Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусулмон киши учун бугунги куни кечаги кунидан афзал бўлмоғи, эртанги куни эса бугунги кунидан афзал бўлмоғи лозимдир. Буюкларимиз ҳаётларига назар солсак, улар бу қоидага амал қилганларини кўрамиз. Шунинг учун ҳам улар буюк бўлганлар.
Афсуски, бугунги кунда бу қоидага амал қиладиганлар кам учрамоқда. Унутмаслик лозимки, киши олдинга қараб интилмаяптими, демак, орқага кетиб қолиши ҳеч гап эмас. Хўш, бугунги кунимиз кечаги кунимиздан афзал бўлиши ва эртанги кунимиз бугунги кунимиздан афзал бўлиши учун нима қилмоғимиз даркор? Бунинг энг осон йўли «Бугун – сўнгги кун» номли шиорни маҳкам тутиш лозим.
Масалан, бир киши ҳаммага машҳур бўлган, дейлик. Бугунги кунда давоси топилмаган беморликка чалиниб қолса, агар ўзини билган киши бўлса, хайрли амалларни кўпайтириб, имкон қадар охиратга кўпроқ заҳира тўплаш ҳаракатида бўлади. Уни бунга ундаган нарса ўлимининг яқинлиги ҳақида ташвишга тушганидир.
Ваҳоланки, ўлим соғ ёки беморликка кўра эмас, белгиланган умр соати тугаши билан келадир. Бу иш бугун ҳам, эрта ҳам ёки энг қисқа сониялардан сўнг бўлиши ҳам мумкин. Бу сатрларни мен ёзиб бўлишга балки улгурмасман ёки уни ўқувчи кимлардир ўқиб бўлишга улгурмас...
Ҳа, ўлим бизга шу қадар яқинки, у билан орамиздаги масофани тахмин қилиш учун энг қисқа масофа ҳам кўплик қилади. Биз буни дилдан ҳис этмаяпмиз, холос. Агар кимки буни ҳис этса, ўлими яқинлашиб қолган бемор каби хайрли амалларни кўпроқ қилишга интилади. Унутмайлик, бизга берилган бу қисқа умр ўтиб кетади, бунинг оқибати эса абадий дўзах ёки абадий жаннат бўлиши мумкин!
Бу ҳаётга бир бор келиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг жамолини кўришдек улуғ бахтга мушарраф бўлиш имконини бой бермоқдан-да аламли азоб борми?!
Уламоларимиз жаннатга кирган ҳар бир киши ҳам Аллоҳ таолонинг жамолини кўравермайди, фақат олий тоифадаги жаннат аҳллари кўради, дейдилар. Бас, шундай экан, ўша олий тоифадаги жаннатийлардан бўлмоқликка интилайлик.
Бунинг учун эса хайрли амалларни кўпроқ қилиб, Роббимизнинг ризолигига эришмоққа ҳаракат қилайлик.
Унутманг! Бугун сўнгги кун бўлиши мумкин, ҳозирданоқ хайрли амалларни кўпроқ қилишга киришинг.
Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф