб юборганди.
Энди нигоҳингизни бугунги кунимизнинг ажиб манзараларига қаратмоқчиман. Рамазон ойи кирган, ёзнинг чилласига қарамай, кўплаб мусулмонлар Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, рўза тутишган. Сиз ҳам рўзадорсиз. Кўчада ишга ёки юмушингизга кетяпсиз. Ҳар қадамдаги ошхона ва ресторанлардан чиқаётган таомларнинг тутуни ва ҳиди димоғни ёрай дейди. Бу ҳам етмагандай, «Кепқолинг барра кабобларга, заказной сомсаларга!» деган ноўрин чорловлар… Тоғни урса, талқон қиладиган йигитларнинг рўзадорлар кўз ўнгида бемалол таом еб ўтиришлари ёки чанқовбосди ичимликларни симириб юришлари ёхуд башарангизга тамаки тутунини пуркаб ўтишлари одамга аллақандай эриш туюлади…
Бирор нарса харид қилиш учун бозорга кирсангиз, яна нохуш ҳолатлар. Ўрик ё олма сотаётган сотувчи молини ўтказиш учун «Ишонмасангиз, мана тотиб кўринг!» деб сизни мевадан еб кўришга чорлайди.
Рамазон кириши билан барча ошхоналар ёпилиши керак, деган фикрдан мутлақо йироқмиз. Чунки узрлилар бор, қария ва беморлар бор, мусофирлар бор, ғайридинлар бор. Улар рўза тутишмайди, кундузи овқатланишлари керак. Бу ерда гап Рамазон ойининг ҳурмати, рўзадорнинг эътиқоди эҳтироми ҳақида бораётир. Одамлар эътиқодини ҳурмат қилиш эса маданиятнинг бир белгиси, жамият бирдамлигининг асосидир.
Сўзимизни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадислари билан якунлашни истадик. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар инсонлар Рамазон ойидаги мукофотлар, савоблар, неъматлар ва раҳматларни билишса эди, Рамазоннинг йил бўйи давом этишини хоҳлаган бўлишарди», деганлар.
Ўзлари рўза тутмагани бир ёқда қолиб, рўзадорларнинг эътиқодини ва ҳурматини поймол қилаётганлар бу ҳақда бир ўйлаб кўришса, ёмон бўлмасди.
Аҳмад МУҲАММАД