Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(Немис муслима аёлининг тавсиялари)
Ҳар ойнинг шу куни яна келади... яна кўнгил ғамга ботиб, тушкунлик бошланади. Қизим дунёга келгунича, 5 йил давомида мана шу ҳисларни бошдан кечирдим. Фарзандли бўлиш учун куйиб-пишаётган аёллар нимани назарда тутаётганимни яхши тушунишади.
Қизалоқли бўлишим учун 5 йил керак бўлди. Бу орада турмуш ўртоғим билан жуда кўп қайғули, зиддиятли, синовли кунларни бошдан кечирдик. Ҳомиладор бўла олмаслик жуда қийин синов. Баъзан атрофингизда барча оилалар фарзандли эканини кўриб эзилиб кетасиз. Ирим қилиб сиздан ўзларини олиб қочганларида, бу изтиробга дош беролмай қоласиз. Яна аччиқ кесатиқлар, қаттиқ тегадиган гаплар билан ярангизга туз сепадиганлар ҳам учраб туради.
Кўплаб даволанишлардан сўнг, ниҳоят, турмуш ўртоғим билан навбатдаги муолажа пайти... Ой кўриш муддатим кечикди, қаттиқ ҳаяжонда эдим... ва ҳомиладор бўлганимни билдим. Бу Аллоҳнинг “Бўл!” деган буйруғи эди холос. Субҳаналлоҳ!
Биринчи фарзандим дунёга келгач, тезроқ иккинчи фарзанд учун
ҳаракат қилиш ниятида эдик. Бироқ бизни истагимиз рўёбга чиқмади – менда кўкрак
саратони борлиги аниқланди. Уч йиллик муолажа ва кутишлардан сўнг кейинги
фарзанд учун ҳаракат қилишим мумкинлигни айтишди.
Биз аввалги кураш майдонимизга яна қайтдик. Лекин энди аввалгидек ёш эмасдик...
Шунга қарамай, бизда ўтган йиллар давомида орттирилган тажриба бор эди...
Ана шу тажрибалардан
келиб чиқиб, она бўлиш орзусида машаққатли кунларни бошидан кечираётган
аёлларга бир неча тавсияларимни етказмоқчиман:
1. Дуо қилишдан асло тўхтаманг.
Ҳар куни Аллоҳдан бизга фарзанд беришини сўраб дуо қиламан. Шунда ҳам баъзан тушкунликка тушиб қоламан. Кейин Иброҳим алайҳиссаломнинг фарзанд сўраб тинимсиз дуо қилганларини ва ўзлари кутмаган вақтда Аллоҳ дуоларини ижобат этганини эслайман.
2. Вақти-вақти билан кўнглингизни бўшатиб олинг.
Бу ғалати туюлиши мумкин, аммо дардингизни ичингизда сақлаб юраверсангиз, яна ҳам тушкунликка тушиб қоласиз. Ҳар гал “ой кўрган”имда бир-икки кун кайфиятимни ўз ҳолига қўяман яъни, ўзимни хафаликдан чалғитишга уринмайман. Кейин ўзимни қўлга олиб, эътиборимни ҳаётимдаги неъматларга қаратаман. Вақти-соати келиб, ниятим рўёбга чиқишига ишонишда давом этаман.
3. Ўзингизни севинг.
Бу қайғудан чалғиш учун ўзимга кўпроқ эътибор бераман. Яхши кўрган егуликларим билан ўзимни сийлайман, ўзимга оро бериб, ташқи кўринишим устида ишлайман, севимли китобларимдан ўқийман. Бу машғулотлар кайфиятимни кўтаради.
4. Турмуш ўртоғингиз билан ҳамдард бўлинг.
У ҳам шу ғамни бошидан кечирмоқда. Доимо бир-бирингизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинг. Шунда бу синовда яна ҳам кучли бўласиз, айрилиб кетмайсиз...
5. Фарзандли бўлиш учун даволаниш режасини тузинг.
