Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом қизининг ҳаёт меъёрлари
Инқирозлар фақатгина Ислом билан поёнига етади, оқар қонни фақат Ислом тўхтатади, ақл Ислом билан бутун ҳолга келади, зулмат қаърида қолган инсонларга нажот йўлини Ислом кўрсатади. Ислом дўзахга айланган дунёни қайтадан тинчлик ва ҳузур диёрига айлантиради. Чунки иймонда, амалда, ҳаракатда, шахс ва жамият ҳаётида ваъда қилган саодат низомини қура оладиган ягона дин Исломдир. Инсоният яратган тузумлар инсон бошига жамики кулфатларни келтиргани, Ислом эса инсониятга ваъда қилганини инъом этган ягона низом бўлгани учун ҳалокатга сабаб бўлганларнинг оғзи ёпилиши, сўз ҳам, ҳукм ҳам, муҳр ҳам Исломга қайтиб берилиши керак. Нега Исломнинг асл, башарият ўйлаб топган тизимларнинг эса асл эмас, аслида пуч эканлигини, бир тоифа инсонларнинг роҳат-фароғатини таъминлаган қуллик тузуми эканлигини, инсониятнинг танаси каби ақл ва руҳини ҳам қулга айлантирганликларини билишмаяпти? Шу сабабли ҳам “бахт-саодат” ҳақидаги ваъдалари инсониятнинг фалокатига сабаб бўлмоқда халос. Ягона чора эса “Фақатгина Ислом”, “Ягона йўл – Ислом” бўлиб қолмоқда. Бу йўлда керак бўлса жафо чекадиган, аммо зинҳор ортга чекинмайдиган олим, мутафаккир ва ҳақ тарафдорлари ҳар ишда Aллоҳнинг низомига мурожаат қиладилар. Саодат асри қаҳрамонлари каби бўлиш учун ҳар нарсасини тиккан мўминлар мухлис мўминга айлангач, Aллоҳ Исломнинг ёйилишига изн беради ва ҳар нарса асл ҳолига қайтади. Ҳақ қайтади, ботил завол топади.
Ушбу мақола “Қандай қилиб ҳақ қайтади ва ботил заволга юз тутади? Ислом инсонларга нималарни ваъда қиладики, ўша ваъдалар билан сўз ҳам, қонун-қоидалар ҳам, ҳукм ҳам Исломга қайтиб берилса, Ислом дунёга қайта ҳукмрон бўлса?” каби саволларга жавоб беради. Мақола исломий низом ва инсонлар ўйлаб топган қонун-қоидалар орасидаги фарқни қиёс қилиб мусулмон йигитга ва Ислом қизига ақл ва руҳга ҳаловат бағишлайдиган ягона саодат йўлининг Ислом эканлигини ифодалаб, изоҳлаб беришни мақсад қилган.
Шахсга сиғинишдан қутилиш чораси – иймон
Ислом Аллоҳ азза ва жалланинг бирлиги ва борлигини, туғиш ва туғилишдан пок эканлигини, шериги ва ўхшаши йўқлигини эълон қилиб, улуҳиятини Вожибул Вужуд бўлмиш Холиқи Зул Жалолнинг шаънига энг муносиб ва ақлга энг мувофиқ ягона изоҳ ва ақидани тақдим қилади. Инсон шахсга сиғинишдан, тош ёхуд бутнинг олдида таъзим қилишдан, Исо алайҳиссаломни илоҳ дейиш аҳмоқгарчилигидан, монастирларга қамалиб олиб, жамиятни золимларга бемалол қўйиб бериш каби бепарволик ва беэътиборликдан қутқаради.
Ислом тирик бўлиб ўликдай яшаётган ақлга “Қара, Аллоҳ азза ва жалланинг борлигига далолат қилувчи миллионлаб далилларга боқ, буларни кўр!” дейди ва бундан бошқа изоҳни ортиқча, деб билади. Шу сабабли ҳам, Абул Аъла ал-Мааррий: “Анатомияни ўрганиб, Холиқ (Яратувчи) бўлган Аллоҳни инкор қилувчига ҳайронман”, деган. Афлотуннинг Аллоҳ азза ва жалла ҳақида “Азалий муҳандис” таъбиридан келиб чиқиб, Вольтер шундай дейди: “Ё юлдузларнинг ўзи ҳар бири муҳандисдир ёки уларни яратган бир муҳандис бор”, дейди.
Соғлом ақлга эга бўлган инсон ҳар доим ҳар нарсада Холиқи Зул Жалолнинг қудратини тафаккур қилади. Шу боис ҳам бир бадавийдан: “Роббингни қандай топгансан?” деб сўралганда, “Чўлдаги оёқ излар бир туянинг у ерни босиб ўтганига ишора қиладию, юлдузлар билан тўла осмон ва сон-саноқсиз йўллардан иборат ер юзи қандай қилиб ҳар нарсадан хабардор бўлган Аллоҳ азза ва жалланинг борлигига далолат қилмайди?” деб жавоб беради. Бадавийнинг ноқис ақли оламдаги ҳар нарсани Вожибул Вужуд бўлган Аллоҳга далолат қилишига етаётган бўлса, дипломи бор ақли ноқисларнинг аҳволини таассубдан бошқа нима билан изоҳлашимиз мумкин?
Мусулмон ўзини инкор қилувчи атеистга Аллоҳ азза ва жалланинг борлигини, ғоя, имкон ва ҳудус каби далиллар билан исботлаб бермайди. Бунинг ўрнига, ундан бу оламни қандай қилиб (ўзи даво қилаётганидек) тасодифан яралганлигини изоҳлашни, ўша изоҳни ҳам дунёнинг яна бир ўхшашини қайтадан яратиш орқали исботлаб беришини талаб қилиш керак... Чунки бор нарсанинг исботини сўраш, кўз билан кўриб туриб, яна сўз билан исбот талаб қилиш аҳмоқгарчиликдир.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси