Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ойнаи жаҳон масаласида, параболик антенна масаласида мусулмонлар ўртасида узоқ баҳслашувлар бўлган. Бундай ҳолат сўнгги, интернет хизматлари йўлга қўйилган техника асрида, глобаллашув даврида яна такрор юзага келди. Шу жумладан, аёлларнинг интернетдан фойдаланиши масаласида ҳам тортушувлар авж олди, ҳали ҳам давом этмоқда. Тўғриси, анча аввал бу масала кўтарилганида, бироз ранжиган эдим. Нима учун аёл киши инсон сифатида бошқалар фойдаланган нарсалардан фойдаланмаслиги керак, деган савол мени қийнаган эди. Мана энди, шу кунларда мазкур тортишувларнинг сабабини англагандек бўляпман. Баъзи аёлларимизнинг интернет тармоғидаги беҳаёликлари ўзини билган ҳар қандай кишини ҳайратга солмоқда.
Биз сайтимиз ходималари билан маслаҳатлашиб, шу йилнинг февраль ойини интернетга боғлиқ ишларнинг ислоҳоти учун хослаган эдик. Мутахассислар билан бир неча суҳбатлар уюштирдик. Абу Молик Али Муҳаммад Шавқийнинг қаламига мансуб «Фейсбук ҳукмлари ва одоблари» номли асарни таржима қилиб, ҳар ҳафта сайтимиз саҳифаларида, каналларимизда фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилиб боряпмиз. Мана шу ишларга қўшимча тарзда баъзи хонимларга танбеҳ бериш истаги ҳам мени анчадан буён ўйлантириб келаётган эди.
Аслида бундай икир-чикир бўлиб кўринган нарсаларни ёритишни хуш кўрмайман. Аммо динимизга, аёлларга ва уларнинг шаънига зид бўлган ҳолатларни ёритиб, уларга маълум маънода насиҳат қилишни, кези келганда танбеҳ бериб, тўғри йўлни кўрсатишни бурчим деб биламан.
Баъзида Фейсбук ижтимоий тармоғини кузатиб тураман. Гарчи ҳозирда мазкур тармоқда аввалгидек фаолият юргизмай қўйган бўлсам-да, манфаатли хабарлардан, дунё янгиликларидан воқиф бўлишда фойдаланаман. Шунингдек, у орқали инсонларнинг ҳолатини ҳам кузатиб бораман. Фейсбукда аёллар учун очилган гуруҳлар бор. Охирги пайтарда бундай гуруҳларда бемаъни постлар ниҳоятда кўпайиб кетди. Эҳтимол, у ердаги хонимлар бизни аёллардан бошқалар кузатмайди деб, бемалол бўлиб қолишгандир. Лекин пост қўйган, «ёқди» деган тугмани босган ва изоҳ қолдирган аёлларнинг дўстлари ичидаги эркаклар бу ҳолатларни бемалол кузата олишади. Баъзи хонимларга бу борада танбеҳ берган ҳам бўлдим. Улар: «Гуруҳда фақат аёллар кўришади, деб ўйлабмиз», деган узрни айтишди. Яна ҳам ачинарлиси, шундай бемаъни нарсаларни ҳавола қиладиганлар ичида профилига мўминаликка далолат қиладиган суратларни қўйганлар ҳам, исмлари мусулмонлигига далолат қиладиганлари ҳам бор. Хўп, бундай нарсаларни эркаклар кўрмайди ҳам дейлик. Лекин аёллар орасида бу каби фаҳш ва ахлоқ-одобга зид нарсаларни тарқатиш жоизми? Аллоҳ таоло Нур сурасининг 19-оятида шундай марҳамат қилади:
«Нур» «Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз».
