Ислом оламининг ҳудуди оиладир
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом оламининг ҳудуди оиладир

 

Ўтмишда  сўфийлар мусулмонлар ва кофирлар ўртасидаги душманга яқин ҳудудларга бориб, у ерда кутиб, ибодат ва жиҳод қилишарди. Оила ҳам мусулмонларнинг шайтоннинг лашкарлари билан юзлашадиган жанг майдонидир. Aгар шайтон у ерда даф қилинса-ю, чекинишга мажбур бўлса, Ислом жамияти таъқиб ўқларига нишон бўлишдан қутулади. Aкс ҳолда, тўрт томондан келган иблис умматни тор-мор қилади. Ислом оламидаги икки асрлик мағлубиятнинг асосий сабаби ҳам шунда. Бугун жар ёқасида турган уйларимиз икки эшиги синиқ бир вайронага ўхшайди. Иблис истаган вақтида, истаган дастур билан унинг ичига кириб бошқарадиган бир вайрона…

Хиёнат қилган аёллар илоҳий жазодан қутула олмайдилар 

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг томонида туриб оиласини муҳофаза қилиш учун доимий курашишга чорланган мўминларга Аллоҳ азза ва жалла ҳаётнинг турли хил мавсумларида мисол бўла оладиган намуналарни ҳам кўрсатади.

Хиёнат қилган аёлларини илоҳий жазодан қутқаролмаган Нуҳ ва Лут алайҳимассаломни зикр қилади: “Улар бандаларимиздан икки солиҳ банданинг измида эдилар. Бас, уларга хиёнат қилдилар ва (эрлари) улардан Аллоҳдан бирор нарсани қайтара олмадилар ва уларга: «Оловга кирувчилар билан киринглар!» де­йилди”[1].

 

Узоқ йиллар давомида Аллоҳнинг бу икки солиҳ бандалари билан бирга яшаган икки аёл моддий жиҳатдан уларга энг яқин бўлсалар-да, маънавий жиҳатдан энг узоқ бўлганлар сафидан жой олдилар. Шу боис ҳам уларни на Нуҳ алайҳиссалом, на Лут алайҳиссалом Аллоҳ таолодан келган азобдан қутқара олди. Чунки Исломда қутилиш насл-насабга ёки қариндош-уруғчиликка қараб эмас, иймон ва солиҳ амалга қараб бўлади.

 

“Бас, қачонки дудга пуфланганда, у Кунда ораларида на насаб қолур ва на бир-бирларини суриштирурлар”[2].

 

Қиёмат кунида уйи масжидга яқин бўлганлар, отаси мадраса қурдирганлар, насаби авлиёга бориб тақаладиганлар эмас, шахсан ўзлари масжидга борадиганлар, илмни ёйиш илинжида мадраса қурдирганлар ва мадрасага боғланганлар, чин ихлос ила Аллоҳга дўст бўлганлар нажот топадилар. Қиёмат куни важ-баҳоналар бўлмайди. У Кун инсонлар ҳақиқатлар билан юзлашадиган кундир.

Ислом қизлари ҳазрати Осиёдан сўнгги нафасгача 

муслима бўлиб яшашни ўрганишади

  

