Ота дуосининг мукофоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота дуосининг мукофоти

Бир кекса ота ўғли билан гаплашиб ўтирганида тўсатдан эшик тақиллади. Ўғил эшикни очиш учун бораркан, нотаниш киши уйга салом бермасдан кириб келди ва чолга қараб ўдағайлади:

– Аллоҳга тақво қил! Зиммангдаги қарзингни тўла! Энди сабрим тугади.

Йигит бу ҳолни кўриб хафа бўлди, унинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Сўнг ўзини тутиб у кишидан сўради:

– Отамнинг сизда қанча қарзи бор?

Киши:

– 90.000 риёлдан ортиқроқ! – деб жавоб берди.

Йигит:

– Отамни ўз ҳолига қўйинг! Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади, – деб ўз хонасига йўналди. Бироздан сўнг қўлида 27.000 риёл пулни кўтариб чиқди. У бу маблағни сабрсизлик билан кутаётган тўй куни учун йиғарди. Лекин ўғил отасини танг вазиятдан чиқаришни ҳаммасидан устун деб билди.

– Бу – отамнинг қарзи. Яхшилик билан хурсанд бўлинг, илтимос! Худо хоҳласа, тез орада қолганини ҳам тўлаймиз, – деди йигит.

Чол у одамдан пулларни ўғлига қайтаришини, уларга йигитнинг эҳтиёжи борлигини, бу ишда ўғлининг айби йўқлигини айтиб йиғлади. Киши эса чолнинг талабини рад этди.

Йигит ҳам ўз навбатида унга пулни олиб кетаверишини, қарзни фақат ўзидангина сўрашини, отасини бу борада безовта қилмаслигини айтди.

Сўнг отасининг олдига келиб, пешонасидан ўпиб деди:

– Сизнинг қадрингиз бу пуллардан улуғдир. Ҳар бир нарсанинг ўз вақти бор. Отажон, сиз асло ғам чекманг, – деди.

Шунда чол ўғлини бағрига босиб:

– Аллоҳ сендан рози бўлсин, муваффақиятларга эриштирсин ва қадамингни тўғриласин, – деб дуо қилди.

Эртаси куни йигит доимгидек ўз ишларига шўнғиб кетди. Бир пайт унинг анча вақтдан бери кўрмаган ўртоқларидан бири зиёратига келди. Салом-аликдан сўнг дўсти деди:

– Эй ошна, мен катта тадбиркорлардан бири билан суҳбатда бўлдим. У мендан олий ахлоқли, ишончли, ихлосли, қаттиққўл ва ишни муваффақият билан бошқара оладиган киши топишимни илтимос қилди. Сендан бошқа шу сифатларга эга шахсни тополмадим. Бу ишни қабул қилиб, тезда ариза беришга ва кечқурун ўша тадбиркор билан учрашишга нима дейсан?!

Йигитнинг юзи хурсандлигидан ёришиб кетиб, беихтиёр деди:

– Албатта, бу отамнинг дуосидир. Ҳа, Аллоҳ уни ижобат қилибди. Роббимизнинг фазли кенг, Унга ҳамд бўлсин!

Кечқурун йигит ва тадбиркор ўртасида келишилган учрашув бўлиб ўтди. Тадбиркор ундан жуда мамнун бўлди ва ойлик маошини сўради. Йигит маоши 4970 риёллигини айтди.

Тадбиркор:

– Эртага эрталаб ариза топшир ва ишни бошла! Бугундан эътиборан сенинг маошинг 15.000 риёл. Фойдадан бўлган 10% қўшимча мукофот тарзида берилади. Ўйлайманки, 9 ой ичида бу маошларинг эвазига яшаш жойингни яхшилаб, янги автоулов олишга ҳам улгурасан! – деди.

Бу гапларни эшитган йигит йиғлаб юборди ва деди:

– Ота, хурсанд бўлинг!

Тадбиркор унинг йиғиси сабабини сўради. Йигит икки кун олдин бўлиб ўтган воқеани сўзлаб берди. Тадбиркор бу меҳрибон ўғилни яна бир бор таниб олар экан, отасининг қарзини ҳам тўлашини ваъда қилди.

Ҳа, азизлар, бундай мукофот ота-онасига яхшилик қилганнинг самарасидир.

Араб тилидан Зиёда МИРАҲМАТОВА таржимаси      

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Муқаддима Бандалари ичидан баъзиларини фақиҳ қилиб қўйган давоми...

11:51 / 10.12.2018 3992
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлариРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрта бўйли давоми...

01:22 / 28.09.2023 1233
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Муҳтарама опасингиллар, биз давоми...

08:02 / 09.02.2017 3530
3.Илоҳий китобларга иймон. Иймоннинг яна бир шарти Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига расуллари ва давоми...

10:32 / 02.05.2017 3149