ФЕЙСБУК: ОДОБЛАРИ ВА ҲУКМЛАРИ Иккинчи фасл Шахсий саҳифага (профилга) доир одоблар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шахсий саҳифага (профилга) доир одоблар
Шахсий саҳифангда бериладиган матнлар исломий шариатимизга мувофиқ бўлиши керак. Масалан, шахсий саҳифани номлаш, унга сурат қўйишда бунга бефарқ бўлмаслик керак. Шунингдек, профилда бериш мумкин бўлган бошқа маълумотлар ҳақида қуйида тўхталиб ўтамиз.
- Саҳифани номлаш одоблари
Исм (ном) қўйиш – шаръий талаблардан бири бўлиб, унинг қоидалари шариат томонидан белгилаб, тартибга солиб қўйилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хунук исмлар қўйишдан, шунингдек, бировни кўкларга кўтарадиган, ортиқча мадҳ қиладиган исмларни қўйишдан қайтарганлар. Масалан, «Барра» (ўта яхши), «Тақийя» (ўта тақводор) ва шу каби исмларни ўзгартирганлар, Абдуллоҳ, Абдурроҳман каби исмларни қўйишга ундаганлар. «Ҳарб», «Мурра» каби исмлар билан номлашни эса кариҳ кўрганлар.
Шариатнинг бу масалага аҳамият беришининг сабаби шуки, мусулмон киши барча ишларни, ҳатто баъзилар енгил санайдиган исм (ном) қўйиш каби ишларда ҳам ҳушёр бўлиши керак.
Фейсбук саҳифаларини номлашда амал қилиш керак бўлган бир қанча одоблар бор.
- Аллоҳ азза ва жалладан бошқага бандалик қилиш ҳаромдир.
Уламолардан бири шундай дейди: «Аллоҳ азза ва жалладан бошқага бандалик қилишни ифодалайдиган Абдулуззо, Абдуҳубал, Абдуамр, Абдулкаъба ва шунга ўхшаш исмларни қўйиш ҳаром эканига иттифоқ қилинган. Фақат Абдулмуттолиб деган исм бундан мустасно».
Демак, исм ёки ном Аллоҳдан бошқага бандалик қилишни ифодамаслиги лозим экан. Шунинг учун Абдуррасул, Абдуннаби, Абдулкаъба ва шу каби исмлар қўйилмайди. Фақат Аллоҳ азза ва жаллага бандаликни ифодаловчи, У Зотнинг исмлари билан боғлиқ Абдулқодир, Абдулфаттоҳ каби исмлар қўйиш жоиз ва марғубдир. - Саҳифани Аллоҳ таборака ва таоло фақат Ўзигагина хослаган исмлар билан номлаш ҳаромдир.
Ар-Роҳман, Ал-Ҳакам, Ал-Аҳад, Ас-Сомад, Ал-Холиқ, Ар-Роззақ, Ал-Жаббар, Ал-Мутакаббир, Ал-Аввал, Ал-Ахийр, Ал-Ботин ва Алламул ғуюб каби исмлар Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.
У Зот субҳанаҳу ва таолога хос бўлган исмлар, масалан, Моликул мулк исми билан номлашниш ҳаром эканига далиллардан бири қуйидаги оят ва ҳадисдир:
Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди: «Унга тенгдошни билурмисан?» (Марям сураси, 65-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳузурида энг хор исм – Маликул амлок деган исмдир. Чунки Аллоҳ азза ва жалладан ўзга Молик йўқдир», дедилар».
Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган.
Шундай экан, Аллоҳ таолодан бошқага ҳам қўйса бўладиган муштарак исмлар билан номлаш мумкин. Масалан, Алий, Латиф ва Бадиъ каби исмлар шулар жумласидандир. Бундай исмлар инсонларга нисбатан кулланганда Аллохга нисбатан кулланганда ирода килинган маъно кузда тутилмайди.