Ижтимоий тармоқлар инсонларга кўплаб соҳаларда кенг имкониятлар беришини инкор этмаймиз. Лекин у ҳам қайсидир маънода бир жамиятни ташкил қилишини ҳаммамиз биламиз. У ердаги мазкура хонимлар воқеликда, кундалик ҳаётларида ҳам ўзларини шундай эркин тутармикинлар? Кўча-кўйда, уйида, ишхонасида одамларнинг кўз ўнгида шундай шармсиз гапларни гапира олармикинлар? Ўзларини очиб-сочиб, атрофдагиларга намойиш қила олармикинлар?
Бу гапларимни ўқиган кишиларда «Шунчалик нималар қилишаётган экан ўша аёллар?» деган савол туғилиши табиий. Баъзи намуналарни келтиришга ижозат бергайсиз:
Туғруқ жараёнига оид гап-сўзлар, суратлар, ҳаттоки видеотасвирларни ҳам қўйишади. Тафсилотлари билан ёзишади. Камига бу мавзуни обдон чайнаб, баҳс қилишади. Аёл киши авра-астарини, яширин ҳис-туйғуларини, сиру асрорларини очгани сайин қадрсиз бўлиб боришини бу опа-сингилларимиз билишармикин?
Бир хоним қабзиятдан азоб чекар экан, ўша жараённи батафсил ёзиб, даво истагида маслаҳат сўрабди. Аввало, ушбу муаммони бу тарзда ўртага олиб чиқиш шарт эмас. Бу дарднинг давосини ҳар жойдан топиш осон. Қолаверса, маслаҳатга эҳтиёж бўлган тақдирда ҳам, бошидан кечирган бутун жараённи элга достон қилиш шарт эмас. Бу иш беҳаёликдан, аҳмоқона журъатдан бошқа нарса эмас.
Энг аянчли ҳолатлардан яна бири – эр-хотин ўртасидаги нозик сирларни ёйиш. Ишонаверинг, жуфтлар орасида бўладиган ва бўлиб ўтган ҳолатларни батафсил ёзиб, бунинг устига суратлари билан таъкидлаш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳам ахлоқсизликнинг, андишасизликнинг далолатидир.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлганидан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Бундай ҳолатлар жамиятда фасод тарқалишига олиб келади, холос. Кимдир мазкур гапларни майда санаши мумкин. Ўзим ҳам бу каби мавзудан сўз очишни ёқтирмайман аслида. Аммо бу ҳар қандай мўмин-мусулмонни даҳшатга соладиган, қалбида ғазаб оловини ёқадиган ҳолатдир. Шундай нарсаларни очиқ-ойдин намойиш этишга журъат қилишгача етиб келдикми, ҳолимизга вой!!!
Динимизда бундай ахлоқсизликлардан қайтарилган. Ўзбекчилигимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз ҳаргиз бундай нарсаларни оқламайди. Аёл зоти одобдан, ахлоқдан, назокату латофатдан маҳрум бўлибдими, бунда ҳеч қандай хайр бўлмайди. Аллоҳ таоло аёл зотини ибодатидан тортиб, муомалотларида, ҳар бир хатти-ҳаракатида, ҳар бир ишида сатрли бўлишга, ҳаёли-иболи бўлишга, иффатли бўлишга буюрган. Аёл мана шундай неъматлардан, Аллоҳ таоло унинг фитратига қўшиб берган фазилатлардан ўзини ўзи маҳрум қилибдими, у хорликдан бошқа нарсага эришмайди!
Муҳтарама опа-сингиллар! Сиздан илтимосим, юқорида айтилган номаъқулчиликларга қарши курашайлик. Бепарво бўлмайлик. Ҳаммамиз имконимиз қадар мазкур ислоҳотга ўз ҳиссамизни қўшайлик. Бундай андишасизликлар ўзимизнинг фарзандларимиз, қизларимизнинг келажагига салбий таъсир кўрсатишини унутмайлик.
Зеро, Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин. Ана ўша энг заиф иймондир», деганлар (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).
Аллоҳ таоло аёл-қизларимизни аёликка хос фазилатлардан бебаҳра қилмасин! Омин!