Рўзадор аёллар учун макруҳ амаллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзадор аёллар учун макруҳ амаллар

Мағфират ва баракот ойи бўлмиш Рамазон фаровон юртимиз бўйлаб ўз шукуҳини кўрсатмоқда. Халқимизнинг юзларидаги мамнуният, бир-бирларига эҳсонлар улашишларидаги шижоатларининг янада зиёда бўлгани бунинг яққол далилидир. Мусулмонлар Рамазон ойида қилинган ҳар бир яхшиликнинг савоби бир неча баробар кўпайтириб берилишига умид қилган ҳолда ҳаракат қилмоқдалар. Оналаримиз, опа-сингилларимизнинг ўзлари  рўзадор бўла туриб ифторлик ва саҳарликларга турли таомлар тайёрлашлари, албатта, таҳсинга лойиқдир. Аммо баъзи ҳолларда таом тайёрлаш асносида уларнинг овқатнинг тузини билиш учун татиб кўраётганларига гувоҳ бўлиб қоламиз. «Сиз рўзадорсиз-ку!» деган гапимизга «Татиб кўрса, ҳеч нарса қилмайди...» деган жавобни оламиз. Тўғри, рўза таом татиб кўрганлик  сабабли очилиб кетмайди, аммо бу макруҳ  ҳисобланади.

Изоҳ: макруҳ – ман қилинган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади, қилган одам эса гуноҳкор бўлади. Шу сабабли рўзадор кишига макруҳ бўладиган ишларга алоҳида тўхталишни лозим деб билдик. Бу хусусда фиқҳий манбаларда ёзилган ҳукмларни келтирмоқчимиз.

  1. «Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир»[1]. Бунда нарсаларнинг ичкарига кетиб қолиб, рўзани бузиш хавфи бор. Яна бошқа инсонлар кўриб, рўза тутмаган экан, деган гумонга бориб қолишлари мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, туҳмат мақомларига яқинлашмасин», деганлар.

Демакки, бундай ҳолатлардан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз керак бўлади.

  1. «Фақатгина ёш болага зарурат юзасидан овқат чайнаб бериш макруҳ эмас». Бу ҳукм бироз шарҳни талаб қилади. Агар онанинг сути фарзандини тўйдиришга етарли бўлмаса, ёш боланинг оч қолиш эҳтимоли кучли бўлса, шу ҳолатдагина она чайнаб беришига рухсат берилади[2]. Бу вазиятда ичкарига таомнинг кетиб қолишидан эҳтиёт бўлиш зарур. Сўнг оғизни сув билан чайиб юбориш тавсия қилинади.
  2. «Рўзадорга ўпиш, агар ортидан бирор нарса бўлиш хавфи бўлса, макруҳдир». Бунга қучоқлашиш, ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган барча ишлар киради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлашиши ҳақида сўради. Унга рухсат бердилар. Бошқа биров у зотнинг ҳузурларига келиб (бу ҳақда) сўраган эди, уни қайтардилар. Қаралса, у зот рухсат берган киши чол экан, қайтарган шахс эса йигит экан».

Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган[3].

Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи шаръий ҳукмларни баён қилишда кишиларнинг шахси ва ёшини ҳам эътиборга олганлари кўриниб турибди. Қари чол кампирини қучоқлагани билан рўзасига путур етадиган даражада шаҳвати қўзғалмаслиги аниқ. Ёш йигит эса бу иши билан рўзаси очиладиган даражага етиши турган гап. Демак, рўзадорнинг бу борадаги ҳукми унинг ҳолига қараб берилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам рўзадор ҳолларида ўпар ва қучоқлар эдилар. У зот ичингизда энг шаҳватига молик эдилар».

Демак, бу масалада шаҳватга молик бўлиш асосий меъёр экан.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг шогирдлари Имом Муҳаммад: «Ўпишлик мутлоқ макруҳдир. Чунки бу фитнадан холи эмас. Яъни, бу шаҳватга олиб борувчи йўлдир», деганлар[4].

Хулоса қилиб айтганда, рўзадор одам рўзаси очилиб кетишига олиб борувчи ҳар қандай шубҳали ишларни ва рўзага шикаст етказадиган амалларни қилмаслиги маъқул.

Рамазон онларини тинч-осойишта, юртимизда хотиржамликда, оиламиз ва яқинларимиз даврасида, тўкин дастурхон атрофида ўтказаётганимиз Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматидир. Бу неъматлар учун Аллоҳга чексиз шукрлар бўлсин. Барчамизга ушбу ойда кўплаб ажрларга эга бўлиш насиб этсин.

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар билим

юрти ўқитувчиси Гаипова Жозиба

[1] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. «Нуқоя Мухтасари Виқоя». Мовароуннаҳр, 1991.

[2] Нажмиддин Муҳаммад Дарконий. «Ихтисори ривоя ала Мухтасари Виқоя». Байрут-Лубнан: Дарул кутуб илмия. 1-жилд.

[3] Нажмиддин Муҳаммад Дарконий. «Ихтисори ривоя ала Мухтасари Виқоя». Байрут-Лубнан: Дарул кутуб илмия. 1-жилд.

[4] Ўша манба

Мавзуга оид мақолалар
Уламою ҳукамолардан шундай сўзлар нақл қилинган «Бу дунё уч кундан иборат 1. Кечаги кун, у ўтиб кетиб бўлди, давоми...

06:13 / 27.12.2016 3136
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят «Набий соллаллоҳу давоми...

20:07 / 18.11.2016 3789
Нусайба бинти Каъб бин Амр умму Аммораҳ ансорий «Қачон ўнгимга ёки сўлимга қарасам, мени ҳимоя этиш учун давоми...

11:38 / 27.02.2017 3629