Ато ва ман қилиш ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Махлуқотлардан келган ато махрумликдир.

Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.

Бандадан нимадир умид қилиш, тама қилиб, нимадир бергани учун унга қарам бўлиш ҳолати Аллоҳ таоло бандасидан бирон нарсани олиб қўйишидан ёмонроқдир. Банда бир одамдан тама қилиб яшаса, бунинг охири хорлик билан тугайди, ҳеч бўлмаганда ўша одамнинг миннатига учрайди.

Аммо бу нарса диний сабаб туфайли юз берса, кимдир унга бир нарсани зиммасидаги фарз юзасидан, Аллоҳ йўлида берса, бу беришнинг оқибати бутунлай бошқача бўлади. Бир банданинг бошқа бир бандага диний сабабларсиз бирон нарса бериши аслида бериш эмас, маҳрумликдир, чунки бундай бериш миннатга, хорликка ёки қарамликка олиб боради. Аллоҳ таолонинг бериши билан банданинг бериши орасида ниҳоятда катта фарқ бор. Зеро, бандага бериладиган барча нарса аслида Аллоҳ таоло томонидан берилади. Аммо Аллоҳ берди, деб таъриф қилинганда Аллоҳ рози бўлган ҳолатда эришилган нарсалар назарда тутилади.

Ношаръий йўл билан эришилган нарсалар – банда берган, банданинг ўз ихтиёри билан бўлган, Аллоҳ рози бўлмаган неъматдир.

Аллоҳнинг ниманидир бермаслиги эса банда учун хайрдир, яхшиликдир. Ҳалол йўл билан эришилган ҳар қандай нарса Аллоҳ таолонинг бандага берган атоси, унга кўрсатган икромидир. Демак, Аллоҳ таоло бандасига нимадир бермагани, бир неъматга ношаръий, қинғир йўл билан эришишдан маҳрум қилиб қўйганининг ўзи ҳақиқий атодир. Чунки бунда Ҳақ таоло бандасига шаръий йўл билан эришилган нарсаларни ато қилишни ирода қилган бўлади, ман қилган неъматдан ҳам афзал бўлган, яширин атосини раво кўрган бўлади.

Бандаларнинг ношаръий, нопок йўллар билан эришган нарсалари охир-оқибат маҳрумликка юз тутади. Бу маҳрумлик унинг ҳаётида сиртидан билинмаса-да, ички ғам-ташвишлар кўринишида турли шаклда намоён бўлади.

Кишининг ҳамма нарсаси бекаму-кўст, фарзандлари соғлом, дунё илмларини пухта ўзлаштирган бўлса-ю, лекин иймони ноқис, қалби қулфланган бўлса, буларнинг эвазига тенг кела оладиган неъмат бўла олармиди? Албатта, йўқ.

Аллоҳнинг ман қилиши банда учун хайрдир. Ҳеч қандай саъй-ҳаракат, интилиш бўлмай туриб, маҳрумликда қолишни Аллоҳ ман қилгандаги ҳолат деб бўлмайди. Киши истаётган нарсасига саъй-ҳаракат қилиб, барча имкониятларини ишга солиб, уриниб кўргач, Аллоҳ ман қилгани учун унга муваффақ бўла олмаса, мана шу Аллоҳнинг ман қилиши, йўлини очмаслиги бўлади. Банданинг наздидаги мана шу бермасликда, яширин ҳикматидаги натижа аслида У Зотнинг бергани экани юзага чиқади.

Келинг, бу мавзуни яна бир мисолда кўриб чиқсак. Аллоҳ розилиги учун илмий-маърифий, хайрли иш ёзишга киришдингиз. Бироқ бошланишдаги завқингиз ва имкониятингиз етмай, уни ёза олмай қолдингиз, иш бир йил тўхтаб қолди. Лекин бир йилдан сўнг уни аъло даражада битирдингиз. Бир йил аввал сизда ўша ишни комил даражада ёза олишингиз учун зарур бўлган билим ва қарашлар етарли эмаслиги туфайли, Аллоҳ таоло сизга бу ишни тугатишга изн бермади. Мана шу изннинг берилмагани хайрдир.

Махлуқотларнинг, бандаларнинг бериши маҳрумликдир, Яратувчи Зотнинг бермаслиги эса энг афзал атодир. Буни яхши англаган киши бирон иши ҳал бўлмаса, Аллоҳ таоло унга хайр, офият ато этганини ҳис қилиб, бесабрлик қилмайди.

Мавзуга оид мақолалар
Ориф ишора қилганида, ишорасидан кўра Ҳақни ўзига яқин топган киши эмас. Балки ориф У Зотнинг вужудига фоний давоми...

05:00 / 24.06.2020 3171
АЛЛОҲНИНГ ҲУЗУРИДАГИ ҚАДРИНИ БИЛИШ УСЛУБИУ Зотнинг ҳузуридаги қадрингни билмоқчи бўлсанг, сени нима билан давоми...

19:00 / 27.04.2020 4566
У Зотдан сен талаб қиладиган энг яхши нарса У сендан талаб қиладиган нарсадир. Банда талаби дуо қилганида давоми...

19:00 / 21.05.2020 4297
Тоатга уринмай, унинг йўқлигига маҳзун бўлиш ғурурга кетишнинг аломатларидандир. Ғурур деганда одатда омма давоми...

05:00 / 01.06.2020 2679