Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло инсон наслини пок ва ҳалол йўл билан давом эттириш учун никоҳланишни, оила қуриб яшашни жорий қилган. Шу боис оила мавзуси динимиздаги энг муҳим масалалардан бири саналади. Зеро, кишилик жамияти айнан оилалардан ташкил топади. Шундай экан, оиланинг мустаҳкамлиги жамиятнинг барқарорлиги демакдир. Ушбу муҳим масалада юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, унга оид қонунларда оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни ўзаро меҳр-муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам асосида, барча оила аъзоларининг масъулияти ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонуний асосда ҳимоя қилинишини таъминлаш кўзда тутилган.
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Яхшилик ва силаи раҳм», «Бахтиёр оила», «Оила – фароғат қасри», «Соғлом бола», «Кексаларни эъзозлаш» каби кўплаб асарларида ҳам Исломда оила ва оилавий муносабатларга оид жуда кўп муҳим ва долзарб мавзулар ёритилган.
Айни кунларда Туркияда бўлиб ўтаётган халқаро анжуман ҳам оила институтига бевосита оиддир.
Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгаши аъзолари 21, 22 ва 23 июль кунлари Истанбулда бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда иштирок этмоқда. Анжуманда Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг турли мамлакатларда фаолият олиб бораётган шўъбаларидан ташриф буюрган 20 аъзоси қатнашмоқда. Анжуманга қўмитанинг васийлик кенгаши аъзоси ҳамда оила қўмитаси раиси доктор Назиҳа Маориж хоним раислик қилмоқда. Анжумандан кўзланган асосий мақсад «Оила қўмитаси»нинг дастурларини бирлаштириш ҳамда самарали режа ва стратегияларни ишлаб чиқиб, Хотин-қизлар қўмитасининг меъёрий ҳужжатларини тузиш ҳамда унинг келгусидаги устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилашдан иборат.
Анжуманда Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгашининг бош котиби шайх доктор Солим Шайхий жаноблари сўзга чиқиб, жумладан, шундай деди: «Таъсис ҳужжати қўмитанинг мақсадлари, хусусиятлари, фаолият соҳалари ва қадриятларига оид барча саволларга жавоб беради».
Доктор Маориж хоним ҳам ўз нутқида «Анжуман оилавий масалалар билан шуғулланади ҳамда яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган иш режаларини ишлаб чиқади», дея таъкидлаб ўтди.
Биринчи сессиядан сўнг васийлик кенгашининг раиси шайх доктор Солиҳ Шайхий жаноблари ушбу семинар икки муҳим масалани ўз ичига олганини айтди: биринчиси – Бутунжаҳон мусулмон уламолари кенгаши Аёллар қўмитасининг ҳужжатларини тайёрлаш. Иккинчиси – қўмита ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга эришиш учун керак бўладиган барча моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш масаласи.
Васийлик кенгаши аъзоси, «Аёллар ва оила қўмитаси» раиси, доктор Маориж хоним ушбу семинар оила ва аёллар масаласига оид яқин ва узоқ муддатли стратегик режалар устида иш олиб борилаётганини айтди.
Анжуман фаолиятида қўмитанинг таъсис ҳайъати аъзоси Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳам қатнашмоқдалар.