Ҳазратнинг асарларини ўқиб, ишларнинг ўртачаси яхши экани, ғулувга кетишнинг салбий оқибатларини англай бошладим...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


("Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрни" иншолар танловидан)

 "Кўп нарсани йўқотдим, олий таълим муассасасининг талабаси эдим, келажакда яхшигина касб эгаси бўлишим мумкин эди. Кўп дўстларим мендан юз ўгирган эди. Лекин ҳамма юз ўгирсада, ота-она фарзандим деркан, юз ўгирмас экан. Улар оёққа туришимга, ҳаётга қайтишимга ёрдамлашишди. Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин, тан-жонларини саломат, икки дунёларини обод қилсин. 

 Шу вақтда шайх ҳазратларининг янги асарлари нашрдан чиқа бошлади. Улардан "Васатия ‒ ҳаёт йўли" китобини сотиб олдим ва қизиқиш билан ўқий бошладим. Секин -аста адашган жойларимни тушуна бошладим, ишларнинг ўртачаси яхши экани, ғулувга кетишнинг салбий оқибатлари нималарда эканини англай бошладим". 

 

Уйимизда отам кўп китоб ўқийдилар , биз фарзандлар ҳам китобни яхши кўриб улғайганмиз. Раҳматли бувижоним мактабда 40 йил ўқитувчилик қилганлар, она тили ва адабиётидан дарс берганлар. Уйларида учта катта китоб жавонлари бўлиб, жуда қизиқарли китоблар билан лиқ тўла эди. Бувижонимни кўришга борганимда, албатта китоб жавонларидан китоб олар эдим, ёш бўлганим боис ўзлари ёшимга мос бадиий асарларни, саргузашт қиссаларни бир нечтасини танлаб берардилар, ўқиб бўлгач, келтириб жойига қўярдим. Инсон дунёқарашининг кенгайишида, тасаввурининг бойишида, маърифатли инсон бўлиб етишишида устоз ва мураббийларнинг, китобларнинг ўрни беқиёсдир.

Менинг ҳаётимда ҳам барчамиз учун қадрли бўлган устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ёзган асарлари жуда ҳам муҳим ўрин тутади. Ушбу асарларни ўқиб ҳаёт тарзимни ўзгаришига, саодатли ҳаёт кечиришимга олиб келгани тўғрисида ёзмоқчиман.

Талабалик насиб этиб, Тошкент шаҳрига келдим. Қалбда сурур, неча йиллик меҳнат, билимга интилиш, устозлар маслаҳатлари ва дуолари, ота-онамнинг илм олишга тарғиботлари сабаб фанлардан яхши тайёрланиб, юртимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бирига давлат гранти асосида ўқишга кирдим. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди. Сентябр ойидан ўқишга киришиб кетдим. Талабалар ётоқхонасида турар эдим. Ҳамхоналарим ҳам мен қатори 1-курс талабалари бўлиб, дарсга бирга бориб келар эдик.

Бир куни талаба дўстим билан Ислом динимиз тўғрисида гаплашдик ва қўлимга бир китоб берди. Бу Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг "Иймон" номли китоблари эди. Китобда Аллоҳга бўлган иймон, Ислом динининг асослари, Аллоҳга ибодат қилиш ҳақида сўз борар эди. Уни берилиб ўқий бошладим. "Иймон" менинг чин маънода иймонга келишимга сабабчи бўлди, ҳаётимни буткул Ислом тарафга ўзгартиришимга сабаб бўлди, алҳамдулиллаҳ.

Бу китобнинг муаллифи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига ҳурматим ошди, асарларига қизиқа бошладим. Шунда менга у кишининг қаламларига мансуб "Тафсири Ҳилол"нинг 30-порасини топиб беришди. Ўқиган сураларимнинг маъносини билиш, уни тадаббур, тафаккур қилишда "Тафсири Ҳилол" менга устоз эди. Ёшлигимда устозим Султонхон домладан, Аллоҳ раҳматига олсин, таълим олиб, "Муаллимус соний" ва тажвид қоидаларини ўрганган, ҳижжалаб бўлса-да Қуръони каримни ўқий олардим, бир неча сураларни ёдлаган эдим.

Шу йиллар мобайнида ёшлигим, диний билимларга бўлган кучли қизиқишим ортидан билиб-билмай адашган фирқалар таъсирига тушиб қолганимни билмай қолдим. Натижада тақиқланган ташкилотлар таркибида ноқонуний диний фаолият олиб бориш айбловлари билан озодликдан маҳрум этилдим. Ўша пайтлар жуда ёш эдим, қилгани айбимни, унинг оқибатларини, адашган ўринларимни тушунмасдим ҳам. Бир неча йил жазони ижро этиш колониясида бўлдим.