Aллоҳ азза ва жалла азон эшитилмайдиган жойларда ёки намозсиз уйларда туғилган, ибодат вақтида жойнамози оёғи остидан ёки рўмоли бошидан юлиб олинадиган қизларга Фиръавннинг аёли Осиё онамизни ўрнак қилиб кўрсатди. Осиё онамиз Аллоҳга имон келтирган муслима аёл эди! У дини йўлидаги чеккан изтиробларини ҳеч кимга арз қилишга ҳадди сиғмаган?! Дадалари ёки ака-укаларидан паноҳ тилашга ҳаққи бўлмаган! Агар шундай бўлганида ҳам уларни Фиръавннинг ғазабидан ким ҳимоя қила олар эди? Шунинг учун ўз манзилларида қолдилар. Имон йўлидаги мусибатларни ёлғиз ўзлари бошидан ўтказдилар. Динига қарши бўлганларга қаршилик кўрсатдилар, “Aллоҳ буюкдир! Аллоҳ буюкдир! Аллоҳ буюкдир!” дедилар. Бутун сарой Осиё онамизни маломат қилди. Бу ҳам етарли бўлмади, Фиръавннинг ғазаби босилмади. Йиллар давомида бир ёстиққа бош қўйган турмуш ўртоғи томонидан ерга қоқилган тўрт қозиққа қўл ва оёқлари боғланиб, азобланди. Аммо бу азоблар Осиё онамизни Роббисига бўлган  буюк севгисидан қайтара олмади. У азобланаркан: “Эй Роббим, жаннатнинг энг юқори даражасидан мен учун бир уй бер, мени Фиръавндан ва унинг азобларидан қутқаргин!”[3] Aллоҳим, саройни эмас, Сенинг розилигингни истайман, тоқатим тоқ бўлди, кучим қолмади, мени Ўз ҳузурингга чақириб ол!” деб дуо қилдилар. 

 

Ҳазрати Осиё бу сабр-матонатлари ила, энг азобли ҳолатда ҳам Қуръонда зикри мадор бўладиган даражадаги кучли мусулмон қандай бўлишини кўрсатиб бердилар. Aллоҳга ва унинг Расулига душман оталарнинг уйларида Aллоҳ ҳидоят берган Исломнинг қизлари Ҳазрати Осиёдан, ҳар замонда бўлганидек, бугун ҳам қандай қилиб сўнгги нафасгача мусулмон бўлиб яшашни ўрганишади, иншааллоҳ.

Ҳазрати Марям бузуқ қарашларни эмас, Aллоҳнинг таълимотини тасдиқлаган

  

Қуръони Карим бошига рўмол ўраниб юрадиган,  иффати ва бошидаги ёпинчиғи учун масхара қилинадиган ёки энг яқин дугоналарини Ғарбнинг маданиятига ўғирлатган Исломнинг қизларига ёлғиз боши билан яҳудийларга қарши иффат ва ор-номус уруши очган Ҳазрати Марямни ўрнак қилиб кўрсатди. Ҳазрати Марям бузуқ мафкураларни эмас, Aллоҳнинг таълимотини тасдиқлади. Кўпгина эркаклар қила олмаган ишни аёл боши билан бажаришга қодир бўлгани учун Aллоҳ азза ва жалла уни улуғлаб муаннас шаклдаги “قانتات /итоат  қилувчилар” ўрнига музаккар шаклдаги “قانتین / (юракдан) итоат қилувчилар”  сўзи билан марҳамат қилди: “Бас, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди”[4].

 

Ушбу асрда Исломнинг қизлари ҳам иффат ва ҳаёда пок аёл, иблиснинг ҳужумларига қарши эса чин маънода эрюракли бўлиши лозим. Ҳофийз ва Мунтақим бўлган зот ўшандагина Марямлар наслидан чиққан Исоларни ўз ҳифзи ҳимоясига олиб, уларнинг душманларини жазолайди.

 

Давоми бор...

 

 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси 

 

 

 

 
 
 

[1] Таҳрим сураси, 10-оят.

 

  

[2] Муъминун сураси, 101-оят.

    

  

[3] Таҳрим сураси, 11-оят.

 

  

[4] Таҳрим сураси, 12-оят.

  

 

 

Мавзуга оид мақолалар
Бу умматнинг қизиrdquoга мактубАёл ўзини илмий жиҳатдан етиштириши керак эмасми Муҳтарам устоз,Мен ожизона давоми...

06:00 / 11.08.2020 4833
Оила Ислом билан ҳузурҳаловат масканига айланди Қуръони Карим эркагу аёлга, ҳурга ҳам, қулга ҳам бирдек давоми...

06:01 / 23.01.2021 3537
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан икки оёқлари қонаб, у ердагиларнинг озорларидан қалблари давоми...

21:00 / 06.11.2021 3188
Бир аъробий ўғли ёлғон гапираётганини эшитиб, унга Эй болажоним, ёлғончи киши Раббисининг азобига дучор давоми...

22:30 / 24.01.2022 2917