Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бухоролик олим – муҳаддис, фақиҳ Абдуллоҳ Субазмуний (ваф. 340/952 й.) ўзининг «Кашф алосор фи маноқиб Аби Ҳанифа» (бу асар ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланади) асарида турли олимлар, Бухорода яшаган ва фаолият олиб борган кўплаб муҳаддислар қатори, Абу Ҳузайфа Исҳоқ ибн Бишр (ваф. 206/821 й.) ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтган. Унинг «Ал Мубтадо» номли асари мавжуд экани ҳақида Ҳожи Халифа ўзининг «Кашф аз-зунун» асарида айтиб ўтган.
Субазмуний Абу Ҳузайфа Исҳоқ ибн Бишрнинг асли қаердан эканини кўрсатмаган бўлса ҳам, унинг Бухорога келиб қолиши ҳақидаги қуйидаги ривоятни келтиради: «Халифа Маъмуннинг бир насроний вазири бўлган. Халифа уни кўп марта Исломга даъват қилганидан сўнг вазир шарт қўяди. Бу шарт тўртта саволдан иборат бўлиб, унга жавоб беришса, Исломга киришини айтади. Халифа олимларни жамлайди ва улар насроний вазирнинг саволларини тинглайдилар. Лекин мажлисда ҳозир бўлган олимларнинг ҳеч бири бу саволларга жавоб бера олмайди. Олимлардан бири бу саволларга икки киши жавоб топиши мумкинлигини, у икки кишидан бири Абу Муқотил Самарқандий, иккинчиси Абу Ҳузайфа Балхий эканини айтади. Амирал муъминин у икки кишини ҳузурига чорлаб, хат жўнатади. Аммо чопар Самарқандга етиб келганида, Абу Муқотил Самарқандийнинг вафотига уч кун бўлган эди. Чопар Балхга қараб йўл олади. Абу Ҳузайфа хатни олгач, халифанинг ҳузурига боради. Амирал муъминин бўлган воқеани унга айтиб беради. Қайтадан мажлис йиғадилар ва насроний ҳам келиб ўтиради. Шунда Маъмун насронийга Абу Ҳузайфа Исҳоқ ибн Бишрни таништиради ва Исҳоққа: «Эҳтимол, сенинг қўлингда мусулмон бўлар», дейди. Абу Ҳузайфа билан насроний қарама-қарши ўтирадилар. Исҳоқ ибн Бишр: «Хоҳлаган нарсангни сўра», дейди. Насроний биринчи саволини беради: «Жаннатда шундай бир жой борки, ундан доимий равишда олиб турилса ҳам, камаймайди. Унинг дунёдаги ўхшашини кўрсат». Абу Ҳузайфа: «Бу илмдир, ундан мунтазам олиб турсанг ҳам, камаймайди», дея жавоб беради. Насроний: «Тўғри айтдинг», дейди. Исҳоқ: «Яна саволингни бер», дейди. Насроний: «Жаннат аҳли жаннатнинг яхшилигидан тўймайди. Бунинг дунёдаги мисолини келтир», дейди. Абу Ҳузайфа: «Аллоҳнинг каломи. У қайта-қайта, такрор-такрор ўқилади, лекин унга ҳеч ким тўймайди», дея жавоб беради. Насроний: «Тўғри айтдинг», дейди. Абу Ҳузайфа: «Яна савол бер», дейди. Насроний: «Жаннат аҳли ейдилар, ҳурликда юрадилар, бавл қилмайдилар ва ичини бўшатмайдилар. Унинг дунёдаги мисолини келтир», дейди. Исҳоқ: «Бу она қорнидаги бола. У она еган нарса билан озиқланади ва ичган нарса билан қаноатланади, ичини бўшатмайди ва бавл қилмайди», дея жавоб беради. Насроний: «Рост айтдинг», дейди. Абу Ҳузайфа: «Яна савол бер», дейди. Насроний: «Аллоҳдан олдин кимдир бўлганми?» дейди. У: «Қўлингни чиқар, – дейди. Насроний қўлини чиқаради. У: – Бир қўлингни, – дейди. Насроний бир қўлини чиқаради. Абу Ҳузайфа: – Бирдан олдин бошқа нарса борми?» дейди. Насроний: «Йўқ», деб жавоб беради. Исҳоқ: «Худди шунингдек, Аллоҳдан олдин ҳам бирор нарса бўлмаган», дея жавоб берди. Насроний вазир: «Рост айтдинг», дейди. Шундан сўнг насроний энг яхши тақводор мусулмонлардан бирига айланади. Бундан мамнун бўлган Халифа Маъмун Абу Ҳузайфани ўн минг дирҳам бериб, мукофотлайди. Абу Ҳузайфа эса пулни эшикбон, қоровул ва бошқаларга тарқатиб кетади. Бу хабар саройга, халифага етиб келганидан сўнг халифа дарҳол уни қайтариб олиб келишни буюради. Абу Ҳузайфа қайтиб келгач, ундан: «Нима учун мен берган инъомни эшикбон ва бошқаларга тарқатдинг?» деб сўрайди. «Чунки улар сени қўриқлайдилар ва сен учун куйиб-пишадилар, бунга улар ҳақлироқдирлар», деган жавобни беради. Маъмун унинг бу гапига ажабланади-ю, лекин ўзига билдирмайди. Ундаги қатъийликни кўриб, саксон минг дирҳам, улов ва кийим беришни буюради. Абу Ҳузайфа Бухорога қараб йўл олади ва Диукарикаҳ деган мавзега тушади, бир ҳовли сотиб олиб, Бухорони ўзига ватан қилиб, ўша ерда вафот этади».
Бу ривоят орқали бизнинг юртимиздан бўлмаган олимларнинг Мовароуннаҳр ерларига келиб, ўрнашиб қолганликларини ҳамда Бухоро ҳам ўша даврда катта нуфузга эга бўлганлигини англаш мумкин. Бу эса Бухоронинг фақиҳлар ва муҳаддислар юрти эканини кўрсатади.
Абдуллоҳ Субазмунийнинг
«Кашф ал-осор фи маноқиб Абу Ҳанифа» асаридан.
«Омина» журналининг 1433 йил, ражаб, 1-сонидан.