Аллоҳнинг зикри Аллоҳнинг бандаларига нисбатан одобни пайдо қилади (3-қисм)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
[embed]https://www.youtube.com/watch?v=f1wstI1NGDg[/embed]
Мен ҳам инсониятнинг бир аъзосиман.
Аниқ биламан, агар мен Аллоҳ азза ва жаллани унутсам ва Унинг менга бўлган муроқабасини (зийраклик билан қаттиқ кузатиб бориши) ва унинг қаршисида турганимни эсимдан чиқарсам, инсонларни ишлатиш (эксплуатация қилиш)да улар билан димоғдорликнинг энг юқори нуқтасида туриб муомала қила бошлайман.
Мен биламанки, у вақтда барча одамлар билан қалбим етаклаган, нафсим ҳамда фикрим қамраб олган мутаассиблик ва муросасозликка мувофиқ равишда амалий муомалада бўламан.
Лекин биргина ҳолатда, яъни Аллоҳнинг зикрини кўпайтирган вақтимда буларнинг ҳаммасидан озод бўла оламан.
Бу ерда Аллоҳнинг зикрини кўпайтириш деганда, юрак ишдан тўхтаётган вақтда тил билан такрорлашни назарда тутаётганим йўқ. Аллоҳ асрасин.
Шунингдек, яна зикр деганимда қўлдаги тасбеҳнинг чарсиллашини назарда тутаётганим йўқ.
Мусулмонларнинг кўплари зикрни ўзгартириб, тасбеҳларни шиорга айлантириб юборди.
Биримиз тасбеҳни қўлига олиб у билан безанади. Агар йўлда юрса, қўлидаги тасбеҳини айлантиради. Агар тўхтаб гапираётган бўлса ҳам, тасбеҳини айлантириб туради. Агар бирор мажлисда ўтирса, қўлидаги тасбеҳини айлатириб чиройли кўрингиси келади. Ваҳоланки, унинг тили Аллоҳнинг зикридан узоқ бўлади. Бундан ташқари, унинг қалби Аллоҳнинг зикрида ёлғон гапиради.
Бу мен назарда тутаётган зикр эмас.
Мен назарда тутган зикр шуки, унда қалб Аллоҳнинг муроқабасида (кузатувида) уйғоқ бўлишидир. Қалбнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатлари ва улуғворлигига бурилиб қарашидир.
Мана шу қалбнинг зикридир. У қалбда ягона Аллоҳга бўлган эътиқодни жонлантиради. Барча иллатларни: нафрат ва адовату инсонни бошқармоқчи бўлаётган шаҳват ва истакларни янчиб ташлайди.
Қани ўша Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва Аллоҳни кўп зикр қилгувчи аёллар?! Қани улар?!
Ўйлаб қарасангиз, Аллоҳ динига даъват билан машғул бўлиб, ушбу даъват ҳаракатини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зикри ўрнига ўтади, деб айтадиганларни кўрасиз.
Эҳтимол, уларнинг бири уйига қайтгач, чарчаб тўшагига ўтирганида: “Аллоҳни зикр қилиш учун бир оз ўтиринг ёки бомдоддан бир оз олдин Аллоҳнинг зикрига туринг”, деб эслатилса, кўпинча у: “Мен кун бўйи Аллоҳ азза ва жалла дини йўлида нафсимни чарчатдим, шунинг ўзи менга етади, энди дам олишим керак”, дейди.
Эй дўстларим, натижа шу бўлдики, биз Аллоҳ азза ва жалла буюрган тоатлар ичидаги энг муҳим нарсадан юз бурдик. – Аё, у Аллоҳнинг зикри эди – бизлар зоҳирда Аллоҳга даъват қилгувчилармиз. Ботинимизда эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига нисбатан адоват ва нафрат билан тўлган қалбни кўтариб юрибмиз.
Мана шу бизлар эришган натижамиздир…
Кеча “Денгиз” масжидида ўтган дарсда айтган эдим. Қалбларни титратадиган, яъни Аллоҳга иймон келтирган ҳар бир кишининг, қалбида зарра оғирлигича Аллоҳдан қўрқуви ва Аллоҳ билан муроқабаси бор инсоннинг қалбини титратадиган мен эшитган охирги сўз қуйидагича бўлди:
Мен Ҳофиз ибн Ҳажар ал-Асқалонийга таъриф бераётган бир кишини кўрдим.
У одам шундай буюк одамни; “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг шарҳи тўғрисида маълум ва машҳур китоб, “Фатҳул-Борий” китобини ёзган инсон Ҳофиз ибн Ҳажарни қатъиятсиз деб таърифлади!..
У инсон ҳақида айтишим мумкин бўлган энг тўғри сўз шуки, у одам Ҳофиз ибн Ҳажарга ўз ақидасида тебранувчи иккиланган одам, деб баҳо берди!
Мусулмон одамнинг ушбу сўзни айта олишини тасаввур қилиш мумкинми?!
Кўринг, у инсон Аллоҳ билан муроқабада (кузатувда) бўлган. Ҳар кунги йигирма тўрт соатнинг бир соатини Аллоҳнинг зикри учун ажратган.
Кўринг: агар у оз бўлса-да, Аллоҳнинг зикрини ўзига одат қилган бўлса, унинг Аллоҳга бўлган муроқабаси шу гапни гапиришига ташлаб қўядими?
Сахиҳ ҳадисда келган сўзни эслатиш учун Аллоҳнинг зикри ёрдамга келмайдими?
