Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сайёрамизнинг шимолида бир масжид бор... Уни ким қурдирган? Аввалроқ Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон ҳомийлигида Санкт-Петербургда қурилган қадимий масжид ҳақида маълумот берган эдик. Шу йилнинг 6-8 июнь кунлари ушбу шаҳарда бўлиб ўтган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасида мулоқотга йўл” Иккинчи Халқаро Конгресс иштирокчилари, шу жумладан, Ўзбекистон олимлари мазкур масжидга ташриф буюришди. Меҳмонларни Санкт-Петербург ва Россиянинг шимоли-ғарбий ҳудуди мусулмонлари идораси раиси, мазкур масжиднинг имом хатиби Равил ҳазрат Панчеев кутиб олди. — Ўзбекистон мен учун жуда азиз ва мукаррам замин, – деди Равил ҳазрат Панчеев. — Чунки бу қадим юртда динимиз ривожи учун хизмат қилган жуда кўп буюк зотлар, олиму алломалар етишиб чиққан. Марҳум отам, Россияниг машҳур уламоларидан бўлган Жаъфар ҳазрат Панчеев аввал Бухородаги Мир Араб мадрасасида, кейин Тошкент ислом университетида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан бирга таҳсил олганлар. Ҳар гал Ўзбекистонга борсам, у ердан аллақандай илоҳий куч-қудрат, нур, илҳом олиб қайтаман. Бу гал ҳам шаҳримизда Ўзбекистон маданий меросига бағишланган йирик анжуман ўтаётганидан жуда мамнунман. Чунки бу улкан маънавий мерос наинки Ўзбекистон, балки барча мусулмонларнинг ҳам фахру ифтихоридир. Жоме масжид ўз бағрига 3500 дан ортиқ намозхонни сиғдира олади. Масжидга келувчиларнинг этник таркибида ўзбеклар биринчи ўринда туради. Масжиднинг иккинчи қаватида аёллар ҳам намоз ўқиши мумкин. Намозгоҳ шифтида Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн аффон, Али ибн Абу Толиб ва ул зотнинг икки ўғиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларнинг муборак исмлари битилган. Меҳробда Оят ал-курсий сулс хатида акс эттирилган. Шу ўринда савол туғилади: Масжид нима мақсадда қурилган? Нега у айнан бизнинг боболаримиз қурган иморатларни ёдга солади? Маълумки, XIX асрнинг охирларига келиб, Санкт-Петербург шаҳрида мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, шаҳарда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис, улар маблағ тўплашга киришишади. Бироқ шаҳардаги айрим амалдорлар бу ишга жиддий қаршилик кўрсатишади. Зарур маблағ тезликда йиғилавермайди. Тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди. Ана шундай пайтда Петербург билан яқин алоқалар ўрнатишга уриниб келган Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. Шу тариқа, масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 февраль куни шахсан Амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилнинг 26 ноябрида оламдан ўтади. Масжид қурилиши эса тўхтамайди. 1913 йилнинг 22 февралида масжид тантанали очилади. Унда отасининг ўрнига тахтга ўтирган ҳукмдор, Бухоронинг сўнгги амири Саид Олимхон билан бирга Хива хони Асфандиёрхон ҳам иштирок этган. Қизиғи шундаки, бугунги мамлакатимиз ҳудудидан жой олган икки қўшни давлат ҳукмдорлари фақат ана шу воқеа муносабати билан, айнан Петербургда учрашишган экан. Масжид ўзининг бир асрдан кўпроқ тарихи давомида кўплаб нохуш воқеаларни бошидан кечирди. Совет даврининг даҳриёна сиёсати ҳукм сурган йилларда шаҳар ижроия ҳокимияти қарори билан масжид ёпиб қўйилади. Шаҳар мусулмонларининг қайта- қайта мурожаатларидан сўнг, 1974 йилда масжид уларга қайтариб берилади. Жоме масжид ўтган давр мобайнида бир неча бор таъмирланади. Бугунги кунда ушбу гўзал иншоот Санкт-Петербургнинг ноёб тарихий обидаларидан бири сифатида давлат ҳимоясига олинган. 1910 йилда барпо этилган жоме масжид 2008 йилгача Санкт-Петербургда ягона ҳисобланган. Масжиднинг лойиҳасини яратишда Амир Темур даврида қурилган бинолардан, жумладан, Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасидан илҳомланилган. Бугунги кунга келиб, унинг шарқона услубда қад кўтарган миноралари ва мовий гумбазлари, худди юз йиллар аввалгидек, шаҳар меъморчилигининг ажралмас қисми сифатида қадрланади.
Рустам Жабборов тайёрлади