Насиҳат қилишларини ёқтирмайсизми?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзан атрофга қарасак, ҳамма бизга қандай кийинишни, қандай ўқишни, қандай ишлашни, қандай яшашни ўргатаётгандек туюлади. Улар буни «дўстона маслаҳат» деб ҳам атайдилар. Бу маслаҳатчилар яхши ниятда гапирган бўлсалар-да, баъзида уларнинг бу каби муносабатлари кишининг ғашига тегиб, таъбини хира қилиши мумкин.

Эҳтимол, сиз ўзингиз атрофдагиларга тез-тез маслаҳат бериб турарсиз, балки сиз атрофингизда бўлаётган ишнинг нотўғри эканини билиб, унга муносабат билдиришни бурчингиз деб биларсиз... Агар сизнинг мақсадингиз ўз нафсингизни қондириш эмас, балки инсонга ёрдам бериш бўлса, Исломнинг насиҳат қилиш борасидаги ахлоқ нормаларига назар ташлаб қўйинг.

Ҳалим бўлинг!

Бировга насиҳат қилар экансиз, буни фақатгина унга бўлган муҳаббатингиз сабабли қилинг, унга етадиган ёмонлик сизни хафа қилишига ишончингиз комил бўлсин. Албатта, ёмонликни тўғрилашни ўз бурчи деб билганидан насиҳат қилган кишини айблаб бўлмайди. Бироқ киши насиҳатни фақат шунинг учунгина қилса, меҳр-шафқат ва ҳамдардлик ҳисси кейинги ўринларда қолиб кетади. Бу ҳолатда инсонларнинг ҳис-туйғуларига озор бериб қўйиш ҳеч гап эмас.

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир» (Наҳл сураси, 125-оят).

Кимгадир маслаҳат бермоқчи бўлсангиз, овозингизни паст, хотиржам ҳолда сақланг, нима учун шундай қилса, яхши бўлишини тушунтириб беринг, суҳбатдошингизни ерга урманг, унга ўзини ақлсиз деб ҳис қилишига йўл қўйманг, ундан кўра яхши билишингизни пеш қилгандек маъруза қилманг. Ҳурматни сақланг! Ҳалимликда бардавом бўлинг.

Бахтга қарши бу нарсалар бугунги кунда камёб бўлиб қолди. Атрофимизда ақлли, кўп нарсани биладиган кишилар кўп, аммо уларнинг ҳаммасини ҳам оқил деб бўлмайди. Оқиллик камтарлик ва бошқаларни тушунишга ҳаракат қилиш билан тугал бўлади. Бу каби асосий хислатлари бўлмаган киши бошқаларга ўз насиҳати билан фойда бериши амри маҳол.

Насиҳатни махфий қилинг!

Баъзи мусулмонлар одамларни қилган қарорлари учун бошқаларнинг олдида изза қилишни одат қилганлар. Бу жуда жиддий хато эканини доим ёдда тутиш лозим. Ислом бу каби хулқни ҳар қандай кўринишда, ҳар қандай ҳолатда қилишни қоралайди.

Ҳадиси шарифда: "Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, то уни ўз уйида ҳам шарманда қилади", дейилади (Ибн Можжа ривояти).

Насиҳатнинг ҳақиқати

«Насиҳат» сўзи араб тилида «самимийлик», «холислик» маъноларини билдиради.

Тамим Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар. «Ким учун?» дедик. «Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

Шундай экан, дўстларимизга Аллоҳ таолога, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони каримга ва мусулмон имомларимизга нисбатан қилган ихлосимиз каби самимийлик билан насиҳат қилишимиз лозим.

Маслаҳат бериш одоблари

  • Нутқингиз гўзал, ўзингиз мулойим бўлинг. Ҳеч қачон хафа ёки жаҳлингиз чиққан пайтингизда насиҳат қилманг.
  • Сабрли бўлинг. Бу бора сабр жуда муҳимдир. Сиз насиҳат қилмоқчи бўлган киши оғир пайтларни бошдан кечираётган бўлиши мумкин. Насиҳатингиз билан уни янада пастга тортманг. Шунингдек, у сизнинг маслаҳатингизга дарҳол амал қилиб кета олмаслиги мумкин. Ўзингизнинг вазифангизни бажаргач, уни холи қўйинг, шунда унда мушоҳада этишга ва насиҳатингизга амал қилишга вақт бўлади.
  • Насиҳат қилаётган инсонингизнинг шахсий ҳудудини ҳурмат қилинг. Уни бошқалар олдида муҳокамага қўйманг. Афсуски, кўпчилик инсонларни бировга дардини айтиб, маслаҳат сўрашдан қайтариб турадиган нарса гапининг бошқаларга ҳам етказилишидан қўрқишидир.
  • Бирор ишни «тузатиш»га киришишдан аввал у ҳақида яхши маълумотга эга эканингизга ишонч ҳосил қилинг. Фақат тахмин билан ёки ўзингизга алоқаси йўқ бўлган вазият борасида бировга маслаҳат беришдан ўзингизни тийинг.
  • Вазиятни топа билинг. Насиҳат қилишга мос фурсатни топиш жуда муҳим.
  • Ўзингиз амал қиладиган нарсани маслаҳат беринг. Бу жуда оддий, бироқ кўпчилик амал қилмайдиган нуқта. Ўзингиз ҳам қилмайдиган ишни бировга маслаҳат берманг.

«Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми? Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсиз-ку. Ақлни ишлатмайсизми?!» (Бақара сураси, 44-оят.)

Маслаҳат олаётган кишининг одоблари

  • Ғурурингизни ютинг. Камтар бўлинг, ҳеч ким сизга ҳужум қилмаяпти. Суҳбатдошингиз нимани гапираётганини диққат билан тингланг.
  • Шахсиятингизни ривожлантиришга ҳарис бўлинг. Ҳеч ким мукаммал эмас. Хулқингизни яхшилаш учун яқинларингиздан насиҳат эшитиш энг яхши қадам бўлиши мумкин.
  • Миннатдор ва шукр қилувчи бўлинг. Яқинингиз сиз ҳақингизда қайғураётганини, сизга ёрдам беришга уринаётганини қадрланг. Яхши ўртоқ тишингизга кўкат кириб қолганини айтадиган ўртоқдир, куни билан шу ҳолда юришингизга қўядиган киши эмас.
  • Очиқ фикрли бўлинг. Дўстингиз сизга сиз аввал ўйлаб кўрмаган нуқтаи назардан қараши мумкин.
  • Маслаҳатга амал қилиш ниятингиз йўқ бўлса ҳам, раҳмат айтишни унутманг. Сизга берилган ҳар бир маслаҳатга амал қилишга мажбур эмассиз. Лекин ўзингизни хотиржам тутинг.

Инглиз тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
  28 апрелдан бошлаб «Аиша» халқаро аёллар клуби Шайх Муҳаммад Содиқ номидаги МДММ билан ҳамкорликда ва давоми...

00:24 / 29.04.2018 2893
Кейинги ўн йилликларда ишлаётган аёлларга бўлган муносабат сезиларли равишда ўзгарди уй бекаси мақомини давоми...

15:06 / 22.11.2016 2883
Аллоҳ таоло айтади «Либосларингизни пок тутинг» Муддассир сураси, 4. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

09:40 / 29.11.2016 3812
Баъзи соғлигимиз учун фойда деб билган одатларимиз, аслида бизга зарар келтиради. Шулардан бири кун давоми...

21:25 / 25.01.2017 7963