“Ким Менинг бир дўстимга (валий бандамга) душманлик қилса, Мен унга уруш очаман!”
Бу инсон ўн фоиз бўлса ҳам Ҳофиз ибн ал-Ҳажар Аллоҳ азза ва жалланинг дўстларидан эканини ўйлаб кўрмайдими?!
Ҳофиз ибн ал-Ҳажар бутун ҳаёти давомида Аллоҳнинг динини муҳофаза қилиш йўлида тупроқ кечган инсон. У киши Ислом олами фахр билан юқори кўтарадиган энг буюк китобни ёзган. У кишини Аллоҳнинг валийларидан эканини тасаввур қилиб кўрмайманми?
У кишига қатъиятсиз, деб таъриф бераманми?!
Агар мен Аллоҳнинг ростдан зокир бандаси бўлсам ва Аллоҳ мени кузатиб турганини ҳис қилсам, менинг тилим мана шундай сўзни айтиш учун асло ҳаракатга келиши мумкин эмас. Қаламим ҳам мутлақо бу каби сўзни ёзиши мумкин эмас!
Бу ишдан мени Аллоҳдан қўрқувим қайтаради.
Аллоҳга бўлган қўрқувим эса Аллоҳнинг зикрини ва унга бўлган муроқабамни кўпайтиришим орқали пайдо бўлади.
Бу қандай бўлди?
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний − қатъиятсиз ақида эгаси, деган сўзни ким айта олади? У киши Ислом йўлида қилган ғайрати билан кўринган. Аллоҳ азза ва жалла динига даъват қилиши билан танилган.
Аллоҳнинг зикри бизни бундай ишдан четга олади.
Агар Аллоҳнинг зикрини қилсак, қалбларимизни нафсу ҳаволаримизга бурилишига қарши ҳамда тилимизни узун қилмасдан, ўтган салафи солиҳларимизни ғийбат қилишга қарши кураша оламиз.
Эҳтимол, Ибн Ҳажар тўғридаги иш тўхтагандир.
Бу каби исмлар ҳақорат ва сўкишларни бошидан кечириб, кулфатга солинди.
Эй дўстлар, бу бало ва дарддир. Бу дарднинг давоси Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини кўпайтиришдир. Шундай экан, Аллоҳни кўп зикр қилинглар ва кўп муроқаба қилинглар.
Агар зикр ва муроқаба қилсангизлар ёки ҳар кеча ва кундузда Аллоҳни зикр қилиш учун бирор вақт ажратсангизлар, сизларнинг ҳаётингизда икки иш амалга ошади.
Ушбу икки нарсани қалбингиз тубида ҳис қиласиз.
Биринчи иш: Аллоҳ йўлида яхши кўриш. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларини яхши кўриш. Мана шу биринчи натижа.
Яъни сизлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадисларида айтган кишилардан бўласизлар.
Муоз ибн Жабалдан нақл қилинган ҳадиси қудсийда иззат эгаси бўлган Ҳақ таоло айтади:
“Менинг йўлимда бир-бирини яхши кўрганларга,
Менинг йўлимда бирга ўтирганларга,
Менинг йўлимда бир-бирини зиёрат қилганларга,
Менинг йўлимда саховат қилганларга Менинг муҳаббатим вожиб бўлди”.
Мана шу − биринчи натижа.
Аллоҳнинг зикрини кўпайтиришдаги иккинчи натижа Аллоҳнинг бандаларига нисбатан одобли бўлишдир.
Қачон танқид даъволарини кўрсангиз, қачон айбларни тўплаш даъволарини кўрсангиз, Аллоҳга нисбатан бўлган одоб, сизни бандалар билан ҳам одобли бўлишга етаклайди.
Гоҳида ҳақни баён қилиш учун танқид қилишингиз мумкин, лекин фақат ушбу танқидни ўзида тўхтайсиз. Танқид сизни танқид қилинаётган одамни камситишга ва сўкиб ҳақорат қилишга етакламайди.
Эҳтимол, у киши ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тавба қилиб келар.
Эҳтимол, бу танқид сизнинг фикрингиз бўлиб, сиз янглишаётган, у эса ноҳақ эмас, ҳақдир?
Лекин сиз ижтиҳод қилиб, ўз ижтиҳодингизни асослаб берасиз.
Мана шу ─ сўзлашиш одоби. Мана шу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига нисбатан қилинадиган одобдир.
Лекин бизда Аллоҳнинг зикридан ва Аллоҳ йўлида яхши кўришдан насибамиз бўлмаса, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида Аллоҳнинг бандаларига бўлган муҳаббат қаердан келсин?!
Агар қалбим Аллоҳнинг муҳаббати билан тарбияланмаса, агар қалбим Аллоҳ азза ва жаллани улуғлаш билан парвариш топмаса, ҳайҳот, унда бу бўш қалбдан Аллоҳнинг бадаларига бўлган муҳаббат йўқолиб, ўз манфаатларимни, ўз ҳавои нафсим ва шаҳватларимни яхши кўра бошлайман.
Агар иш ағдарилиб, бошқача тус олса, муҳаббат ҳам нафратга айланади.
Бу бугунги кунда кўрилаётган, учраётган ҳолдир…
Ушбу сўзимни айтиб, Аллоҳдан мағфират сўрайман.
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.
2 октябрь 1992 йил.
Тошкент шаҳар Эшонгузар жоме масжиди
имом–хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.