Олима аёл Рамазонда мусулмонликни қабул қилди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова таржимаси   

 Мен Австриянинг Линце шаҳрида 1953 йилда туғилганман, болалигим эса Германиянинг Мюнен шаҳрида ўтган. 16 ёшимда оиламиз Зальцбургга кўчиб ўтди. Ота-онам – ҳаётини Инжилсиз тасаввур қила олмайдиган, Худонинг ўғли, дея билган Исо алайҳиссаломга сиғинувчи, тақводор, консерватив христиан-протестантлар. Улар менга ахлоқ-одоб қоидаларини сингдирганлар.

Мактабни тугатгач, биология фанини ўргана бошладим ва шу билан бирга Зальцбург университетида ишлаб, қўшимча пул топардим. Протестантларнинг черковдаги тадбирларида иштирок этмасам-да, бироқ ота-онам мен учун баптистлар жамиятида учрашувлар ташкил қиларди.

Тез орада талабалар гуруҳининг фаол аъзоси ҳамда етакчисига айландим. Инжилни бир неча марта ўқиб чиқдим ва христиан ақидасига ишонардим. Масалан, Исо алайҳиссалом бутун одамзотнинг гуноҳларини ювиш учун юборилгани ҳамда айнан мана шу учун хочда михланганини олайлик. Аммо у пайтда номутаносибликларни пайқаш учун Инжилни етарли даражада ўрганиб чиқмаган эдим.

Бир неча йиллар ўтиб, айни ўша жамиятда менда гумонлар туғила бошлади. Мен ортиқ христиан ақидасининг фаразларини қабул қилолмасдим, чунки улар менинг мантиқий хулосаларимга зид эди. Бу эътиқоднинг мўъжизаси эканини бот-бот такрорлашса-да, ақл-идроким бунга бўйсунмасди. Шунинг учун мен Исо алайҳиссалом таълимоти билан ҳақ йўлини кўрсатган, у Яратган томонидан юборилган пайғамбар ва одам боласи эканигагина ишона олиш фикрида туриб олдим.

                                                                  Никоҳ ва ажрим

Мен баптист жамиятининг аъзоларидан бирига турмушга чиқдим. Ўқишимни якунлаб, докторлик унвонини олдим. Икки фарзанд ҳам кўрдим. Бироқ вақти келиб, ажрашдим. Христианликнинг асосий мазмунидаги шубҳаларимдан сўнг баптист черкови билан барча алоқаларни уздим.

Икки болани боқиш учун иш қидиришимга тўғри келди. Алҳамдулиллаҳ, тез орада Зальцбург университетидан ўз соҳам бўйича яхши бир таклиф тушди. Молиявий мустақил бўлиш учун менда ишлаб топиш имконияти пайдо бўлди.

Кўп ўтмай, қайта турмуш қурдим. Ҳақиқатни топиш мақсадида эзотерика ҳамда фалсафа билан шуғуллана бошладим. Иккинчи турмушимдан ҳам кўнглим қолиб, ажрашдим. Сабаби худди олдинги турмушимда бўлгани каби эди – эрим ижтимоий мавқеим, ойлигим ва ҳаётимнинг фаровонлик даражасидан фойда кўрарди. Менга пул бермас, рўзғор тебратишда ёрдамлашмас, руҳий далда бермас, ҳаттоки болалар ҳақида қайғурмас эди. Иккинчи ажрим пулсизликка олиб келмади, чунки унда мустақил бўлганман, ишим бор эди, профессор унвонига эга эдим. 

Шахсий ҳаётимда бахтга эриша олмадим. Фарзандларим ва ишим олдидаги кўплаб бурчларим мени оғир руҳий ҳолатга сола бошлади. Масъулият ҳисси билангина яшашда давом этардим. Бошқа қайта эркаклар билан муносабатлар қурмасликка аҳд қилдим. Жуда яхши ишим, ажойиб фарзандларим, уйим, машинам бор эди. Бироқ Ҳақиқатни билмоқ учун уринишларимни тўхтатмадим.

Ўша пайтларда Ислом дини ҳақидаги билимларим жуда оз даражада эди. Миямда фақат христианлик ва оммавий ахборот воситалари ўрнаштириб қўйган стереотиплар (“қолип” қарашлар) бор эди, холос. Исломий адабиётларни ўқимас, ҳаттоки мусулмонлар билан мулоқот қилишга уринмас ҳам эдим. Улар менга «қўрқинчли ҳамда бешафқат» динга эътиқод қилувчи кишилардек туюлишарди.

                                       Мисрга илк сафар                                                                  

   2002 йили дўстларимнинг қистови билан дам олиш учун Мисрга сафар қилдим. Биринчи куни овқатланиш учун ресторанга тушдим. Воҳидни илк бор ўша ерда кўрдим. У меҳмонхонада ишларди. Бир-биримизга кўнгил қўйдик. Сафарим қариганида у менга унга турмушга чиқишимни таклиф қилди. Мен жамият бир қолипга солиб қўйган ёшдаги фарқ, маданий қадриятлар, диний эътиқод, таълим кабилар ҳақида ўйлаб, унга рад жавобини бердим ва Австрияга қайтдим.

Кўнглимда ўт олган ҳиссиётлару миямда ўрнашиб қолган хурофотлар билан қарши курашардим. Мулоҳазаларим шахсан меники эмас, балки жамият томонидан ўрнатилган андозалар эканини тушуниб етдим.

