Инъом
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1994-95 йиллар… Бошланғич синф ўқувчиси эдим.

Ота-онамнинг кўзлари ожиз. Улар ногиронлик нафақасини олишарди. Шунингдек, кўзи ожизлар учун махсус ишларда ҳам тинмай ишлашарди. Биз – олти нафар бола ота-онамнинг мана шу нафақа пулларига ва маошига кун кечирардик.

Ота-онам нафақа ёки маош олишса, пулни қаерга сарфлашни, нималар сотиб олишни одатда бизнинг олдимизда гаплашишарди.

Олти жон бола. Ҳаммамиз ейман, ичаман, кияман, деб турган пайтимиз. Бу ой биримизга оёқ кийим, қай биримизнинг эгнимиз юпунроқ бўлса, ўшанга кийим олиниб, бошқамиз то нариги ойнинг маошигача сабр қилиб, олдин кийганимизни кийиб турадиган пайтлар эди.

Қорнимизга қилсак, устимизга етмайди. Устимизга бутласак, қорнимизга.

Бировдан "картошка бериб туринг, сабзи бериб бериб туринг", деб сўрамаслик ва у сўраб олинган нарсани эртасига қайтаришни ҳам ўйлаб, аввало рўзғорга энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлаб олишга ҳаракат қилар эдик.

Ун, ёғ, гуручдан то тузу гугуртгача. Токи қўшнилардан сўрашга ҳожат бўлмасин.

Кўп қаватли уйда яшаганимиз учун тўловлар ҳам шунга яраша кўп ва хўп эди.

Биз яшаган жойда ўттиздан ортиқ кўп қаватли уйлар бўлиб, мактабимизда мингдан зиёд ўқувчилар икки сменада ўқирдик. Мен ўшанда мактабга тушлик пайти борардим.

Оилада учтамиз мактабга, иккита синглим болалар боғчасига боришарди. Кенжа укам  чақалоқ бўлиб, ойим ўзлари қарар эдилар.

Ота-онам бизга фақат нафақа олган кунларигина мактабга пул беришган. Ўшанда ҳам бир-икки кун, бир сўмдан. Бошқа пайт рўзғорнинг ўзидан ортмасди. Беришмаса, "Пул беринг", демасдик.

Ўша пайтда мактабимиз ошхонасидан бир сўмга коржикми, биляшми, олса бўларди.

Мен эса мактабимиз дарвозасининг ўнг томонида жойлашган Собитхон аканинг дўконидан узум олардим.

Қизиқ-а!?

Кимдир: "Узум ҳам оладими?" дейиши мумкин.

Менга кеч кузда пишадиган узум жуда ёқарди. Собитхон аканинг дўконидаги  оч пушти, цилиндрсимон, тўқ пушти холли, доналари унчалик зич жойлашмаган бу узумлар қиш пайти ҳам янги узилгандек, ейилса карсиллаб турарди. Бир сўмга ана шу узумдан бир бош берарди. Бир бош узумни уйдан олиб борган ноним билан ер эдим. Қорним бемалол тўярди.

Уйимизда пул бўлган пайтда бозорда қандай мева чиққан бўлса, икки-уч килограмм олиб келиб, ҳаммамиз бир дастурхонда жам бўлган пайтимиз ердик.

«Камбағалнинг бир тўйгани чала бойигани», деганларидек, бошқа пайт егимиз ҳам келмас эди. Йўқ бўлса, "олиб беринглар", деб оёқ тираб, туриб олмас эдик.

Бир куни тушлик пайти. Мактабга жўнаш арафасидаман. Роса узум егим келди. Олай десам, пулим йўқ. Олмай десам, егим келяпти. Ота-онамдан пул сўрай десам, уйда пул йўқлигини биламан. Пул йўқлигини билиб туриб сўрасам, ота-онам: "Қизим бир сўмгина сўради, шуни ҳам бера олмадик-а..." деб хафа бўлишлари мумкинлигини ўйлаб, ота-онамдан пул сўрамадим.

Мактабга доим дугоналарим билан кўпчилик бўлиб борардик. Ўша куни ёлғиз кетишни истадим. Узоқроқ, одам кам юрадиган йўлдан юрдим.

Ёлғиз ўзим мактабга кетяпман-у, фикру хаёлим мактабимиз ёнидаги дўконда сотиладиган узумда.

"Пулим бўлса эди, олардим...

Ҳозир шундай ўнгга буриламан, мактаб кўринади ва ёнида дўкон... Дўконда эса чиройли узумлар..."

Узумни ўйлаган сарим оғзимдан сув оқиб, егим келарди. Жудаям егим келганидан йиғлаб юбордим...

"Пулим бўлса эди, бир сўм бўлса эди, мазза қилиб узум олардим..."

Ўйламай десам ҳам, хаёлимга, кўз олдимга ўша узум келаверди...

