Фарзандлар тарбияси ва ислоҳи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 "Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар" (Таҳрим сураси, 6-оят).

Аллома Нававий раҳматуллоҳи алайҳ "Риёзус солиҳийн" номли китобларида янги бир боб тузганлар. Бундан асосий мақсад – ушбу боб орқали инсон зиммасида фақатгина ўзини эмас, балки ўз оила аъзоларини – хотини, болалари ва қўл остидаги бошқа шахсларни ҳам ислоҳ қилиш борлигини билдириш, шунингдек, диний таълим-тарбия бериш, уларни фарз ва вожибларни адо қилишга буюриш, гуноҳлардан сақланишга чақириш ҳам унинг зиммасига фарзлигини баён қилишдир. Бу бобда мавзуга оид бир қанча Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар келтирилган. Юқоридаги ояти карима шулар жумласидандир.

Мазкур оятда Аллоҳ таоло барча мусулмонларга хитоб қилиб: "Эй иймон келтирганлар!" лафзини истеъмол қилган.

Биламизки, Қуръони Каримда Аллоҳ таоло мусулмонларга қарата бир неча ўринларда "Эй иймон келтирганлар!" деб марҳамат қилган. Доктор Абдулҳай соҳиб айтар эдиларки: "Ушбу "Эй иймон келтирганлар!" хитобида жуда катта меҳр-муҳаббат бор. Чунки хитоб қилишнинг бу турида хитоб қилувчи ва мухотаб орасидаги ришта ҳамда боғлиқликка далолат бўлади. Яна хитоб қилишнинг бошқа турида мухотабнинг номи тилга олиниб: "Эй фалончи", деб хитоб қилинади. Масалан, бир ота ўз ўғлини чақирса, унинг исмини айтиб: "Эй фалончи", деб чақирса бўлади. Шунингдек, "Эй ўғлим!" деб чорлаши ҳам мумкин. Бунда меҳр, шафқат, лутф зоҳир бўлади. Буни ҳатто эшитгувчи ҳам ҳис қилади. Лекин исмини айтиб чақиришда эса бундай нарса топилмайди. "Ўғлим" лафзи меҳр-шафқатга тўла лафздир.

Шайхул ислом Шабиир Аҳмад Усмоний жуда катта олим ва фақиҳ эдилар. Нафақат Покистонда, балки бутун Ислом оламида ҳам илм ва фазлда тенги йўқ зот бўлганлар. Баъзилар у зотни эҳтиром қилиб "аллома", баъзилар эса "шайхул ислом" деб атардилар. Гоҳида Шабиир Аҳмад бизнинг уйимизга ташриф буюрардилар. Бувимиз (отамнинг оналари) ҳазрат алломага келинойи (тоғаларининг хотини) бўлар эди. Шунинг учун у зотга "Ўғлим!" деб мурожаат қилардилар. "Ўғлим, кўп яшагин", дея дуо қилардилар. Биз бу сўзларни эшитиб, жуда ҳайрон бўлардик. "Шунчалик катта, дунё тан олган олим, "шайхул ислом" деб мурожаат қилинадиган зотга бувимиз оддийгина, соддагина хитоб қиляптилар", дея ажабланардик.

Лекин аллома Усмоний: "Мен муфтий соҳибникига (яъни, бизникига) икки мақсадда келаман. Биринчиси – ҳазрат муфтий билан суҳбатлашиш, дийдорлашиш. Иккинчиси – рўйи заминда мени "Ўғлим!" деб чақирадиган шу биргина аёлдан бошқа ҳеч ким қолмаган. Фақатгина шу аёл мени "ўғлим" деб чақира олади. Шунинг учун бу лафзни эшитиш учун келаман. Бу мен учун қанчалар улуғ неъматки, гоҳида ушбу мурожаатни эшитганимда титроқ босади", дер эдилар.

Доктор Абдулҳай айтишларича, Аллоҳ таоло "Эй иймон келтирганлар!" деб хитоб қилиб, ҳар бир иймон соҳиби Аллоҳ билан биргалигига, улар ила Аллоҳ орасида мустаҳкам ришта борлигига далолат қиляпти, худди ота ўз ўғлига "ўғлим" деб мурожаат этганидек. Ва бу лафзни истеъмол қилишдан мақсад – шафқат, муҳаббат, хайрихоҳликни билдиришдир.

Шунга ўхшаб Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримда бир неча ўринларда "Эй иймон келтирганлар!" лафзи билан мурожаат қилган. Биз ўрганаётган оятдаги хитоб ҳам шулар жумласидандир.

Инсон учун ўзининггина амали кифоя қилмайди.

Бу оятда Аллоҳ таоло фақат ўзингизни оловдан қутқариб қолинг, ўз амалингизни бажаринг-у хотиржам бўлаверинг, демаяпти, балки аҳли оилангизни ҳам оловдан қутқаринг, деб буюрмоқда.

Ҳозирги кунимизда шундай ҳолатлар тез-тез учраб турадики, бир киши ўзи жуда ҳам диндор, намозларга ўта эътиборли, аввалги сафда ҳозир бўлади, рўза тутади, закот беради, Аллоҳ йўлида мол сарфлайди. Лекин оиласига қарасангиз, у киши ва оиласи орасида ер билан осмонча фарқ бор. Бунинг йўли машриқ тарафга кетса, болалариники мағрибга кетади. Аёли ва фарзандларида диний вазифаларни бажариш, ўрганиш ҳақида умуман фикр ҳам йўқ. Гўё гуноҳлар денгизига ғарқ бўлгандек улар. Шу ҳолатда оила бошлиғи бўлмиш зот хотиржамлар!

Яхшилаб тушуниб олиш керакки, агар инсон ўз аҳли оиласини оловдан қутқариш ҳақида фикр қилмас экан, унинг бир ўзи нажот топа олмайди. Чунки уларни қутқариш ҳам оила бошлиғининг зиммасидаги фарз ҳисобланади. Агар инсон бунда дангасалик ёки бепарволик қилса ёхуд "Мен ўз амалимга ўзим жавоб бераман, болалар бошқа тарафга кетса, нима ҳам қила оламан?!" деса, охиратда муохаза қилинади.

Мавзуга оид мақолалар
Гўзал ўрнак, албатта, жамиятда ўз аҳамиятига эга. Диндор, тақводор, илммаърифатли, гўзал хулқли кишилар доим давоми...

14:14 / 08.05.2019 2257
насиҳат  Aссалому алайкум, қалблари беғубор, кучқувват, ғайрат ва шижоат соҳиблари бўлган азиз ёшлар. давоми...

21:00 / 06.01.2020 2655
  Германиядаги мусулмонлар фарзандлик бўлишди. Суннатга эргашган ҳолда, ота боласининг сочини етти кунда давоми...

21:22 / 19.01.2017 3728
Аввал маълум қилганимиздек, кириб келаётган муборак Рамазони шариф арафасида Аллоҳ таоло биз ожиз давоми...

13:43 / 24.12.2016 3025