Ражаб ойи рўзаси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади:
«Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик, деяётганини эшитганман», деди».
 Шарҳ: Аввало, Усмон ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Усмон ибн Ҳаким ибн Дийнор ал-Авдий, кунялари Абу Амр ал-Куфий ҳадисларини Ҳасан ибн Солиҳ, Шарик ибн Абдуллоҳдан ривоят қиладилар. Бу зот ҳаммаси бўлиб, иккита ҳадис ривоят қилганлар, холос.
 У киши ҳижратнинг 219-йили вафот этдилар.
Усмон ибн ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаса керак, деб ўйлаб қолишади. Гоҳида эса сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойида ҳам шундоқ бўлар эди.
 Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади:
«Албатта, у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?» дебди.
«Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?» дедилар.
«Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нима учун ўзингни азобга солдинг?» дедилар-да, сўнгра:
«Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар.
«Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди.
«Икки кундан рўза тут», дедилар.
 «Бир оз зиёда қилинг», деди.
«Уч кундан рўза тут», дедилар.
«Бир оз зиёда қилинг», деди.
 «Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини букиб очиб кўрсатдилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилишган.
 Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
 1. Йил бўйи рўза тутиш шариатга тўғри келмаслиги, ўзини ўзи азоблаш эканлиги.
2. Нафл рўза тутмоқчи бўлган одам Рамазондан бошқа ойларда бир кундан, икки ёки уч кундан тутса бўлиши.
3. Агар мазкур миқдорни ҳам оз деб билса ва ҳаром ойларда уч кун-уч кундан тутса, яхши бўлиши. Ушбу ҳадисни бу фаслда келтирилишининг сабаби, Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бўлганидандир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳ осмонлар, ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг», деган.
Ҳаром ойлар, дегани ҳурматли, улуғланган, уруш-жанжал, душманлик ҳаром қилинган ойлар, деганидир. Ана ўша ҳурматли тўрт ой: муҳаррам, зулқаъда, зулҳижжа ва ражаб ойларидан иборатдир. Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли ҳисобланади.
Машҳур саҳиҳ китоблардан бошқа ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар, яхши бўлиши аниқ.
Мавзуга оид мақолалар
ВАТАНПАРВАРЛИК УЛУҒ ФАЗИЛАТ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Сизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар давоми...

19:22 / 21.03.2017 3531
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматида келтирилган маъно барча халқларда ўзига хос сўз давоми...

01:09 / 24.10.2023 1651
5. Охират кунига иймон. Охиратга, яъни қиёмат кунига ишониш иймоннинг яна бир шартидир. Бу ҳақиқатни тасдиқ давоми...

10:57 / 02.05.2017 4261
Вақт мусулмонлар ҳаётидаги энг аҳамиятли нарсалардан биридир. Вақт ҳаёт демакдир. Ўтаётган ҳар дақиқаю давоми...

18:40 / 01.12.2016 2830