Беҳуда сарфланган 10 дақиқа...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган эканлар: «Эй одам боласи, сен маълум кунлардан иборатдирсан. Сен учун бир куннинг кетиши бир қисминг, бир бўлагинг кетиши демакдир». Кунларимиз эса соатлардан, соатлар эса дақиқалардан ташкил топгандир. Гоҳида бир неча дақиқа вақтимизни беҳудага сарф қилганимиздан ачинмаймиз. Ваҳоланки, бир дақиқа ёки бир сонияда ҳам аҳамиятли бўлган, натижаси улкан бўлган ишлар қилиш мумкин. Масалан, 10 дақиқа вақтимизни беҳуда ишларга сарфладик дейлик. Ўн дақиқада қандай аҳамиятли иш қилиш мумкин? Қуйида бунга жавоб излаб кўрамиз. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, (номаи аъмолига) битта яхшилик ёзилади. Ҳар бир яхшилигингиз ўн баробар мислича қилиб берилади. Мен «алиф, лом, мим»ни бир ҳарф демайман. Балки «алиф» бир ҳарф, «лом» бир ҳарф ва «мим» бир ҳарфдир», дедилар. Имом Термизий ривояти. Ўртача ҳисобда ҳисобласак, киши бир дақиқада Қуръони Каримдан 100 та ҳарфни бемалол ўқий олади. Юзта ҳарф учун биттадан бериладиган савобни Аллоҳ таоло ўн маротаба кўпайтириб берса, мингта савоб бўлади. Демак, Қуръони Каримни шошмасдан, бемалол ўн дақиқа ўқишимизда 1000 та ҳарф ўқисак, ўн мингта савоб бўлар экан. Ёки беҳудага сарфланган ўн дақиқада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишимиз мумкин эди. Бир дақиқада шошмасдан, ўртача узунликдаги саловатдан 15 марта айтиш мумкин десак, ўн дақиқада 150 марта айтиш мумкин бўлади. Бунинг баъзи самараларини эса қуйида ўрганамиз. Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад. Камаа соллайта ала Иброҳима ва оли Иброҳим. Ва баарик ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад. Камаа барокта ала Иброҳима ва оли Иброҳим. Ва тароҳҳам ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад. Камаа тароҳҳамта ала Иброҳима ва Оли Иброҳим», деса, мен қиёмат кунида унга гувоҳ бўлиб, шафоатчи бўламан», дедилар». Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади ва ўнта хатосини ўчиради», дедилар». Салама ибн Вардондан ривоят қилинади: «Анас ва Молик ибн Авс ибн Ҳадасонларнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатгани чиқдилар. Орқаларидан ҳеч ким эргашмади. Умар сопол парчасини ёки покловчи нарсани олиб эргашди. У Зотни хурмо атрофига уни суғориш учун қилинган ҳовузчада сажда қилган ҳолда кўрди. У нарироқ бориб орт томонларига ўтирди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўтариб туриб: «Эй Умар, саждада турганимни кўриб, нари кетиб яхши қилдинг. Жаброил келиб, менга: «Эй Муҳаммад! Сенга ким бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади ва унинг даражасини ўн марта кўтаради», деб айтди», дедилар». Агар ўн дақиқа вақтимизни беҳудага сарфламай истиғфор айтганимизда нима бўлар эди? Киши шошмасдан, бир дақиқада ўртача 80 марта «Астағфируллоҳ»ни бемалол айтиши мумкин. Бу ўн дақиқада 800 марта бўлади. Бир марта истиғфор айтганда битта гуноҳ кечирилса, ўн дақиқада ўртача 800 та гуноҳдан халос бўлиш мумкин экан. Албатта, истиғфорни бундан бошқа яна кўплаб фойдалари бор. Бўш вақтда, албатта, Қуръон тиловат қилиш, саловат айтиш ёки истиғфор айтиш шарт эмас. Исталган зикрни қилиш, илм ўрганиш, силаи раҳм қилиш ёки бошқа хайрли амаллар қилиш мумкин. Албатта, барчаси учун савоб бор. Муҳими амал Аллоҳнинг розилиги учун бўлса, бас. Биз юқорида келтирганларимиз вақтимизни беҳудага сарфламаслик учун мисол тариқасида қилинган ҳисоботлар, холос. Ҳар бир амални қабул қилувчи, унга Ўзи билиб савоб берувчи Аллоҳ таоло, албатта. Истаса, бундан-да кўпайтириб бериши ҳам мумкин. Биздан эса ихлос билан амал қилишлик талаб қилинади.
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф тайёрлади.
Мавзуга оид мақолалар
Роббиъул аввал ойида оиламиз Роббиъул аввал ойи ҳар доимгидек бу ойнинг фазилатларини кўп сўзлашишдан, давоми...

13:14 / 12.12.2017 2949
Ҳурматли опасингиллар Бутун оламга раҳмат соясини солиб келган улуғ Рамазон ойи Сизга ва Сизнинг давоми...

12:07 / 09.02.2017 6205
  «Ийд» сўзи  «қайтиш» маъносини билдиради. Байрамлар қайтақайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг давоми...

19:04 / 30.11.2016 4468
Ойижон, мен, албатта, бу йил рўза тутаман, деди. Жамол ўз онасига Рамазондан бир кун олдин. Сен эндигина 6 га давоми...

18:28 / 28.12.2016 2946