Австрияга қайтганимда мен ишлаётган институтга мисрлик олима аёл ишга келди. Икки ҳафта ўтиб эса, мисрлик профессор дарс бераётган араб тили курсларига қатнай бошладим. Улар жуда яхши одамлар экан. Менга Ислом дини, Шарқ маданияти, араб тили ҳақида кўп маълумотлар беришди.

Ислом динига қизиқишим уйғониб, бир қанча китоблар сотиб олдим. Жумладан, мусулмонликни қабул қилган Мурод Хоффман қаламига мансуб Қуръон маъноларининг таржимасини ҳам қўлга киритдим. Менга Яратган ҳақидаги тасаввурларим Қуръонда тавсифлангани хуш келди. Ҳамда Таврот ва Инжилдан фарқли ўлароқ, унда мантиқ сезиларди. Чунки бу китобларда Исони Худонинг ўғли, дея аташганди.

Бир неча ойдан сўнг Воҳид билан ўзаро муносабатларимизга имконият бермоқлик учун Мисрга иккинчи бор сафар қилдим. Воҳид фермерлар оиласидан экан. Мени ота-онаси билан таништирди. Шариат кўрсатмаларига асосланиб, никоҳ ўқитдик. Чунки Исломда никоҳда бўлмаган эркак ва аёл ўртасидаги муносабат мумкин эмас экан. Кейин Воҳид виза олиб, мен билан Австрияга бора олиши учун Қоҳирада никоҳимизни расман қайд қилдик.     

                                                                    Исломни қабул қилишим

Австрияда яшовчи мусулмон дўстларимдан бир йил давомида Ислом асосларини ўргандим. Таажубланарлиси, Қоҳира университети мен билан боғланиб, диссертация рефератимга қизиқиш билдирди. Мисрлик олимлар билан бир неча бор учрашдим ва мусулмонлар орасида яқин дўстлар орттирдим. Ҳаттоки амали заифларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлган ҳурмати мени ҳайратга солди.

Воҳид Австрияга келгач, у билан Зальцбургдаги масжидга бордик. У ерда менга кўплаб китоблар совға қилишди. Шулардан Морис Букайло қаламига мансуб бўлган «Библия, Қуръон ва табиий фанлар» номли китобда Қуръондаги ҳақиқатлар охирги олиб борилган илмий тадқиқотлар билан мувофиқ келгани исботлаб берилган. Мазкур китоб менинг кўзларимни очди. 

Қуръон нафақат менинг Яратган ҳамда олам ҳақидаги тасаввурларимни тасдиқлади, балки ундаги барча ҳақиқатлар (масалан, табиий фанлар тўғрисидаги) умуман воқеликка зид эмас эди. Ислом дини мантиқий фикрлашга ижозат берар, ҳаттоки қўллаб-қувватларди!

Ислом – янги дин эмаслигини, яҳудий ҳамда насронийларнинг, илк мусулмон Одам алайҳиссаломдан тортиб, Исо алайҳиссаломгача қадимги динлар моҳиятининг «қайта жонлантирилгани» эканини тушуниб етдим. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳақиқатларни инсониятга эслатиш учун Аллоҳ томонидан юборилган охирги пайғамбарликларини билдим.

Демак, муқаддас Қуръон – Яратганнинг ваҳийси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Унинг расулидирлар. Барча ҳақиқатни тушуниб етгач, Қуръон ва шариат кўрсатмаларига амал қилишим керак эди.

Намоз ўқишни ўргандим. Рамазоннинг бошларида Воҳид мендан «Охирги қадамни қўйиб, Исломни қабул қилиш вақти келмадимикин?» дея сўради. Уйимизга бир қанча дўстларимизни, ака-ука, опа-сингилларимизни чақирдик. Уларнинг гувоҳлигида шаҳодат калимасини айтиб, мусулмонликни қабул қилдим. Ва шу кундан бошлаб рўза тутмоқликни ҳам дилимга тугдим.

Ҳозирда мусулмон умматидан эканимдан бахтиёрман. Шариат кўрсатмаларига гўзал тарзда амал қилиш учун Аллоҳга бўлган иймонимни кучайтириб, илмимни оширишга ҳаракат қиляпман.

Бироқ ҳалигача икки масала ўз ечимини топмаган: қари ва касалманд ота-онамнинг соғлигига путур етказиб қўйишдан қўрққаним сабабли мусулмон бўлганимни айта олмаяпман. Шунингдек, ишхонамда ҳамда жамоат жойларида рўмол ўраб юролмайман. Чунки жамиятда ҳали ҳам исломафобия мавжуд бўлиб, ҳижобга нисбатан салбий муносабат бор.

Шунга қарамасдан Ислом ҳақида гаплашиш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланаман. Чин тақводор муслима ҳаёт тарзини олиб боришга, диним кўрсатмаларини бажариб, атрофдагиларга чиройли ўрнак кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Аллоҳ таоло менга ҳақни танитиб, тўғри йўлга бошлади, алҳамдулиллаҳ.

Мавзуга оид мақолалар
  Қачон У Зот сенга маърифат йўналишини очса, бас, у ила амалинг озлигига эътибор берма. Чунки албатта, уни давоми...

10:18 / 11.05.2017 5618
Ушбу сатрлар қаҳрамони Увайс ал Қароний розияллоҳу анҳу яманлик солиҳ киши бўлганлар. У киши Расулуллоҳ давоми...

17:51 / 17.01.2017 3733
Жорий йилнинг 30 май куни Кувайт давлат Вақф ва Ислом ишлари Вазирининг ўринбосари, Жаҳон Васатия давоми...

06:12 / 23.12.2016 3171