Бировни ноҳақ айбламанг
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Бугун сешанба куни. Университетга шошиб боряпман. Биринчи пара  мен ҳурмат қиладиган домланинг дарси. Бу домладан нафақат билим олардим, балки у кишининг катта тажрибаси, салоҳияти, салобати ҳам  менга катта куч-қувват берарди.  Дарс ҳар доимгидек жуда мароқли ўтди. Танаффусга қўнғироқ  чалинди. Озгина тобим йўқ  эди, дори ичиб олиш учун ошхонага югурдим. "Илтимос, менга бир чашка..." Гапим оғзимда қолди.  Сотувчи дағдаға ила менга бақирди:

"Опа, сиз олдин кечаги чашкани бизга қайтариб беринг!"

"Қайси чашкани, синглим?"

Ҳайратдан лол бўлиб қолдим.

 "Кеча лимон чой олиб чашкамизни қайтариб бермадингиз! Нима дарров, ёдингиздан чиқдими? Уялмайсизми?"

 Унинг бу уятсизларча, сурбетларча  гапидан уялиб кетдим.  Атрофимдаги болаларимдан кичик бўлган элликтача талабанинг  менга қадалган нигоҳларидан уялиб кетдим.  Юзларим қизарди,  вужудим титрарди...  Мен  бир ҳафтадан бери ошхонага кирмаган эдим. Шиша чашкада ҳам чой ичмаган эдим. Бир-икки марта шиша идишда кофе ичганимни эслайман, аммо уни аудиторияга олиб кирмай ошхонада ичган эдим.

“Мен чашкангизни нима қиламан? Мен олганим йўқ. Сизларга нечта керак? Уйимдан олиб келиб бераман!"

Ор-номус, ҳамият, ҳалоллик...  Мен доим асраб-авайлайдиган қимматли туйғулар эди.  Бу туйғуларим  топталишини ҳечам истамасдим...   

“Ҳа, олиб келинг! Аввал бизникини қайтариб беринг... Уят сизга... Яна рўмол ўраб олганичи?.. Ўзи шу аёлмиди?"

У савол назари билан иккинчи сотувчига қаради. Иккинчи сотувчи эса менга тикилиб,  "Ҳа,  шу аёл эди", деди пинагина ҳам бузмай. Мен эса...  Улар наздида ёлғончи бўлдим, бировнинг ҳақига хиёнат қилгувчи бўлдим.   Ўзимни шунча уринсам-да, оқлолмадим. Уларни адашганини айтмоқчи бўлдим.  Сотувчи  эшитгиси ҳам келмай тинмай айблаверди. Мен ортиқ тоқат қилолмай, ташқарига отилиб чиқдим. Ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим. Мен учун энг қимматли бўлган туйғуларимни  топтаган бу сотувчи аёллардан қалбим қаттиқ оғриди.

Йўл-йўлакай кетарканман, ният қилдим: “Уйга бораман-да,  оппоқ чашкалардан ўнтасини олиб, уларга катта ҳарфлар билан "Бировни ноҳақ айбламанг" деб ёздириб, ўша сотувчиларга ҳадя қиламан...”

Ўзбекистон Миллий университетининг 3-курс талабаси, муслимаат.уз сайти психологи Мадина Джураеванинг дард ила ёзганлари қалбимга ботди.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради", дейдилар (Имом Табароний ривояти). Афсуски  айрим кимсаларнинг бировларни қўрқмай айблаб, ҳаё қилмай, унда йўқ нарсаларни айтишга журъати, ҳадди етади. Роббимиз амрларини, Пайғамбаримиз алайҳиссалом эслатмаларини билса-да, “унутади”. Охират манзилларида бу хатолари қимматга тушишини бир зум ҳам ўйлаб кўрмайди.

Нега бундай ишлар қилишга журъатимиз етади, ҳаддимиз сиғади?!

 Нега бир-биримизга бундай туҳматлар, маънавий озорлар бераётганимизда Роббимиз буйруқларидан қўрқмаймиз?! Азоблари муқаррар эканини “унутиб” қўямиз?!

Нега бу умматнинг саодати учун ғам чеккан  севикли Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларини ўқисак-да, ваъдалари ҳақлигини билсак-да,   ўзимизнинг “билган”ларимиздан қолмаймиз?!

Эй қалби Роббисидан қўрқувчи инсон, бир зум бировга ноҳақ гапиришдан олдин ўйлан! Уни ноҳақ ва туҳмат гапинг руҳан ўлдиради, бу дунёни кўзига тор қилади.  Аллоҳ таоло Ўзининг ҳаққига бандаси тажовуз қилса кечиради, аммо бошқа бир банданинг ҳаққига тажовуз қилинган пайтда ўша ҳақ эгаси кечирмагунча, уни  мағфират қилмайди. Унда ҳолимиз не кечади, амалларимиз сарҳисоби қандай бўлади?

Бир киши иккинчи кишини урса, бирор жойига шикаст етказса жиноятчи ҳисобланиб, қонун олдида жавоб беради. Аммо ўша одам иккинчисига нисбатан маънавий жиноят қилса-чи... Маънавий жиноят  моддий, яъни, жисмонан ҳис этиладиган жиноятдан ҳам ёмонроқ бўлади. У инсон ҳуқуқларини қўпол равишда поймол қилиш бўлиб, улар  инсонларнинг обрўйини тўкишга сабаб бўлади. Инсоннинг обрўйини тўкиш эса, Ислом динида катта жиноятдир. Бир одамни беобрў қилиш уни ўлдириш ва молу мулкини тортиб олиш билан тенг ҳисобланади.

Билиб-билмай бир-бировига маънавий озор берган кимсалар бир зум ўйланиб, хато қилганини тан олсалар ва қилган хатолари учун озор берган кишидан узр сўрасалар, нур  устига аъло нур бўлади. Зеро, охират манзили ҳар биримиз боришимиз аниқ бўлган манзилдир. Бу манзилда ҳисобимиз енгил бўлиши учун бугунимизни ислоҳ қилиб олсак, иншааллоҳ, охири бахайр бўлади...

Райҳона

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Керакли маҳсулотлар        1. 4 дона помидор 1 та кичкина айсберг карами 300 г мол ёки товуқ гўшти 300 г давоми...

21:45 / 21.09.2017 51992
Бугун 18 апрель 2019 йил санасида Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ҳилолнашр нашриётига ҳам ўз давоми...

21:24 / 18.04.2019 1996
embedhttpswww.youtube.comwatchvMCCTzfH1wembed

11:02 / 07.03.2017 4834
Қалбларга юпанч бўлишга ҳарис бўлинглар. У инсонни муваффақият томон бошлайди. Мана, Эдисонни олайлик, олим давоми...

22:28 / 08.03.2023 2073