Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мусулмон одоби
ИЗН СЎРАШ ОДОБЛАРИ
Ҳар бир инсон бу дунёда ўз аҳли оиласи билан роҳат-фароғатда яшаш учун бир жойни маскан қилиб олади. Шариатимизда бир масканда истиқомат қилувчилар ва у ерга ташриф буюрувчиларнинг ўзига хос одоблари белгилаб қўйилган. Бу одобларга риоя қилиш инсониятнинг манфаатига хизмат қилади. Маскан одобларидан бири унга изн сўраб киришдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:
«Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирманг! Ана шундай қилишингиз сизлар учун яхшидир. Шояд, эслатма олсангиз» (Нур сураси, 27-оят).
Изн сўрашнинг ўзига хос одоблари бўлиб, ҳар қандай мусулмон унга риоя қилиш лозимдир. Мусулмон киши ушбу одобларга амал қилса, хонадон аҳлларининг ҳурмати сақланади ва инсонлар ўзаро тинч-хотиржам, адоватсиз ҳаёт кечирадилар.
Биринчи одоб – муносиб вақтни танлаш.
Шундай вақтлар борки, уй эгаси бу вақтларда бирор меҳмоннинг ёки бошқа сабаб билан ташриф буюрувчининг келишини ёки киришга изн сўрашини истамаслиги табиий. Масалан: кечаси ёки эрта тонг, ёхуд туш пайти, яъни одатда кишилар дам оладиган вақтлар шу жумладандир. Бу вақтларда уй эгалари дам олиш билан бирга, ёз пайтлари кун иссиқлиги сабабли енгил кийинган бўлиши мумкин. Бирор кишининг ташрифи ёки киришга изн сўраши ўз-ўзидан хонадон аҳлига ноқулайлик, безовталик туғдиради. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб шундай дейди:
«Эй иймон келтирганлар! Қўлингизда мулк бўлганлар ва ўзингиздан балоғатга етмаганлар сиздан уч вақтда изн сўрасинлар: бомдод намозидан олдин, пешинда кийимларингизни ечадиган пайтингизда ва хуфтон намозидан сўнг. (Ушбу) уч вақт сиз учун авратдир. Улардан кейин сизга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқ. Улар сизнинг атрофингизда, бир-бирингизга айланиб турувчидирсиз. Аллоҳ сизларга оятларини ана шундай баён қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли зотдир» (Нур сураси, 58-оят).
Иккинчи одоб – эшикни уч марта тақиллатиш.
Хонадан аҳли биринчи тақиллатганда эшитади, иккинчисида тайёрланади, учинчисида эса киришга изн беради. Агар инз берилмаса, ортга қайтиш лозим бўлади. Буюк ватандошимиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Мусо ва Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: « Агар бирортангиз уч марта изн сўраса ва унга изн берилмаса, қайтсин» (Бухорий ривоят қилган).
Бугунги кундаги қўнғироқ чалиш ҳам эшик тақиллатиш кабидир. Демак, қўнғироқ ҳам уч мартадан ортиқ чалинмайди. Шундан сўнг изн берилса, киради, изн берилмаса, қайтиб кетади.
Учинчи одоб – эшикни мулойимлик билан тақиллатиш.
Эшикни хонадон аҳли қўрқиб кетадиган даражада қўполлик билан тақиллатилмайди. Қўнғироқ тугмасини ҳам узлуксиз босиб турилмайди, ҳатто хонадон эгасининг ўзи ҳам ўз уйининг эшигини қўполлик билан тақиллатмасин. Чунки бундай тақиллатилганда хонадон аҳли бирор ҳодиса рўй бермадмикин, деб қўрқиб кетиши мумкин. Уй эгасининг эшикка яқин ёки узоқлигига қараб, эшик секин ёки қаттиқ тақиллатилади. Ўтган улуғ зотлар устозларининг эшигини бармоқлари ёки тирноқлари билан тақиллатишар эди.
Тўртинчи одоб – эшикни уч марта таққилатишда уларнинг орасини ажратиш.
Эшикни тақиллатганда ҳар бир тақиллатиш орасида хонадон аҳлининг тайёргарлик кўришга ёки эшикни очишга улгуришини ҳисобга олиб, бироз муддат кутиш лозим. Эшикни узлуксиз тақиллатиб ёки қўнғироқ тугмасини босиб туравериш дуруст эмас.
Бешинчи одоб – эшикнинг қаршисида туриб олмаслик.
Эшикни тақиллатган одам эшикнинг қаршисида туриб олмасдан, ўнг ёки чап тарафида туриши лозим. Чунки гоҳида уй аҳли ўзгаларга кўринишни истамайдиган очиқ-сочиқ ёки шу каби ноқулай ҳолатларда бўлиши, эшик очилганда унинг тўғрисида турган одамнинг кўзи тушиб қолиши мумкин.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка тўғрима-тўғри юзланиб турмасдилар. Ўнг ёки чап ёнида туриб, «Ассалому алайкум, ассалому алайкум», – дер эдилар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Бундай одоб билан одобланишда, шубҳасиз, хонадон аҳлининг ҳурматини сақлаш бордир. Бу одобга риоя қилинмаса, хонадон аҳли озорланади ва айрим ҳолатларда бунинг сабабидан одамлар ўртасида адоват ва нафрат пайдо бўлиши мумкин.
