Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Бу умматнинг қизи”га мактуб
Бир лаҳзалик ғафлатдан қандай халос бўлишни билмайман?
Қадрли устоз,
Сиз билан анча олдин турли сабабларга кўра бир неча бор учрашганман, аммо илоҳий тақдирдирки, бу муносабатлар узилиб қолди. Охирги марта сиз билан гаплашмоқчи бўлганимда, аросатда юрган эдим. Энди эса номи университет бўлгани билан, айниқса, аёллар учун шартлар оғирлашган, Аллоҳнинг ҳадлари қўрқмай бузиладиган маконда илоҳиётни ўрганишга ҳаракат қиляпман.
Ачинарли томони илоҳиётни ўрганаётган дўстларимизда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп кўзга ташлана бошлади. Шундай катта университетда жами ўранган қизларни санасангиз, юзта ҳам ҳижобли қиз чиқмайди. Ҳеч ақлимга сиғдиролмайман, охирзамонда яшаяпмиз, деймиз ва охирзамон аломатларини санаб, ҳукмларини ўқиганимиз ҳолда бир неча дақиқадан кейин ўша гуноҳни қилаверамиз. Бу қандай виждонки, охир-оқибат дўзахга олиб боришини билсак ҳам ўша гуноҳларни давом эттираверамиз?
Ҳазрат, гуноҳ ёмғирдек ёғадиган бугунги кунда ўзимни қандай муҳофаза қиламан? Бир лаҳзалик ғафлатдан қандай халос бўлишни билмайман? Чунки бузуқ муҳитда маънавият бўлмаганидан кейин ғафлатда қолиш яна ҳам осон.
Илтимос, бизни, хоссатан мени дуоларингизда эсга олинг. Илоҳиётни муносиб равишда битиришни, ҳижобимизни сақлаб қолишни ва бир қанча инсонга ҳақни танитишда сабабчи бўлишни Раббим бизга насиб этсин.
Ҳазрат, Аллоҳ ризоси йўлида юришга ҳаракат қилаётган қизларнинг ҳаққига дуо қилинг. Раббим сиздан рози бўлсин.
Қўрқувлардан ҳимояланган соҳил
Азиз синглим, қадрли қизим.
Мен сенга: «Агар шундай қилсанг, эртадан бошлаб ҳур бўласан», деган маънодаги аниқ бир тавсияни бера олмайман. Буни ўзинг ҳам биласан. Илоҳиёт факультетида сенинг таъбингни хира қилган нарсани мен ҳам қаерга борсам, шунга ўхшашини бошимдан ўтказаман. Ўзини мўмин деб билган ҳар бир киши буни ҳис қилади ва ҳис қилишга мажбур.
Мен сенга миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман. Умид қиламанки, Раббим сени ва сенга ўхшаган йигит-қизларимизни Ўзининг нури билан нурлантиради ва сиз фитна-фасодли муҳитга чап бериб, умматимнинг умиди бўлган ёшлар сифатида чиқиб келасиз. Аллоҳ ёрдамчингиз бўлсин, қалбингиз ҳузур ва иймон билан тўлсин.
Сенга ва сенинг ҳолатингдаги қизларимизга аниқ натижаси кўринадиган тавсияларни таклиф қилолмасам ҳам акалик маслаҳатини беришим мумкин. Қуйидаги насиҳатларимни амалга ошира олсанг, Аллоҳнинг изни ила, қўрқувларингдан ҳимояланган соҳилга чиқишинг мумкин бўлади:
1) Ҳаётни ҳамма жойда амалга оширилиши лозим бўлган жидду жаҳд деб билишингиз керак. Жидду жаҳд нафақат жанг майдонларида, балки уйда, мактабларда ва ҳатто масжидларда бўлади. Токи шайтон бу дунёда бор экан ва биз ҳам иймон билан ўлим топиб, Раббимиз ҳузурига боришни ғоя деб билган муддатимизгача жидду жаҳд бўлади.
