Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шанба куни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад
ибн Салмон томонидан малика Рима бинти Бандар ибн Султон ас-Сауднинг АҚШга элчи
қилиб тайинланиши тўғрисидаги қироллик фармони эълон қилинди. Шу тариқа Рима
бинти Бандар Саудия тарихидаги биринчи элчи аёл бўлди.
Малика Рима 1983-2005 йилларда Саудия Арибистонининг АҚШдаги элчиси бўлган шаҳзода Бандар ибн Султоннинг қизидир.
Кўпчилик бу ҳодисани подшоҳлик учун катта қадам дея баҳолади. Жумладан, Саудия Арабистонининг Россиядаги элчиси Райед Кримли шундай дейди: “Саудиянинг илк аёл элчиси бу ўринга муносиб аёлдир. У бизнинг Вашингтондаги ёш қарашларимизнинг жўшқинлиги ва интилишларини ифодалайдиган энг яхши инсон. У шаҳзода Султон ва Қирол Файсалнинг набираси, шаҳзода Бандарнинг қизи ва шаҳзода Сауднинг жияни. У Вашингтонни болалигидан билади, шу билан бирга ўз подшоҳи ва мамлакатига хизмат қилиш учун садоқату ихлос билан ишлайди. Ўзи ишлаган барча лавозимларда у фақатгина элита қатлам учун эмас, балки жамиятнинг ҳар бир қисми учун тараққиётни таъминлашга ҳаракат қилган”.
Вашингтондаги Жорж Вашингтон Университетини битирган малика аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида ишлаб, Саудия Арабистонининг давлат ҳамда хусусий секторларида фаолият олиб борган.
2013 йилда малика Рима Саудия аёлларининг турли имкониятларга эга бўла олишини таъминлашни мақсад қилган “Алф Хайр” номли ижтимоий ташаббусни йўлга қўйди.
2016 йилда у Саудия Арабистони Спорт Бош Бошқармасининг аёллар бўлими раҳбари ўринбосари этиб тайинланган. Бир йилдан сўнг Саудия жамоат спорти федерациясининг илк аёл раҳбари бўлди. АҚШ элчиси этиб тайинланишидан аввал у Саудия Арабистони Спорт Бош Бошқармасининг тараққиёт ва режалаштириш бўйича вице-президенти эди.
2018 йилда CNN га берган интервьюсида малика Рима шундай деган эди: “Ҳокимиятда ишлайдиган аёл сифатида менинг вазифам нафақат элита жамияти, балки бутун бир жамият яхлит ҳолда олға боришига ёрдам берадиган масалаларни ёритишда давом этишдан иборат”.
Малика Рима исми 2014 йилда Fast Company нинг Бизнесдаги энг ижодкор инсонлар рўйхатида қайд этилган. У, шунингдек, Forbes нинг 2014 йилдаги Яқин Шарқнинг энг нуфузли 200 араб аёли рўйхатига киритилган.