Ҳазратим, сиз ҳақингизда илк маротаба дадамдан эшитганман
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Ҳар гал Ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларида нимадир ёзмоқчи бўламан-у, икки мисра ёзар-ёзмас, фикримдан қайтаман. Шу тариқа ўндан ортиқ тугалланмаган, бир-икки мисрадан иборат гаплар ва чала мисралар қораладим. Ёзганларим у кишини муносиб баҳолай олмагандек туюлади, ўзимни у киши ҳақларида ёзишга нолойиқ деб ҳисоблаб, охирига етказа олмайман. Ҳазрат билан хаёлий суҳбатлар қураман. Бу гал нима бўлдики, ўзимда куч топиб, Ҳазрат билан (раҳимаҳуллоҳ)   боғлиқ аслида кичкина бўлса ҳам ўзим учун улкан хотираларимни ёздим. Ҳазратим, сиз ҳақингизда илк маротаба дадамдан эшитганман. Кичкиналик пайтларимизда Сизнинг ота-онангиз, қилган ишларингиз, муфтийлик, ҳижрат пайтларингизни бирма-бир айтиб берардилар. Ҳижратда юрган пайтларингизда сизни кўп эслардилар. Биз учун кичкиналигимиздан сизни «кумир» қилиб кўрсатганлар. Турмуш ўртоғим сизга шогирд бўлишдай бахтга муяссар бўлганларида эса  дадам ҳурсандчиликларидан йиғлагандилар. Дадамнинг Сиз билан кўришиш ҳақидаги орзуси ушалиш арафасида эди. Уч йил аввал Россия федерациясидан ишлаб қайтаётганларида Сизни кўриш орзусида, қатъий режим ва белгиланган кун тартибида юришингиздан бехабар бўлганлари учун, халқ билан учрашув(қабул) кунларингиздан бошқа вақтга чипта олибдилар. Дадам кўришиш насиб қилармикан деган ҳавотирда 2015 йил 8-мартда Тошкент шаҳрига етиб келдилар. Келинингизга боғланиб, вазиятни тушунтирдим. Сиз икки ишингиз орасида вақт топиб, кўришишга изн бердингиз. Дадам, ўғлим, турмуш ўртоғим бирга боришди. Ўғлимни ёдлаётган Қуръони учун   рағбатлантириб: «Ҳаракат қилиш сиздан, дуо қилиш биздан», деган экансиз. Ўғлим сиз унга айтган ҳар бир сўзингизни айтиб берар эди. Ўғлим Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган куни буни кўришингизни қанчалар хоҳлаганимни билсангиз эди. Қани энди, сизнинг хурсандчилигингизга сабаб бўлса эди, дуоларингизни олса эди… ўша куни тўйиб-тўйиб йиғладим… ўғлим хатми Қуръонини сизга бағишлабди. Ҳозир ҳам хатми қуронларини фақат сизга бағишлайди. У ҳам ўзининг кичкина қалби билан сизни чин дилдан яхши кўради. Набираларингиз билан ўйнаб юрганда, улар сиз ҳақингизда сўзлашганда, уларга ҳавас қилар экан. Бир куни ўғлимнинг жойнамоз устида дуо қилиб ўтирганидаги дуоси қулоғимга чалинди «Аллоҳим, Ҳазрат менга ҳам опоқдадажон(бобо) бўлсин», деб қайта-қайта айтяпти. Ёнига бордим-да, «Ўғлим, Ҳазрат сенга опоқдадажон бўлиши учун мен ёки даданг у кишига фарзанд бўлишимиз керак», деб айтдим. У бўлса, «Аллоҳдан дуоларингни чин дилдан сўрасанг, беради дер эдингиз-ку!» деб жавоб қилди. Ҳақиқатдан сиз ўғлимга боболик, мен ва турмуш ўртоғимга оталик қилдингиз, гарчи биз сизга фарзандлик қила олмаган бўлсак-да… Сизни узоқдан кўрсам ҳам, худди Пайғамбаримиз алайҳиссаломни кўргандай юрагим ҳапқириб кетар эди. Ҳар сафар хўжайиним билан кўришсангиз, менинг соғлигимдан сўрар экансиз. Ҳолбуки, сизга   кўп касал бўлишимни айтмаган эканлар. Аллоҳ қалбингизга солганми, ҳеч қайси кўришганингизда   соғлигимни сўраш ёдингиздан кўтарилмаган экан. Биз бир бегона, сизга узоқ одамларга шунча меҳр кўрсатсангиз, ўз аҳилларингизга қандай эдингиз?! Биз бир бегона арзимасларга шундай меҳрибончилик қилсангиз, ўз аҳли аёлингиз, суюкли «Оиша»нгизга қандай меҳр кўрсатган экансиз. Биз бир сизга шогирдман дейишга нолойиқларга шундай меҳр кўрсатсангиз, ўз фарзандларингизга қандай меҳр кўрсаткан экансиз-а?! Улар сиздан айрилиққа қандай бардош беришди экан-а?! Ҳа, биламан, чунки уларда сизнинг қонингиз, сизнинг тарбиянгиз, сизнинг бир парчангиз бор… Аллоҳим бизнинг диёрлардан сиздек инсонларни кўплаб чиқарсин. Фарзандларимиз, ўзимиз арзимасак-да сизга ўхшайлик, деб қайта-қайта дуо қилаверамиз…

Сизни ҳар эслаганимизда, Аллоҳимнинг бир суйган бандаси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бир меъросхўри шунчалар бўлса, Ҳабибимизнинг (саллоллоҳу алайҳи вассалам) ўзлари қандай эдикинлар-а, деяверамиз…

Мавзуга оид мақолалар
Ислом ­ «бўйсуниш, тоат, ихлос, тинчлик, сулҳ» демакдир. Ислом тавҳид яккахудолик динидир. Аллоҳ таоло давоми...

12:25 / 21.04.2017 3591
Исломда фарзанд келажагига ҳали оила қурилмасдан олдин эътибор қилинади. Қуйидаги ҳадиси шариф бунга давоми...

06:06 / 23.12.2016 3685
  манба httpwww.podelkidetkam.ru Рус тилидан Азиза таржимаси. Либослардаги белгиларнинг маънолари 1. Қўлда ювиш. 2. давоми...

21:17 / 11.03.2017 7275