Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Агар Аллоҳ таъоло сизга 70 йил умр ато этса, бу йилларни сиз қуйидагиларга сарф қилган бўлардингиз:
24 йилни уйқуга
14 йилни ишга
8 йилни ўйин-кулгига
6 йилни дастурхон устида
5 йилни йўлда
4 йилни суҳбатга
3 йилни таълим олишга
3 йилни ўқишга
3 йилни телевизор кўришга
Агар бир кунда 5 маҳал намоз адо этсангиз, бутун 70 йиллик умрингизни атиги 5 ойини сарф қилган бўлардингиз.
Нима? Сиз умрингизни энг оз қисмини сизни яратган Аллоҳ учун сарф қила олмайсизми?
Намоз арабчада «солат» дейилиб, луғатда «яхшиликка дуо» деган маънони англатади.Шариатда эса: такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган зарур шартга эга амал намоз дейилади.
Намоз Исро кечасида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан олдинроқ фарз бўлган.
Беш вақт намоз фарзлиги Қуръонда ҳам, суннатда ҳам, ижмоъда ҳам қайта-қайта таъкидланган.
Намоз балоғатга етган ҳар бир мусулмон учун фарзи айн бўлиб, ҳар ким ўзи учун намоз ўқимоғи фарздир.
***
Намоз Ислом динининг иккинчи рукни бўлиб, калимаи шаҳодатдан кейинги энг улуғ фарз ҳисобланади.
У мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига банда шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари кўп.
Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситаси.
Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, унга муножот қилади. Шу ибодат-ла руҳий-маънавий лаззат олади.
Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.
Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир.
Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, у доимо ўз эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради.
Намоз намозхонни Аллоҳга яқин қилади, унинг иродасини мустаҳкамлайди, бу дунё матоҳларидан ўзини юқори тутишга ўргатади ва ўз эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.
Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. У кишига интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади.
Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга, эга бўлади.
Намозни масжидларда жамоат билан ўқиш афзал бўлиб, намозхонлар орасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлайди, куч жамоатда – бирликда эканини англатади, ижтимоий боғланиш ва ҳамкорликни кучайтиради.
Жамоат намози – кишилар ўртасида тенгликни намойиш қиладиган энг муҳим омил. Намозда банда ,ким бўлишидан қатъий назар, бир жойда, бир сафда туради бир хил амални бажаради ва Аллоҳ таологагина банда эканлигини изҳор этади .
Бандаларнинг намозда жамоат шаклида имомга бўйсуниши, бир мақсадга йўналиш кўринишлари намоён бўлади. Ҳатто жамоат намози орқали мусулмонлар бир-бирлари билан танишиб, биродар бўладилар, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишга, бир-бирларининг ҳолларидан хабар олишга одатланадилар. Ораларида бемор, мазлум, ҳожатмандлар чиқиб қолса, ёрдам берадилар.
Шу билан бирга, улар бир-бирларининг хатоларини ҳам тузатадилар.
Намоз – мусулмон кишини ғайримусулмондан ажратиб турувчи энг асосий белги. Шунинг учун ҳам намозхон одамни ҳамма ҳурмат қилади, унга ишонади, ундан хотиржам бўлади.
Қолаверса, намоз поклик рамзи.
Намозхон одамнинг, энг аввало, қалби пок бўлади. Унинг наинки қалби, бадани, кийим-боши ва макони ҳам пок бўлади. Намоз кишининг руҳий, маънавий ва жисмоний соғлиги учун ниҳоятда зарур нарса экани ҳозирда ҳеч кимга сир эмас.
Намознинг фойдаларини қатор оят ва ҳадисларда батафсил ўрганамиз, иншааллоҳ.
«Намозни тўкис адо этинглар. Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир», (Нисо сураси, 103-оят, мазмун)
Бу ояти карима намознинг фарзлиги ҳақидаги оятларнинг бири бўлиб, ундаги намозни тўкис адо этиш ҳақидаги буйруқ фарзни ифода этади. Намознинг вақтида фарз қилингани эса уни ўз вақтида адо этиш лозимлигини англатади.
«Ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарадир», (Анкабут сураси, 450-оят, мазмун)
Шарҳ: Бу оятдаги амр ҳам фарзни ифода этади. Шу билан бирга, оятда намознинг ҳикматларидан бири –ҳақиқий намоз ўз эгасини фаҳш ва ёмон ишлардан қайтариши таъкидланмоқда.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:
«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Исро кечаси ҳақида Ал-Исро сурасида баён этилади. Бу ҳодисани муфассал баён қилинган ҳадиси шарифлар ҳам кўп, ҳаммаси, иншааллоҳ, ўз ўрнида ўрганилади. Ҳозир эса маълумот учун қисқача қилиб, қуйидагиларни билсак, кифоя:
«Исро»нинг луғавий маъноси «кечаси сафар қилиш»дир.
Шариатда эса «Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси Буроққа миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилишлари тушунилади.
Бу ҳодиса баъзи ҳанафий уламоларининг таҳқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.
Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга, Меърожга олиб чиқилганлар. Ўша ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган. Кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётганларида Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар ва у киши: «Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар. У Зот: «Эллик вақт намозни», деганлар. Мусо алайҳиссалом: «Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ таоло бир оз камайтирган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундоқ қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор, бориб қайтганларидан сўнг Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва: «Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмас. Албатта, сенга мана шу бештада элликтанинг (ажри) бор», деган.
Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимдан уяламан», деб қайтмаганлар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Намознинг Аллоҳ таоло томонидан фарз қилингани.
2. Намоз Исро кечасида фарз қилингани.
3. Намоз аввал эллик вақт фарз қилиниб, кейин беш вақтга туширилгани.
4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги сўз ўзгартирилмаслиги.
5. Ислом умматига Аллоҳ таоло меҳр кўрсатиб, беш вақт намозига эллик вақт намознинг ажрини бериши.
6. Ислом осонлик дини экани. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.
Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.