Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Енгил автомобиллар ҳашам ва кўрк учун эмас, балки ҳаётимизнинг турли ҳолатларида эҳтиёжимиз тушувчи ҳаракат воситасидир. Автомобиллар болани шифокорга олиб бориш, оғир жомадонлар билан вокзалга етиб олиш ёки аэропортга кечикмаслик учун қулай бўлиб, жамоат транспорти бу вазифаларни бажариш учун ноқулайлик туғдиради.
Яқинда Москвада фақат аёллар фойдаланиши мумкин бўлган, муслималарнинг қоидаларига мувофиқ “Ухти такси” деб номланган янги хизмат фаолият бошлади. “Ухти” сўзи араб тилида “менинг опам” деган маънони билдиради. Бу фаолият ташкилотчиси Элвира Ишмуҳаммедова истак-хоҳиши бўлган аёл ҳайдовчиларни "Ухти такси"да бирлаштиришга қарор қилди. Унинг ўзи ҳам мижозларга хизмат кўрсатиши билан биргаликда, бошқарувчи (диспечер) ва оператор вазифаларини бажариб, ижтимоий тармоқларда фаолиятнинг рекламаси ва ходимларни ёллаш билан шуғулланади.
У фаолияти ҳақида яна шундай деди: "Жамоат транспортларида юришга ҳамманинг ҳам оиласи рухсат бермайди, шу сабабли кўп муслималар бизнинг хизматимиздан фойдаланишмоқда.
Айни кунларда бу иш мен учун хобби ва қўшимча даромад манбаидир. Баъзида бизга шифохонага элтиб қўйиш учун имконияти чекланган кишилар, кўп фарзандли оналар ва муҳтожлар мурожаат қилишади. Албатта уларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, бепул хизмат билан ёрдам берамиз.
Биз ҳали жуда ёш жамоамиз. Умид қиламанки, яқин келажакда фаолиятимиз давомли бўлади. Мижозларимиз биздан миннатдор, хайрлашиш пайтида қучоқ очиб хайрлашадилар. Бу эса биз учун жуда ҳам ёқимли..."
Ҳозирги кунда "Ухти такси" жамоасида 16 та автомобил бўлиб, унда “Жигули”дан тортиб “Ауди”гача хизмат қилади. Жамоада уй бекалари, компания бошқарувчилари ҳам ишлайди. Баъзилар учун бу қўшимча даромад манбаи, бошқалар учун эса муслималарнинг шаҳарда эркин ҳаракатлана олишлари учун кўнгилли ёрдам ҳисобланади. Ҳамма ҳам ушбу такси хизматида ишлай олмайди. Бунинг учун шахсий автомобилга эга бўлиш, уч йилдан кам бўлмаган ҳайдовчилик стажи, болалар авто ўриндиғи ва куннинг исталган қисмида ишлай олиш талаб қилинади.
Эндиликда ушбу такси фаолияти ўзининг доимий мижозларига ҳам эга бўлди.
Пойтахтда кузатиладиган кучли шамол ва ёмғир ҳам таксилар чақириқлар сонини камайтиролмайди. Аксинча рекорд даражасига етади. Об-ҳавонинг ноқулай шароитида ҳам улар буюртмаларни ўз вақтида қабул қилиб, муваффақиятли адо этадилар.
Манба: алиф.тв
Ирода Эргашева тайёрлади