Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Эллик олтинчи ҳадис:
Абу Саламадан ривоят қилинади: «Қурайшлик бир нечтаси билан Қадр кечасини эслашдик. Абу Саъиднинг олдига келдим. У дўстим эди. «Биз билан хурмо боғига чиқмайсанми?» деб қолди. Чиқдик. Эгнида хамисаси бор эди. «Менга Қадр кечаси ҳақида сўйлаб бер, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини зикр қилганларини эшитганмисан?» дедим. У шундай деди: «Ҳа. Рамазоннинг охирги ўнлигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эътикоф ўтирдик. Йигирманчи тонгида бизга хутба қилиб: «Мен Қадр кечасини кўрдим ва уни унутдим ёки менга унуттирилди. Уни охирги ўнликдан тоқдан қидиринглар. Ким Аллоҳнинг Расули билан эътикоф ўтирган бўлса, қайтсин. Гўё сув ва лойга сажда қилаётганимни кўрдим», дедилар. Биз қайтдик. Осмонда парча булутча ҳам йўқ эди. Бир булут келди-ю, ёмғир ёғди, ҳатто масжиднинг шифтидан сув оқди. Хурмо шохларидан эди. Намозга иқома айтилди. Шунда у зотнинг лойга сажда қилаётганларини кўрдим. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналарида лойни кўрдим – ёки «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналарида лой изини кўрдим», деган».
Муттафақун алайҳ.
Эллик еттинчи ҳадис:
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ой ўртасидаги ўнликда эътикоф ўтирардилар. Йигирманчи кеча ўтиб, йигирма биринчи кириб келадиган пайт бўлганда масканларига қайтардилар. У киши билан бирга эътикоф ўтирганлар ҳам қайтарди. Сўнг у зот ўзлари эътикоф ўтирган ойда қайтадиган ўша кечалари туриб қолдилар. Одамларга хитоб қилиб, кейин уларни Аллоҳ истаган нарсаларга буюрдилар. Сўнгра: «Мен шу ўнликда эътикоф ўтирардим. Кейин менга мана бу охирги ўнликда эътикоф ўтириш маъқул кўриниб қолди. Ким мен билан эътикоф ўтирган бўлса, эътикоф ерида қолсин. Аниқ бу кечани кўрдим. Кейин менга унуттирилди. Уни охирги ўнликдан истанглар, уни ҳар тоқ кечадан истанглар. Ўзимни унинг тонгида сув лойга сажда қилаётган кўрдим», дедилар. Ўша кеча осмон шариллатиб ёмғир қуйди. Йигирма биринчи кеча масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозжойларига чакка ўтди. Кўзларим у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга назар солганида бомдод намозидан юзлари лой ва сувдан ҳўл бўлганча қайтардилар. Бармоқларини кўзларига, қўлларини эса пешоналарига қўйиб қолган эдилар».
Муттафақун алайҳ.