Олтинчи одоб – киришдан олдин салом бериш.
Бегона уйга киришга изн сўрашдан олдин уй эгасига салом бериш лозим. Рибъий ибн Ҳирошдан ривоят қилинади: «Бану Омирлик киши бизга сўзлаб берди: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида бўлганида у зотдан изн сўраб, «Кираверайми?» – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимига: «Унинг олдига чиқиб, изн сўрашни ўргат, унга айтиб қўй: «Ассалому алайкум, кирсам майлими?» – десин», – дедилар. Шунда у киши буни эшитди ва: «Ассалому алайкум, кирсам майлими?» – деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга изн бердилар ва у кирди» (Абу Довуд ривоят қилган).
Еттинчи одоб – изн сўровчи киши ўзини танитиши.
Изн сўровчидан хонадон аҳли «Ким?» – деб сўраса, «Мен», – деб жавоб бермасдан, кимлигини ва исмини айтиб, ўзини танитиши лозим.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, эшикни тақиллатдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким у?» – дедилар. Мен: «Мен», – дедим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буни хуш кўрмай: «Мен, мен», – дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Чунки «Мен», деб жавоб беришда ўзини тўлиқ танитиш ҳосил бўлмайди.
Саккизинчи одоб – кўзни тийиш.
Кўзни тийишдан мақсад, киришга изн сўраган пайтда хонадон аҳлининг очиқ-сочиқ ва шу каби ноқулай ҳолатларига кўз тушмаслигидир.
Саҳл бин Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи всаллам: «Изн сўраш кўз (тушиб қолиши) сабабли жорий қилингандир», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Тўққизинчи одоб – изн берилмаса, қайтиб кетиш.
Агар изн сўровчига хонадон аҳли томонидан жавоб берилмаса ёки «Қайтинг», дейилса, ёхуд уйда ҳеч ким бўлмаса, изн сўровчи қайтиб кетиши лозим бўлади. Бу қуйидаги оятга мувофиқдир:
«Агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга «Қайтингиз!» – дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир» (Нур сураси, 28-оят).
Ўнинчи одоб – хонадон эгасининг узрини қабул қилиш.
Агар хонадон аҳли изн сўровчига пешво чиқишдан узр сўраса, узрини қабул қилсин. Демак, хонадон аҳли ҳеч кимни қабул қила олмайдиган ҳолатда экан. Ҳамма ҳам ўз узрини айта олмаслиги мумкин. Шундай ҳолатларда изн сўровчи: «Сиз хижолат бўлманг, балки бирор нарса билан машғулдирсиз», деб хонадон эгасини ноқулай ҳолатдан чиқаришга ҳаракат қилсин.
Ўн биринчи одоб – хонадон аҳлининг изнини кутиш.
Изн сўровчи киши хонадон эгаси ёки унинг ходими томонидан киришга изн берилишини кутиши лозим. Аммо ёш боланинг изн беришига эътибор қилмайди. Чунки баъзан ёш бола хонадон аҳлининг хабари ёки рухсати бўлмаган ҳолда, ичкарига киришга изн бериб юбориши мумкин. Агар уйда ёлғиз эркак ёки ёлғиз аёл бўлса, изн сўровчининг маҳрам ёки номаҳрамлигини ҳисобга олиб, унга изн берилади ёки берилмайди.
Ўн иккинчи одоб – чақиришга юборилган вакил билан бирга киравериш.
Агар бир одамни биров ўз уйига таклиф қилса, хонадон аҳлининг вакили билан уйга кириб борса бўлади. Хусусан, эшиклар очиқ ҳамда эшик олдида оёқ кийимлар бор бўлиб, ҳолат киришга рухсат борлигини билдириб турса, изнсиз кириш жоиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз таомга чақирилганда (чақиришга) юборилган вакил билан келса, ўша унинг учун изндир», – дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).
Ўн учинчи одоб – намоз ўқиётган кишининг изн сўровчига тасбеҳ айтиши.
Намоз ўқиётган пайтда бирор одам изн сўраб қолса, у тасбеҳ айтсин. Аёл киши намоз ўқиётган бўлса, қарсак чалиб қўйсин. Мана шу кириш учун изндир. Гоҳида бу нарса унинг намоз ўқиётганини билдириш учун бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун бундай ҳолда кирмасдан, кутиб турган афзалдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар эркак киши намоз ўқиб турганида ундан изн сўралса, унинг изни тасбеҳ айтишдир. Агар аёл киши намоз ўқиб турганида ундан изн сўралса, унинг изни қарсак чалишдир», – дедилар» (Байҳақий ривоят қилган).
Ўн тўртинчи одоб – ўз маҳрамларининг олдига ҳам изн сўраб кириш.
Инсон ўз маҳрамларининг олдига, ҳатто уйининг ичида бўлса ҳам, кириш учун изн сўрамоғи лозимдир. Бу билан онаси ёки опа-сингилларининг ноқулай ҳолатига кўзи тушиб қолишидан сақланган бўлади. Турмуш ўртоғининг олдига кириш учун изн сўраши шарт эмас, лекин изн сўраб кириши яхшидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўз аёлининг олдига ҳам томоғини қириб кирар эди.