Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Кеча 10 декабр куни Бухоро шаҳрида отинойиларимиз учун ўқув семинари бўлиб ўтди. Унда вилоятда фаолият олиб бораётган 260 нафар отинойиларимиз иштирок этишди.
Семинарни Бухоро вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси, вилоят бош отинойиси Гуландон Юнусова хайрли дуолар билан очиб бердилар ва “Аёллар ва ёшларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилишда отинойиларнинг ўрни: муаммо ва ечимлар” мавзусида маъруза қилдилар.
Вилоят бош отинойиси Гуландон Юсупова аёллар ўртасида ўтказиладиган тадбирларда отинойиларнинг зиммасидаги масъулиятни тушунтирдилар, атестатциядан ўтиб, гувоҳнома олган отинойиларни табриклаб, улар қандай вазифаларни амалга ошириши кераклигини айтиб ўтдилар. Шунингдек, диний-маърифий тадбирларни ҳудудий имом-хатиблар тавсиялари билан ҳанафийлик мазҳаби ва мотурудийлик таълимоти асосида ўтказиш, хотин-қизлар орасида ўз маърузалари билан Ислом динининг мўътадил, бағрикенг таълимотини кенг ёйишда жидду жаҳд қилиш отинойиларнинг вазифаси эканини таъкидладилар. Ҳар бир отинойи оммавий ахборот воситаларидан хабардор бўлиб, мунтазам китоб ўқиб бориши кераклигини уқтирдилар.
Сўнгра “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Роҳат Мамадшоева “Аёлларга хос фиқҳий масалалар” , “Мир Араб” мадрасаси мударриси Асадулло Нажмиддинов “Бидъат-хурофотлар ва фолбинликнинг салбий оқибатлари”, “Абу Ҳафси Кабир” жомеъ масжиди имом-хатиби Акром Абдуллаев “Қирқ фарз баёни” каби мавзуларида маъруза қилдилар. Маърузалар юзасидан ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Шунингдек, мавзуга оид тақдимотлар намойиш этилди.
Семинар давомида маърузачилар ўз ўқув амалиёт машғулотлари билан бугунги отинойиларнинг маънавий қиёфаси қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб бердилар. Айрим билимсиз аёлларимиз томонидан табиблик ниқоби остида амалга оширилаётган сеҳр ва фолбинлик ишлари кескин қораланди. Тўй ва таъзия маросимларидаги кайвони аёлларнинг одоб-ахлоклари хусусида талаб ва таклифлар билдирилди.
Семинар сўнгида отинойилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволларни беришди.
Юртимизда отинойиларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёш авлодга таълим‑тарбия беришлари йўлида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Умид қиламизки, бундай ижобий ўзгаришлар давом этиб, маънавиятимиз посбони бўлган отинойилар ўз мақомларига лойиқ эҳтиромга сазовор бўлиб борадилар.
Шаҳноза Назарова,
Ғиждувон тумани бош отинойиси