Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ватанга муҳаббат
Ватан остонадан, инсоннинг киндик қони тўкилган тупроқдан бошланади. Кишининг туғилиб-ўсган уйи, маҳалласи, қишлоғи, яқинлари – барчаси Ватан деган тушунчада мужассам. У кенг маънода бирор халқ вакиллари жамулжам яшаб турган, уларнинг аждодлари азал-азалдан истиқомат қилган ҳудудни англатади.
«Ватан» атамаси аслида арабча сўз бўлиб, она юрт деган маънони билдиради. Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб-ўсган юртига меҳр-муҳаббатида акс этади. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда «Ватанни севмоқ иймондандир» деган ҳикматни эсга олиш кифоя. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғу бўлгани учун Ислом унга иймоннинг бир бўлаги деб қарайди.
Улғайиб, вояга етган заминга меҳрли бўлиш, унинг ҳар бир ҳовуч тупроғини муқаддас деб билиш, кўзга тўтиёдек суртиш, бир умр фарзандлик садоқати билан яшаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади. Ватанни севиш ҳисси инсонда туғма бўлиши мумкин, лекин уни албатта ривожлантириш ва тарбия қилиш лозимдир, яъни ватанга бўлган муҳаббат тарбиялангандагина, у ватанпарварлик деган улкан туйғуга айланади. Шу боис ота-оналардан фарзандларининг қалбига ватанпарварлик туйғусини жойлаш талаб этилади.
Ислом оламида донг таратган ўргатиб келган имом Бухорий, имом Термизий, Абу Лайс Самарқандий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий, Қаффол Шоший каби буюк боболаримизнинг Ватанга кучли муҳаббатлари туфайли тахаллусларини киндик қонлари тўкилган юрт номи билан боғлаганлари ҳам ана шундай эътироф ва эътиборнинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади.
Буюк шоир ва саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ҳам Ватаннинг қадрига етишга ёрқин мисол бўла олади. Ўз даврининг йирик давлатларидан бирининг ҳукмдори бўла туриб, Бобур мирзо бир умр Андижонни, сўлим Фарғонани, бобокалонларидан мерос бўлган Самарқандни қўмсаб ўтади, ижодининг салмоқли қисмида Ватан соғинчи уфуриб туради.
Ватан инсон учун муқаддас, ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган туйғудир. У ўз-ўзидан севилишга, ардоқланишга ва қадрланишга лойиқдир.
Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ватан ҳимояси йўлида кўз юммай посбонлик қилган кишини дўзах оташи ҳам куйдирмайди. Бу тўғрида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида посбонлик қилиб, ухламаган кишини», деб марҳамат қилганлар (Термизий ривоят қилган).
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасида: «Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар», дея таъкидланган.
Юртимиз довруғини дунёга таратган буюк аждодларимиздан бири, Нажмиддин Кубро ҳақиқий Ватан ҳимоячиси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. Замонасининг йирик алломаларидан бўлган, минглаб муридларнинг устози саналган бу тариқат пешвоси мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул ҳукмдорлари Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишни таклиф қилишади. Ватанни жонидан азиз билган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жангга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётган ҳолида шаҳид бўлади. У зот туғни шу қадар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни олиш учун қўлларини кесишга мажбур бўлишади. Тарихимиздан бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб ҳисобланса, унга хиёнат қилиш, қурол билан бостириб кириш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
Ҳар бир инсон ўз Ватани, оиласи ва халқини кўз қорачиғидек асраб-авайлаши лозим. Аксинча, Ватанига хиёнат қилиш, ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслик, уларни ўйламаслик ёки уларга қарши қурол кўтариш Исломдаги энг оғир гуноҳ ва жиноятлардандир. Бу нарса инсонийлик мезонига ҳам тўғри келмайди. Зеро, инсон ўз Ватанининг равнақи учун фидойилик кўрсатиши, бу йўлда керак бўлса, жонини ҳам бериши лозим.
Бугун биз, Ўзбекистон ёшлари тинч ва фаровон юртда яшар эканмиз, доимо ушбу тинчликнинг қадрига етишимиз, бизга берилган имкониятлардан оқилона фойдаланишимиз лозим. Чунки биз баҳраманд бўлиб турган неъматлар сон-саноқсиздир. Мисол учун, оддий ичимлик сувини олайлик. Кўпчилик ҳар куни арзимаган сабаблар туфайли жўмракдан соатлаб сув оқизиб қўяди. Ана шу исроф қилинаётган сувнинг бир томчиси дунёнинг бошқа жойида яшайдиганлар учун топилмас хазина, тенгсиз неъматдир. Демак, биз дунёдаги сувсизликдан азобланиб яшаётган икки миллиард одамдан кўра бахтли эканимизни англашимиз ва бунга шукр қилишимиз лозим.
Аслида бизнинг юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро бу нарсаларни билиш ва англаш имконига эга. Чунки бизга таълим олиш неъмати берилган. Лекин орамизда бу неъматнинг қадрига етмайдиганлар ҳам анчагина. Ҳолбуки, ёзилган нарсани ўқий олишимиз бизнинг ер юзидаги уч ярим миллиард саводсиз инсондан бахтиёрроқ эканимиздан дарак беради.
Ҳозирги кунда қанчадан-қанча мамлакатларнинг аҳолиси нотинч вазият туфайли туғилган юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Биз эса ўз уйимизда тинч, осуда ҳаёт кечирмоқдамиз. Аллоҳ таоло бизларни ана шундай неъматларга лойиқ кўрган экан, уларнинг шукрини адо этишимиз ва доимо ҳушёр бўлишимиз лозимдир.
Иродахон Нодирова
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юртининг 2-курс талабаси