Жидду жаҳд бизнинг имонимиз, имонимизни исботловчи даъвомиздир. Менимча, сиз илоҳиёт деб атаган жой бу замонда жидду жаҳд энг фаол олиб борилиши керак жойлардан биридек бўлиб турибди. Қисқача тушунтирадиган бўлсам, ҳаёт ва имтиҳон уни том маънода тушунишдан бошланади. Жидду жаҳдга ундан қочиш билан эмас, тиш-тирноқ билан ёпишиш орқали эришилинади.
2) Ҳаётимизни энг арзимас бўлиб кўринган нуқталарда ҳам ҳаромдан қочиш асосига қуришимиз керак. Иложи бўлса, умуман ҳаром йўқ муҳит топилади. Имкони топилмаса, ана шу даражага энг яқини қидириб кўрилади. Бунинг учун ҳижратдан бошлаб нима тўғри келса, шуни амалга оширамиз. Фақат хоҳиш-истак билан иш битмайди. Хоҳиш-истакларимиз учун нарх белгиланганда, унинг ҳаққини беришга мажбурмиз. Факультетдан кетишингизга тўғри келиб қолса, шундай қиласиз ҳам. Ҳеч ҳам ҳайрон бўлманг; факультетни тарк эта олмаганингиздан кейин катта-катта гапиришдан нима маъно бор! Мен ҳозироқ кетишни назарда тутмаяпман, лекин ҳар қандай ҳолатга ҳам тайёр туринг, демоқчиман.
3) Ёлғизлик ҳар доим таҳликалидир. Дарс тайёрлаётганда ҳам, уйда тунаганда ҳам ёлғизлик ҳозир айтиб ўтганимиздек, хавфли ҳолат ҳисобланади. Худди шунга ўхшаб воқеаларни кузатадиган кўз ва фикр юритадиган ақлнинг ёлғиз қолиши ҳам катта хавфдир. Ушбу хавф ақлдан озиш, йўлдан адашиш ёки «ҳеч нарса бўлмаслик» билан ниҳояланиши мумкин.
Ҳеч қачон ёлғиз қолма; сенга тўғри йўлни кўрсата оладиган опанг ёки каттароқ бир инсон, албатта, бўлсин. Уни сев, унга ишон, итоат қил, лекин ўзингизни асло унга топшириб қўйма. Дунёда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч кимга ўзимизни юз фоиз топширишимизга арзимайди. Рўпарамиздаги инсон биздан катта ва яхши бўлиши мумкин, лекин ҳеч ким айбдан холи эмас. Буни шундай бил ва шунга риоя эт.
4) Ўзингиз ўқиётган факултетни олимлар етиштириб берадиган маскан деб қабул қилманг. Илм олиш учун зарурий жой сифатида билинг. Бундай қараш сизни кимгадир ёки қаергадир ишониб, кейин эса ғафлатда қолишдан қутқаради. Мажбурият юзасидан турган жойингизда сизга берилаётганларнинг керагини олиб, қолганини тарк этасиз. Сизга маслаҳатгўйлик қилувчининг камчиликларини ташқаридан тўлдириб бораверасиз. Шундай йўл тутсангиз, ўзингизни жуда оз зарар етказилган ҳолда қутилиб қоласиз.
5) Ибодатларингизни эътиборсиз қолдирманг, акс ҳолда хароб бўласиз. Кўп дуо қилинг. Кунлик Қуръон ўқишни ҳечам камайтирманг.
6) Дўстларингизни назорат қилинг. Солиҳлар билан бирга бўлишга мажбурсиз. Бу сизнинг бурчингиз. Дўст танлай олмаганингиз учун узрли эмаслигини тушуниб етишингиз керак.
7) Ўзингиз учун ўқиш ва ўқиганларингизни татбиқ этиш ҳаракатида бўлинг. Курсдан курсга ўтиш учун дарсларни қилиш билан бирга яхши мўмин бўлиш учун қўшимча дарслар олинг ва китоблар ўқинг.
Аллоҳ ёрдамчингиз бўлсин, оёғингиз гуноҳларда тоймай, қалбингизни собит қилсин.