ШАМОЛ УЧИРГАН ИМТИҲОН ВАРАҚАСИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жиддадаги қирол Абдулазиз университетида таҳсил олувчи бир йигит шундай ҳикоя қилади:

“Университет имтиҳонлари яқинлашиб қолганда дадам қаттиқ оғриб қолдилар. Бошларида туриб тузук тайёрлана олмадим. Имтиҳон кунига бир кун қолганида дадам аҳволи оғирлашиб, касалхонага олиб кетдим. Ўша кечаси дўхтирлар тинчлантирувчи уколлар бериб, осма уколга боғлаб қўйишди.

Қўлимда имтиҳонга тайёрланиш учун олиб келган, дарслар хулосаси тўлдирилган дафтарни ушлаганча дадам бошида ўтирар эканман, кўзим кетиб қолибди.

Эрталаб бомдодга яқин уйғондим. Дадам ўзларига келиб, анча енгиллаб қолган эканлар.

‒ Дада, бугун бироздан сўнг имтиҳон топшираман, дуо қилинг, ‒  дедим.

Қўлларини кўтариб дуо қилдилар.

Эрталаб университетга кетдим. Имтиҳонга кирдим. Имтиҳон варақасини кўриб, саволларни ўқиб тарвузим қўлтиғимдан тушди.  Дарс пайтида яхши ўзлаштирган мавзуларни ҳам дадам хаста бўлган охирги кунлардаги ташвишим, асабийлашишим туфайли унутгандек эдим. Бошимни чангаллаб ўтириб, саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдим. Ваҳиманинг зўридан жавобини билган саволлар ҳам миямда бир-бирига қоришиб кетган эди.

Варақада келган олтмиш саволнинг анчасига хато ёзиб чиқдим. Берган жавобларимни китобларда келган маълумотларга солиштириб тамоман умидим узилди. Йиқилишим аниқ эди.

Бир-икки кундан сўнг имтиҳон натижалари эълон қилинди. Ҳамма деворда осилган рўйхатга чопди. Истар-истамас бордим. Рўйхатдан исмимни излар эканман, исмимдан кўра ҳамманикидан ажралиб турган натижага кўзим тушди...

Менга тўлиқ баҳо қўйилган эди!

Кўзларимга ишонмадим. Кўзимни ишқалаб яна қайта қарадим. Баҳо тўлиқ қўйилган. Бунга шубҳа йўқ эди. Энди хаёлимга бошқа эҳтимол келди: "Устоз янглишибди...  Бошқанинг баҳосини менга қўйиб юборибди".

Устоздан бунинг ҳақиқатини сўраб билиш учун унинг хонасига кирдим.

‒  Кел, ‒ деди устоз. ‒ Нима хизмат?

‒  Домла, имтиҳон натижасининг аниғини билиш учун кирдим, ‒  дедим. ‒ Менга аниқ неча баҳо қўйилган?

‒ Исминг нима эди?

‒ Файсал.

‒ Хўш... ‒ деди у рўйхатни кўздан кечириб. ‒ Сен тўлиқ баҳо олибсан, хотиржам бўл.

‒ Имтиҳон варақамни кўра оламанми? ‒ дедим мен.

‒ Биласанми, ‒ деди устоз пешонасини бир қашлаб олиб. ‒ Имтиҳон варақаларини уй балконида текшираётган эдим. Шамол қўзғалиб, варақалардан бирини учириб кетди. Фарзандлар билан қанча изласак ҳам топа олмадик. Студентлар рўйхатини текшириб, варақа сенга оидлигини ўргандим. Сенга зулм бўлмасин, дея энг юқори баҳони қўйдим.

Мен унга бошимдан ўтган воқеани рўйи рост ҳаммасини айтиб бердим.

‒ Унда буни дадангга қилган хизматинг эвазига берилган Аллоҳнинг инъоми деб бил. Шу зайлда хизматда давом эт, кам бўлмайсан, ‒деди устоз.

Сайфуллоҳ Носирнинг телеграм саҳифасидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchvomJFMVGX7ygembed

12:17 / 08.09.2016 3686
             Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра давоми...

09:16 / 09.02.2017 4746
Кўпчилик кун давомидаги югурюгурлар, вақтнинг тиғизлиги баҳонасида ўз соғлиғига эътибор бермайди. Нонушта давоми...

21:00 / 28.04.2023 1584
 Муҳаббатга мубтало бўлиб Бир йигит бор эди. Олий ўқув даргоҳида бир қизни ёқтириб,  унга уйланмоқчи давоми...

13:46 / 15.12.2016 5066