Никоҳингиздан бир йилдан кейин (бир йилгача фарзанд бўлмаслигига табиий қаралади) ҳам ҳомиладор бўлмаган бўлсангиз, шифокорга учранг. Турмуш ўртоғингиз билан текширувлардан ўтиб, шифокор кўрсатмаси бўйича, режали тартибда даволанинг.
6. Сабрли бўлинг.
Бу жуда қийин ва машаққатли синов. Сабр-тоқатли, бардошли бўлинг. Бу узун йўлни сабр-тоқат, бардош билан босиб ўтиб, энг яхши мукофотга – фарзанд неъмати эга бўласиз, иншааллоҳ.
7. Асло Аллоҳ ёмон кўргани учун фарзанд бермаяпти, деб ўйламанг.
Бу нотўғри фикр! Тарихда мавқелари юқори бўлган, илмли, тақводор, солиҳа оналаримиздан айримлари битта фарзанд билан ўтишган, ҳатто айримлари фарзанд ҳам кўрмаган. Оиша розияллоҳу анҳонинг фарзандлари бўлмаган. Марям розияллоҳу анҳонинг эса Исо алайҳиссаломдан бошқа фарзандлари бўлмаган...
8. Биринчи фарзандингизга етарлича эътиборли бўлинг.
Сиз иккинчи фарзанд учун ҳаракат қилаётган бўлсангиз, биринчи фарзандингизга етарлича ғамхўрлик қилинг. Аллоҳга ушбу марҳамати учун доимо шукрда бўлинг. Фарзандингиз сизни қийнаётган муаммо туфайли жабр кўрмаслиги керак. Аксинча, у ўзини севимли, қадрли эканини ҳис қилиши лозим. Биринчи фарзандингиз ўзига ука ёки сингил олиб келишингизни сўраши мумкин. Унга бу иш Аллоҳнинг қўлида эканини, кўпроқ дуо қилишимиз кераклигини тушунтиринг. Фарзандингиз ўзини оиласи учун кераксиз боладек ҳис қилишига йўл қўйманг.
9. Бошқалар ҳаққига дуо қилинг.
Фарзандли инсонларни кўрганингизда уларнинг ҳаққига холис дуо қилинг. Униб-ўсишини тиланг. Шу билан бирга, бошқа бефарзанд оилалар ҳаққига ҳам дуода бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
«Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганида муваккал фаришта: «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
10. Фарзандли бўлишнинг бошқа йўлларини ҳам кўриб чиқинг.
Даволаниш ва бошқа уринишлар фойда бермаётган бўлса, турмуш ўртоғингиз билан маслаҳатлашган ҳолда бола асраб олиш ҳақида ўйлаб кўринг. Шариатда бунга ҳақиқий ота-оналикни даъво қилмаслик шарти билан рухсат берилган. Агар етим болани асраб, яхшилик билан улғайтирсангиз, жаннат башорати ҳам берилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қиланадиган
уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга ёмонлик қилинадиган
уйдир», дедилар.
Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб:
«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз» дедилар».
Айтиб ўтганимдек, бефарзандлик оила учун оғир синов. Баъзан бу узоқ давом этиши мумкин. Лекин биз доимо Аллоҳ биз билан эканига, У биз учун энг афзалини насиб этишига умид қилишимиз керак. Ишончимизни асло йўқотмаслигимиз керак. Аллоҳга бўлган муҳаббат ва ишончга тўла қалб билан тақдиримизга рози бўлишимиз лозим. Бу синовни бошидан кечираётган инсонлар учун айтадиган сўнгги гапим:
“Роббимиз бизни жуда яхши кўради! Агар Роббимиз бу ҳаётда бизга фарзанд бермаётган бўлса, абадий ҳаётда бизни энг яхши чақалоқлар билан сийлайди, иншааллоҳ. Ёдда тутайлик, Холиқ Зот биз учун нима, қачон яхши эканини шаксиз билади. Ва, албатта, вақти келганида бизга энг яхшисини насиб этади. Ҳеч қачон умидни узманг. Сиз учун Раҳмли ва Меҳрибон Зотдан солиҳ фарзандлар сўраб қоламан... “
Оиша тайёрлади.