Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Болаларда Аллоҳга муҳаббат пайдо қилиш
Биз фарзандларимизни тарбия қилишга қанча ҳаракат қилмайлик, барибир улар ўзимизга ўхшашади. Бошқа тарафдан, биз катталар ўз устимизда ишлаб, қайта тарбиялаш билан шуғулланиб, одамларининг энг яхшисига (Пайғамбаримизга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин) ўхшашга ҳаракат қилишимиз зарур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан у зот болалар билан Яратганнинг уларга бўлган муҳаббати ҳақида кўп суҳбатлашганлари борасида бир қанча мисолларни кўришимиз мумкин.
Кичик ёшдаги болалар қўрқув ва нафрат тушунчаларини буткул бошқача қабул қиладилар. Уларнинг бой фантазиялари ҳамма нарсани бўрттириб юборади. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом кичкина болалар билан фақат Унинг муҳаббати ва раҳмати ҳақида гаплашардилар.
Кейинчалик болалар улғайиб, қабул қилаётган маълумотлари ва ҳаракатларини танқидий баҳолашни ўрганганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бошқача насиҳат қилар эдилар. Бундан кўриниб турибдики, фарзандларимиз катта бўлишгач, Аллоҳга мақбул бўлмаган амаллар, Унинг қаҳрига дучор бўлмаслик учун нималарни четлаб ўтиш кераклиги ҳақида суҳбатлашишимиз мумкин экан.
Ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар бир бола қалбига Аллоҳга нисбатан муҳаббат жойланган ва у ёлғиз Яратганнинг Ўзигагина суянишга ўрганган. Ота-оналарнинг вазифаси – болалардаги бу ҳолатни сақлаш, мазкур хислатни «тарбиялаб, катта қилиш» ва мустаҳкамлашдир. Хўш, буни қандай амалга ошириш мумкин?
- Биринчи навбатда бизда мавжуд бўлган барча яхши нарсаларни Аллоҳ билан боғлашимиз лозим.
Фарзандингизга совға ёки ширинлик улашаётганингизда доим шу каби сўзларни айтишингиз керак: «Аллоҳ сени бунчалар яхши кўрмаса! У ўта сахий Зот!»
Аммо бундай сўзларни нафақат янги нарса олганда, балки кундалик ҳаётда тез-тез такрорлаб туриш керак: «Аллоҳ бизни жуда яхши кўради, У бизга сайр учун ўта ёқимли об-ҳаво берди!», «Аллоҳ севувчи, У барчамизни бир жойга йиғди», «Аллоҳ сени яхши кўради, қара, сенда қанча кийимлар (ўйинчоқлар, китоблар, билим, ўртоқлар) бор, ахир бу ҳаммага ҳам насиб этмаган-ку!», «Аллоҳ сени жуда яхши кўради-да, У сенга бугун кўплаб қизиқарли машғулотларни ато этди!» ва ҳоказо.
- Кун давомида сиз ўзингиз кўравериб ўрганиб кетган, унчалик эътибор бермайдиган неъматларга имкон қадар кўпроқ аҳамият беришга ҳаракат қилинг! Доим эга бўлган нарсаларимизга шукр қилишимиз болага нима учун Аллоҳ бизни бой ва камбағал ҳолатимизда ҳам яхши кўришини тушунтиришимизга ёрдам беради.
- Аммо бола фақатгина яхши нарсаларни Аллоҳ билан боғлашга ўрганиб қолмаслиги учун Парвардигор бизга синов учун юборган ҳолатларни ҳам таҳлил қилишимиз керак: «Аллоҳ сени бугун хафа ҳолатга туширишининг сабаби сени яхши кўришидадир. Ҳа, У сени яхши кўради, ғазабингни жиловлашни ўрганишингни хоҳлайди. Жаҳлини тия олганларга қандай мукофотлар берилишини биласанми?!»; «Сен бугун оғриқни ҳис қилдинг, бу Аллоҳнинг хоҳиши, албатта. Сабабини биласанми?! Чунки У сени жуда яхши кўради, ахир кимда-ким ҳатто зирапча киришига сабр қилса, бу иши эвазига Аллоҳ унинг гуноҳларини ўчиради»; «Аллоҳ бизга дард берса, бизни яхши кўрганидан беради, ахир у туфайли жаннатдаги мақомимиз кўтарилади!»
- Фарзандларингиз билан беморлик, ғам-ташвиш мавзулари баён этилган ҳадиси шарифларни биргаликда ўқиб, муҳокама қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: «Мўминнинг ҳолати ажиб! Унинг ҳар бир ҳолатида хайр бор ва бу неъмат фақатгина мўминларгагина берилган. Агар унга яхшилик етса ва у шукр қилса, бу унга савоб келтиради. Агар унга ғам-ташвиш етса-ю, унга сабр қилса, бу амали ҳам савоб келтиради» (Имом Муслим ривояти).
- Аллоҳга муҳаббат ҳосил қилишнинг яна бир муҳим омили – бу Қуръони Карим тиловатидир. Қуръони Каримни ўқиш боланинг қалбини ёриштиради. Бундай болаларга Аллоҳнинг назари тушиб, Унинг нигоҳида (кўз остида) тарбияланадилар. Бу Қуръони Карим оятларида ўз тасдиғини топган:
«…Ва сенга Ўзимдан муҳаббат солдим. Буни кўз олдимда етиштирилишинг учун (қилдим)» (Тоҳа сураси, 39-оят).
- Пайғамбарлар қиссаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромларнинг тарихлари ҳақида кўпроқ ўқинг. Уларга келган синовлар тўғрисида суҳбатлашинг, фарзандизга Аллоҳ уларни яхши кўргани учунгина синовлар юборганини тушунтиринг. Набий алайҳиссаломнинг сафдошлари ҳаётлари яхши пайтида кўпроқ ташвишланиб: «Аллоҳ бизларга синов юбормай қўйди, У Зот бизни унутди», дея ҳавотирга тушиб қайғурардилар. Чунки улар ғам-ташвишлар берилган пайтда сабр қилишнинг мукофотини яхши билар эдилар-да!
- Ўзингиз шукр қилувчи банда сифатида фарзандизга намуна бўлинг. Уларнинг ризқлари ҳалол бўлишига алоҳида аҳамият беринг. Бунда нафақат таомнинг таркиби, балки уни сотиб олишга сарфланган маблағ ҳам ҳалол йўл билан қўлга киритилган бўлиши керак. Бу мусулмонлар учун жуда муҳим, чунки ҳаром луқма бутун организм: юрак ва ақлий фаолиятга ҳам ўз таъсирини ўтказади.
- «Аллоҳ, фарзандларимиз қалбини Ўзингга, Каломингга, Расулингга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг суннатларига бўлган муҳаббат билан тўлдир», дея Аллоҳга кўп дуо қилинг. Аллоҳ субҳанаҳу таоло ўта билгувчи Зот!
Манба:http://madrasah2.ru/chitalnyiy-zal/vospitanie-detey-v-islame-28#more-34499