Худди ҳозир ердан чиқиб қоладигандек, ерга қараб кетдим.

Уч қадам юрдимми ёки тўрт қадам... Кўзим мендан салгина нарида, ерда  ётган узумга тушди.

Ўйлайверганимдан кўзимга узум кўриниб кетди деб ўйлаб, кўзимни яхшилаб ишқалаб қарадим. Кўрганим ҳақиқатда ҳам  узум эди.

"Ё тавба! Осмондан тушдими, ердан чиқдими?" Ҳайрон бўлиб қолдим. Югуриб бориб, узумни қўлимга олдим. “Субҳааналлоҳ!”

Узумни олар эканман, “Тушимми, ўнгимми?” деб, ўзимга ишонмасдан, қўлимни чимчилаб кўрдим. Оғриқни сезгач, "Ўнгим экан", дедим ўзимга ўзим.

Худди узумни биров тортиб оладигандек, атрофга аланглаб қарадим.

Ва секингина уч марта: "Кимники? Кимники? Кимники?" дедим.

Узумни санасам, саккиз дона экан.

Айнан мен ёқтирган, худди дўконда сотиладиган узумга ўхшаш бир шингил узумнинг мен егим келган пайтда олдимда пайдо бўлиши мўъжиза эди.

Одам жуда кам юрарди у йўлдан.

Узумни олиб, "Раҳмат, эй Худойим, раҳмат", дея тинмай раҳмат айтардим. (“Алҳамдулиллаҳ” дейишни билмаганман шекилли).

Ҳар бир узум донасини қўлимга оларканман, узумга узоқ тикилиб, тезда тугаб қолмаслиги учун битта-битта узиб еб, мактаб дарвозасига етиб келдим.

Ҳар еганимда табассум қилиб, жудаям узум ейишни хоҳлаган пайтимда айнан ўзим ёқтирган узумни етказган Роббимга нисбатан қалбим шукрга тўларди. Ўзгача завқ билан, севинчдан йиғлаган кўйи узум доналарини ер эдим...

«Бу узумни менга Роббимнинг Ўзи етказди. Осмондан туширдими, ердан чиқардими, билмайман. Лекин у узум айнан мен учун аталган», деган ширин ўй миямда чарх урарди.

Роббим мени ниҳоятда  хурсанд қилган эди. Ўша куни то кечгача кўтаринки, қувноқ кайфиятда юрдим.

Кейинчалик мактабни битириб, лицейга ўқишга кирдим.

Ўшанда ҳам баҳорги мевалар илк чиққан пайтда қиммат бўлиб, ота-онамнинг нафақалари чиққунча у меваларнинг нархи ҳам анчагина арзон бўлиб қоларди. Қиммат бўлса-да, одамларнинг сотиб олаётганига беихтиёр кўзим тушса, хаёлимдан "Худо хоҳласа, яқинда ота-онамнинг нафақалари чиқса, биз ҳам ўша мевалардан олиб еймиз", деган фикр ўтарди. Роббимнинг марҳамати билан ўша куни лицейдан уйга келсам, худди ана шу мева уйимизда пайдо бўларди: қайсидир қўшнимиз олиб чиққан ёки отам олиб келган бўларди.

Алҳамдулиллаҳ!

Шу ва шунга ўхшаш воқеалар ҳаётимда кўп содир бўлади. Улар тушкун ҳолатларга, вазиятларга тўқнаш келганимда менга куч беради. Умидимни узмасликка, нимадир керак бўлса, бандасидан эмас, фақат Роббимдан сўрашга, сўраганимда ҳам, ишонч билан, чин дилдан сўрашимга туртки бўлади. Бир шингил узумни ҳам Роббимнинг инъоми деб биламан. Роббимнинг инъомлари эса бисёрдир. Берганига, бераётганларига беҳисоб шукрлар бўлсин, дейман.

Азиза Қурбонова

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Ҳайсам вақтдан қандай фойдаланганТожсимон вирус дунё бўйлаб тарқалиши сабабли дунё аҳлининг кўп қисми карантинда ўтиришга мажбур бўлаябди. Вақтини жамоат давоми...

11:45 / 28.04.2020 3323
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон туғилганлар            Жавоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фил санасида туғилганлар.

03:24 / 24.11.2017 2135
Кунига ўн оятдан ёдланса, 1 йилу 9 ойу 3 кунда.Кунига ярим бетдан ёдланса,3 йилу 4 ойу 24 кунда.Кунига бир бетдан ёдласа,1 йилу 8 ойу 12 кунда.

11:48 / 03.04.2023 2755
   Мен сизга мақоланинг учинчи қисмини етказаётган бир пайтимда аллақачон ижтимоий тармоқдаги профилимни, яъни саҳифамни ёпиб бўлганман. Кимгадир айтган ўз давоми...

00:39 / 01.03.2017 4829