Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони каримни ўқиб, қалбингиз эриган, Аллоҳнинг каломини ҳақиқатда ич-ичингиздан ҳис қилган онларингизни эсланг. Бу ҳаётингиздаги энг лаззатли, энг қадрлар дақиқалар эмасми? Бироқ руҳимиз юксалган лаҳзалар бўлгани каби унинг чўккан, хотиржамлигини йўқотган пайтлари ҳам бўлади.
Ибодат пайтида ҳақиқий илоҳий мулоқотда бўлмаган қалб худди робот каби ишлай бошлайди. Тўғри, намоз – фарз, уни адо этишга буюрилганмиз. Бироқ баъзан намоз ўқиётган киши ҳиссиз робот каби маълум ҳаракатларни бажаради-ю, унда диққатни жамлаш, ихлос, хушуъ ва хузуъ етишмайди. Гўё намозни “авто-пилот”да ўқиётгандек.
Руҳий итоат
Ҳаётимдаги энг чуқур лаҳзалардан бири шаҳодат калимасини келтиришимдан аввал содир бўлган. Мен руҳан ўта ёмон ҳолатда, синиш нуқтасида эдим. Бироқ бу айнан мен учун керакли нуқта эди. Чунки ўша “синиш нуқта”мдан кейин ўзимни қайта тикладим. Мен ожизлигимдан йиғлардим. Ўшанда жисмим ҳамда қалбим ожизликдан итоат ва синиқлик ҳолатига кирди. Мен Аллоҳдан ҳидоят сўрадим. Чанқаган инсон сувга ташна бўлганидек, ҳидоятга ташна эдим.
Ўша дуо ўзим тасаввур қила олмайдиган даражада ижобат бўлди. Балки бу ташқаридан ғалати эшитилар, бироқ ўша менинг “синган” ҳолатим иймон ҳаловатига тўла эди. Мен мутлақо итоатда эдим, қалбим “Сенинг измингдаман, Роббим! Сенинг ҳамма амрингни адо этаман! Мени Ўзингга яқин қил! Сенга муҳтожман!” дея фарёд қиларди. Мен инсон маънавий юксакликка эришиш учун, албатта, “синиш” керак, демоқчи эмасман. Бироқ машаққат онлари бизнинг идрокимизни ўзгартиради, Аллоҳ таолога яқин қилади.
Афсуски, бир неча йиллардан сўнг атрофимдаги кўп мусулмонлар сингари менинг ҳам ибодатларим бора-бора автоматик тарзга ўтди. Намозларимнинг ҳаловати йўқолди, бу шунчаки қилган-қилмаганимни текшириб турадиган кундалик ишга айланди. Мен фақатгина фарз амалларни қолдирмасликка, ҳалол ва ҳаром ишларни ажратишга эътибор бердиму илоҳий муҳаббат, Аллоҳнинг нурига бўлган интилиш четга чиқиб қолди.
Шайтоннинг шивири
Нафсимизга қарши жиҳод қилаётган ушбу лаҳзаларда “Бу шайтоннинг иши эмасми?” деган ўйга боришимиз табиий. Ҳақиқатда шайтон бизни ибодатдан узоқлаштира олмаса, унинг сифатини бузишга ҳаракат қилади. У аҳмоқ эмас! Агар шайтон бизни намоз ўқишдан тўхтата олмаса, намозимизнинг руҳини – бизнинг диққатимизни, ихлосимизни ўғирлаб, уни жонсиз кундалик юмушга айлантиришга уринади. Аллоҳ таолодан бундан паноҳ сўраймиз.
Қандай қилиб бу даражага келдик?
Инсон бир кунда эрталаб уйғонганда йўқ жойдан руҳий қашшоқликка юз тутмайди. Бу узоқ вақт давомида содир бўлади. Тасаввур қилинг, бир челакка ҳар куни бир майда тошдан ташлаб борасиз. Бошида челак анча вақтгача енгил туюлади. Бироқ вақт ўтгач, у оғирлашиб, охир-оқибат кўтара олмайдиган даражага келади.
