Мен билан ўйнанг, ота!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим! Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Исломда поклик иймондандир. Исломда поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қаралган. Ҳозирда кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланса, Исломда эса бу иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун, аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак.

Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундоқ покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръон ҳам ушлай олмайди.

Исломда поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор. Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба сураси, 108-оят)

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарли!

Шундай экан, покланишга ва шахсий озодалик ишларига нималар киради?! Бу ҳақда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз кўрсатмаларини ҳадис орқали баён этганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн нарса фитратдандир: мўйлабни қисқартириш, соқолни ўстириш, мисвок, бурнига сув олиб тозалаш, тирноқларни олиш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ (туки)ни юлиш, қовуқ (туки)ни қириш, истинжо қилиш ва Мисъаб, ўнинчисини унутдим, оғизни чайиш бўлса керак», деди». Бешовлари ривоят қилишган.

Оиша онамиздан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсон учун ўта муҳим бўлган шахсий озодалик ишларига тарғиб қилмоқдалар. Ушбу ҳадисда келтирилган шахсий озодалик ишларига амал қилиш нафақат бизни соғлигимиз, гўзаллигимиз, балки Аллоҳ таолони рози қилувчи амаллардан ҳисобланади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир», дедилар». Бухорий, Шофеъий ва Насаий ривоят қилишган.

Тирноқ олиш ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бир куни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб, дуолари қабул бўлмаётганидан шикоят қилишибди. Шунда Жаброил алайҳиссалом Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, бунинг сабаби саҳобаларингизни тирноқлари ва мўйлари ўсиб кетган, деган эканлар. Демак, тирноқларнинг ўсиб кетиши дуоларнинг қабул бўлишига тўсиқ бўларкан. Жума куни эса дуолар қабул бўладиган муборак кун ҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз жумага келса, ғусл қилсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума кунининг ғусли ҳар бир эҳтилом бўлувчига вожибдир», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло учун ҳар бир мусулмонга етти кунда бир марта ғусл қилмоқ вожибдир», дедилар. Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Насаийнинг лафзида: «Ҳар бир мусулмон одамга етти кунда бир марта ғусл қилмоқ вожибдир. У кун жума кунидир», дейилган.

Зоҳирийлар ва Имом Аҳмад ушбу ривоятларни эътиборга олиб, жума куни ғусл қилиш вожиб, ўша куни ғусл қилмаган одам тарки вожиб қилган инсон сифатида гуноҳкор бўлади, дейдилар.

Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жума куни таҳорат қилса, суннатдир ва қандоқ ҳам яхши. Ким ғусл қилса, ғусл афзалдир», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилишган.

Жумҳур уламолар бу ривоятга алоҳида эътибор бериб, жума куни ғусл қилиш мандубдир, чунки бу ривоят ғусл вожиб экани ҳақидаги олдинги ривоятларнинг кучини бироз кесади, дейдилар. Нима бўлганда ҳам жума намози учун ғусл қилмоқ яхшидир.

Замонамиз олимларининг аниқлашларича, жума куни кундузги соат 10 билан 12 ни орасида чўмилган инсон организмидаги зарарли нарсалар сув билан ювилиб кетаркан. Бу эса яна бир бор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир суннатларида бир ҳикмат борлигини тасдиқлайди.

Азиз ва муҳтарама опа-сингиллар! Бугунги жума айёми барчаларингизга муборак бўлсин. Ушбу кундаги озодалик ҳам савоб, ҳам одоб, ҳам поклик бўларкан, бундай қулай фурсатни қўлдан бой бермайлик. Барчаларимизга ушбу кунда гўзал ибодатлар, эзгу амаллар ва чиройли дуолар қилишликни Ўзи бизга насиб этган бўлсин. Омин!

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Мавзуга оид мақолалар
Йигирма биринчи кун... Ассалому алайкум. Бугун йигирма биринчи кун. Эрталаб кўчага чиққан эдим. Ҳар давоми...

21:15 / 16.06.2017 3882
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Тонга қасам. Зулҳижжа ойидаги аввалги ўн давоми...

21:24 / 18.06.2023 883
Бисмиллааҳир роҳманир роҳийм «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтурлар. Эй давоми...

21:00 / 02.01.2020 2368
Мазкур сабаблар ўнтадир 1. Қуръони Каримни тадаббур ила маъноларини фаҳмлаб қироат қилиш. 2. Фарз давоми...

12:24 / 17.11.2016 3672