Вақти етиб, жазодан озод этилдим, соғ-саломат уйга, ота-онамнинг бағрига қайтдим, алҳамдулиллаҳ.

Кўп нарсани йўқотдим, олий таълим муассасасининг талабаси эдим, келажакда яхшигина касб эгаси бўлишим мумкин эди. Кўп дўстларим мендан юз ўгирган эди. Лекин ҳамма юз ўгирса-да, ота-она фарзандим деркан, юз ўгирмас экан, улар оёққа туришимга, ҳаётга қайтишимга ёрдамлашишди. Аллоҳ уларни ҳидоят қилсин, тан-жонларини соғу саломат, икки дунёларини обод қилсин.

Шу вақтда шайх ҳазратларининг янги асарлари нашрдан чиқа бошлади. Улардан "Васатия ‒ ҳаёт йўли" китобини сотиб олдим ва алоҳида қизиқиш билан ўқий бошладим. Секин -аста адашган жойларимни тушуна бошладим, ишларнинг ўртачаси яхши экани, ғулувга кетишнинг салбий оқибатлари нималарда эканини англай бошладим.

Ҳаётда инсон турли қийинчиликлар, синовларга йўлиқар экан, албатта. Турли саволлар пайдо бўлар экан, шунда уларга тўғри ва ишончли жавоб излайсан. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг "Зикр аҳлидан сўранг " китоблари менинг саволларимга жавоб берди. Шаҳарга ҳар жума кунлари чиқардим ва китоб дўконидан шу китобнинг навбатдаги сонини қидирардим. Саволлар ичида менда туғилган саволлар ҳам бўларди, жавоблардан қониқиш топардим ва ҳаётимда татбиқ этардим.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг "Сунний ақидалар " китобларини сотиб олган куним хурсанд бўлиб кетганман. Уни диққат билан ўқий бошладим, ҳар бир эътиқодий масалага эътибор қилдим, ақоид борасидаги олдинги қилган хатоларимни тушундим, залолатда юрган фирқаларнинг қаерда адашганини англашга ҳаракат қилдим.

"Ҳадис ва ҳаёт"нинг бирма-бир жузлари нашрдан чиқа бошлади, олдинроқ унинг бир нечта қисмини олиб ўқишга муваффақ бўлган эдим. Ҳар бир ҳадис нимани ифодалайди, ҳадисдан олинадиган фойда ва манфаатларни шу китобдан ўргандим.

Бир танишим 2015 йил март ойларида Тошкентда бўлиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини вафот этганларини айтиб келганди...

Асарларини ўқиб-ўрганиб йўлим ёришган, иймоним зиёда бўлган, Исломни топишимда, ибодатлардан ҳаловат топишимда, ҳаётимнинг изга тушиб кетишида асосий сабабчи бўлган зотга миннатдорчилик билдира олмаганимдан қаттиқ хафа бўлдим... Юзма-юз кўришиб ташаккур айтиш ниятида эдим... Аллоҳ у кишини раҳматига олсин, барча эзгу амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин.

Иншони ёзар эканман, унда муболаға қилмадим, ўтган ҳаётимни, қалбимдаги кечинмаларимни ёзишга ҳаракат қилдим. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг асарлари ҳамиша ўз ўқувчиларини топади, ундан инсонлар манфаат топади, у зотга бундан ажр-савоблар етиб туради, иншааллоҳ. Ҳазратнинг асарларини ўқиб, ҳеч бўлмаса, илм аҳлини яхши кўрувчилардан бўлиб, у зотга ғойибона шогирд бўла олган бўлсам, ўзимни бахтиёр ҳис этардим.

Маъмуржон  Ҳусенов


Муаллиф
Калит сўзлар: hazratim ishlar
Мавзуга оид мақолалар
quotШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф асарларининг ҳаётимда тутган ўрниquot иншолар танловиданҲа, менинг давоми...

02:51 / 01.03.2020 4419
Шайхимнинг мен учун қилган дуолари quotАллоҳ сени Иймон иссиқлиги билан сийласинquotАллоҳ барчамизни Иймон давоми...

07:45 / 09.03.2023 2447
.Пешқадам карвони, лойиҳасига марҳабоДин ходими ўзи юриб бораётган Ислом карвонининг манзил сари боришида давоми...

05:59 / 10.05.2022 11400
.Ҳозирда одамлар манави телефон ва шунга ўхшаш жиҳозларда узуқюлуқ маълумотларни ўқишга ўрганиб қолишяпти. давоми...

22:08 / 30.04.2023 1772