Баъзан мусулмонлар ғайрати келганда кўп вазифалар, нафл намозларни ўзларига лозим тутиб оладилар. Бу, албатта, жуда яхши. Бироқ бу инсоннинг тоқатидан ташқари даражага етганда нафсга оғир кела бошлайди ва инсон учун ҳузур бағишламай қўяди. Бир ишга шиддат билан киришиш охир-оқибат уни тезда ташлаб қўйишга олиб келмаслиги керак. Ҳаётимиз мувозанатли бўлиши учун шиддатлардан қочиб, озроқ бўлса ҳам, бардавом амалларни қилган афзал. Динимизнинг мўътадиллик борасидаги кўрсатмаларини эсласак, унда кўп ҳикматларни топамиз.
Руҳиятимизни қандай юксалтиришимиз мумкин?
Мазкур масалани узоқ муҳокама қилса бўлади. Бироқ иймонимизни мустаҳкамлаш йўлларини ахтармас эканмиз, бу фақатгина шикоятдан иборат бўлиб қолади.
Айни масала борада баъзи олимлар ибодатларни ҳар хил қилишни тавсия этишади. Албатта, Қуръон ўқиш – муҳим, бироқ ушбу амал захирангиздаги ягона восита бўлмасин. Психология нуқтаи назаридан ҳам бу яхши маслаҳат. Кишининг кундалик юмуши бир хил бўлмаса, унинг автоматик тарзга ўтиб қолмаслиги ва ўша ишга сидқидилдан киришиши осон бўлади. Масалан, тасаввур қилинг, автомобил ҳайдовчиси ўзининг доимий ҳудудида машина ҳайдаётганда диққатини қандай жамлайди-ю, янги жойда ҳайдаётганда қандай жамлайди? Зикрга вақт ажратинг, тафсир, ҳадис каби китобларни мутолаа қилинг, муҳтожларни зиёрат этинг ва ҳоказо. Ибодатнинг турлари кўп.
Ўзингиздан “Нима учун?” деб сўранг
Кундалик танловларингизга қаранг. Дунё сизни чалғитишига йўл қўйиб қўймаяпсизми? Соатлаб вақтингизни ножўя телекўрсатувларга сарфлаб юбормаяпсизми? Таомни кўп тановул қилиш ёки ташлаб юбориш билан исроф қилмаяпсизми? Жойнамоздан Фейсбукка шошилмаяпсизми? Сўнгги бор қачон Қуръон ўқидингиз? Бу саволларга ҳаққоний жавобни фақат ўзингиз бера оласиз. Ҳар бир амалингизни нима учун қилаётганингизни ҳис этинг. Энг муҳими, Аллоҳ томон юринг. Агар мусҳафингизни чанг босган бўлса, муаммонинг бир қисми сизга аллақачон маълум. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизга: “Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз”, дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 152-оят).
Ўзингизга солиҳ дўстлар танланг
Атрофингизда сизга яхши таъсир кўрсатадиган дўстларингиз давраси бўлиши муҳим. Ўзингизни қанчалар кучли деб ўйламанг, агар ҳар куни фитна ичида қолсангиз, у сизга секин-аста таъсир қила бошлайди. Ота-оналар ўз фарзандларининг мактабда ёмон гуруҳга қўшилиб қолмаслигининг тараддудида бўлганлари сингари биз ҳам ўзимизни ёмон давралардан эҳтиёт қилишимиз лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бежизга: “Киши дўстининг динидадир. Кимни дўст тутаётганингизга назар солинг”, демаганлар (Термизий ривояти).
Хулоса
Биз инсонмиз. Руҳиятимизда паст-баландликлар бўлиши табиий. Унинг тушиши биз учун иймонимизни мустаҳкамлашга, илоҳий мулоқотга аввалгидан ҳам чуқурроқ шўнғишга янги имкон бўлиши мумкин. Тўғри, буни қилишдан кўра айтиш осонроқ. Мен ҳам сиз каби ҳолатдаман. Бунда ҳаммамиз биргамиз, бир умматмиз. Руҳий юксалишга эришиш, ибодатларингизни ҳузур-ҳаловатга айлантириш учун Рамазонни кутманг. Рамазонга тайёр ҳолда киринг!
Аллоҳ қалбларимизни Ўз нури билан мунаввар қилсин!
Моник Ҳассон,
инглиз тилидан эркин таржима