Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қиладилар: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомга сафарга чиқдилар, Сарғ деган жойга етганларида лашкарлар амири Абу Убайда ибн Жарроҳ ва унинг ҳамроҳлари қарши олиб, Шомда вабо тарқалганини хабар қилдилар. Шунда Ҳазрат Умар менга (яъни, ибн Аббосга) аввал муҳожирларни ҳузурларига чақириб келмоқни амр қилдилар. Улар тўплангач, Шомда вабо чиққанини айтиб, маслаҳатлашдилар. Муҳожирлар турли-туман фикрлар билдирдилар, баъзилари: «Муҳим вазифа билан йўлга чиққанмиз, орқага қайтмаймиз», десалар, айримлари: «Одамларнинг (лашкарларнинг) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг бир қисми сиз билан қолади, уларни вабога рўпара қилмоғингизнинг ҳожати йўқ», дейишди. Ҳазрат Умар бу гапни эшитиб, «Сизларга рухсат», дедилар, сўнг менга ансорларни чақирмоқни буюрдилар. Мен чақириб келдим. Аммо улар ҳам муҳожирлар айтган фикрларни билдиришди. Ҳазрат Умар уларга ҳам рухсат бериб юбордилар. Кейин менга: «Қурайшнинг шу ердаги фатҳ муҳожирларидан бўлган оқсоқолларини чақириб кел!» дедилар. Мен чақириб келдим. Улар Ҳазрат Умарга мутлақо эътироз билдирмай, бир оғиздан: «Бизнинг фикримиз шулки, одамларни олиб, ортга қайтсангиз, уларни бу машъум вабога гирифтор қилмагаймиз!» дейишди. Ҳазрат Умар одамларга хитоб қилиб: «Мен эрта билан ортга қайтаман, сизлар ҳам қайтинглар!» дедилар. Абу Убайда ибн Жарроҳ: «Аллоҳ таолонинг қазою тақдиридан қочяпсизми?» деб эди, Ҳазрат Умар: «Бу сўзни сендан бошқа одам айтса эди... Эй Абу Убайда! Ҳа, Аллоҳ таолонинг тақдиридан Аллоҳ таолонинг тақдирига қочяпмиз! Агар сенинг бир туянг йўқолса, у бир ёғи ям-яшил ўтлоқ ва бир ёғи қовжираган водийда турган бўлса, туянгнинг улардан қайси бирида ўтлашини Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ деб билмайсанми?» дедилар. Шу вақт Абдурраҳмон ибн Авф келиб қолди. У бир юмуш бирлан банд бўлгани учун бунгача бу ерда йўқ эди. У: «Бу ҳақда мен ҳам баъзи бир нарсаларни биламан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Вабо чиққан ерга кирмангиз ва сиз турган жойда вабо бўлса, у ерни тарк этмангиз!» деганларини эшитганман», деб айтди. Шундан сўнг, Ҳазрат Умар Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, ортларига қайтиб кетдилар».
Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китобидан олинди.