Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
ТАБРИКНОМА
Устозимиз, буюк олим ва мужтаҳид, Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг карималари муҳтарама доктор Одина Муҳаммад Содиқ жаноби олияларига!
«Ҳижрий III-VII асрларда Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаган муҳаддисалар ва уларнинг набавий суннатини сақлаш йўлидаги жидду жаҳдлари» мавзусидаги илмий иши юзасидан магистр унвонига эришганингиз муносабати билан самимий қутлов ва табрикларимни етказишга ижозат бергайсиз.
Диссертациянинг мавзуси ниҳоятда эътиборли бўлгани ҳолда, ғоятда эътиборли кунларда тақдим этилди.
Ушбу кунларнинг эътиборли экани шуки, барчамиз муборак зикрлар ойи, инсониятга бахту саодат улашилган ой – Жанобимиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг шарафли ҳаётларидаги барча муҳим босқичларни – таваллудлари, нубувватлари, меърожлари, ҳижрат ва риҳлатларини ўз ичига олган рабиъул аввал ойида турибмиз. Ушбу муҳим воқеаларнинг барчаси мана шу ойда бўлиб ўтган. Сийрат уламолари ушбу воқеалардан учтаси шу ойда бўлиб ўтганига иттифоқ қилишган, икки воқеа хусусида ихтилоф қилишган. Набий алайҳиссаломнинг таваллудлари, ҳижрат ва риҳлатлари рабиъул аввал ойида бўлиб ўтганига барча уламолар иттифоқ қилишган, бироқ нубувватлари ва меърожлари шу ойда бўлгани борасида ихтилофлар бор (Аллоҳ таоло у зотга аввалгию кейинги умматлар орасида ҳам, улуғ фаришталар ҳузурида ҳам Қиёматга қадар салавоту саломлар ёғдирсин).
Мавзунинг эътиборли эканига келсак, фаҳму идрокли ҳар қандай инсонга ошкор кўриниб тургани шулки, ушбу мавзу Исломда аёлнинг мавқеини – унинг ўқиш ва ўқитишда, Пайғамбаримизнинг улуғ суннатларини етказиш йўлида эркаклар билан баробар ўрин эгаллашини очиб бермоқда. Ҳа, Ислом тарихи илму ҳикмат майдонида ўз истеъдодларини кўрсата олган ва муваффақиятга эришган буюк аёлларимизнинг беҳисоб ўрнакларига бойдирки, бу асло ҳайратланарли эмас.
Бу уммат мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳони ҳадис ривоят қилиш бўйича иккинчи буюк билимдон сифатида тан олган. Оиша онамиз улуғ саҳобаларнинг савол ва масалаларига ечим топар, улар орасида ҳал қилувчи сўз эгаси эди. Кибор саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўнг Оиша розияллоҳу анҳонинг набавий меросни маҳкам тутганини эътироф этган эдилар, зеро онамиз айрим саҳобаларнинг хатоларини тўғрилар, билимини тўлдирар эди. Имом Заркаший у зотнинг бу каби тузатишларини ўзининг «Оишанинг саҳобаларнинг хатосини тузатиб қўйган жавоблари» номли китобида тўплаган. У зот баъзи саҳобаларнинг янглиш фикрларини тузатар эди.
Оиша розияллоҳу анҳо ҳамда етти улуғ имомнинг бири, Мадина уламоларидан, саҳобаларнинг фақиҳларидан Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўрталарида бўлиб ўтган воқеа бунга ёрқин мисолдир. Бир куни Урва Оишага шундай деди: «Аллоҳ таолонинг «Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, бу иккови ўртасида саъй қилишида унга гуноҳ йўқ!» деган қавлига кўра Сафо ва Марва ўртасида сайъ қилмаган кишига гуноҳ йўқ, деб биламан», деди. Оиша: «Агар сен айтгандек бўлганида, оятда «...Улар ўртасида сайъ қилмаслик гуноҳ эмас» дейилган бўлар эди» деб, унинг Қуръон матни борасидаги ва матнни тушунишдаги янглишини тузатдилар ва ушбу оятнинг нозил бўлиши сабабини ҳам эслатдилар: «Ансорлар Сафо билан Марва орасида сайъ қилгилари келмас эди, чунки жоҳилиятдаги Исоф билан Ноила деган икки бут орасида ҳам саъй қилинар, ансорийларда ўшанинг асорати сақланиб қолган эди. Шунинг учун ушбу сайъ ўз аслига қайтарилиб, Аллоҳнинг шиорларидан деб эълон қилингач, айрим ансорлар саъйнинг ушбу кўринишида кароҳият ҳис этдилар. Ояти карима ана шу тангликни орадан кўтариш оҳангида нозил бўлди. Аслида ушбу саъй Пайғамбар алайҳиссалом «Аллоҳ сизларга саъйни вожиб қилди, шунинг учун саъй қилинглар» деганлари учун вожибдир. Бу сўзлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан ихтилофларни ўртадан кўтарувчи кўрсатма бўлган».
Оиша онамиз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан келтирган айрим сўзларини ҳам тўғрилаб, журъат билан: «Яхшироқ эшитса, жавоби ҳам яхшироқ бўлар эди», деган. Гап шундаки, Абу Ҳурайрадан валади зино ҳақида сўрашганда: «У учта ёмоннинг биридир», деган. Оиша шундай дейди: «Агар у ҳам ота-онасининг қилганини давом эттирса, учта ёмоннинг бири бўлади». Сўнгра қўшиб қўяди: «Бу унинг отаси ва онаси қилган ёмонлик эди». Абу Ҳурайра бузуқ аслият билан бузуқ амални, насабдаги фасод билан амалдаги фасодни қўшиб юборган эдилар. Оиша у кишига: «Яхшироқ эшитса, жавоби ҳам яхшироқ бўлар эди. Ахир Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар у ҳам ота-онасининг амалини қилса, учта ёмоннинг бири бўлади», деганлар» (Аллоҳ таоло Оишадан рози бўлсин ва унинг ўзини ҳам рози қилсин, Оиша борасида ҳаддидан ошганларнинг юзини буриб қўйсин!)
Саҳобия аёллардан Шифо Адавия жоҳилият даврида ўқиш-ёзишда ва табобатда моҳир эди (бу ерда оддий ҳарф таниш назарда тутилмаяпти). Шифо Адавия ўқишни билибгина қолмай, ёзувда ҳам моҳир бўлиб, мусулмон бўлганидаёқ ўқиш-ёзишни билар эди. Бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ҳафсанинг олдига кирсалар, Шифо Ҳафсага таълим бераётган экан. Шунда у зот Шифога: «Ҳафсага ёзишни ўргатганингдек, «намла» руқясини ҳам ўргатгин», дедилар. «Намла» руқяси ўша пайтлардаги даволаш услубларидан бири бўлиб, уни ўқилса, эркагу аёллардаги тошмалар тўкилиб тушар эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Унга ёзувни ўргатганингдек, «намла» руқясини ҳам ўргатгин», дедилар. Бу ҳадисни ҳадис имомларидан бир қанчалари, жумладан, Насоий ҳам ривоят қилган («Сунанул-кубро», 7501).
Мусулмонлар орасида Қуръон ва Суннат таълими соҳасида бўлгани каби, эркагу аёллар орасида ўзаро фазилату яхшиликка интилиш мусобақаси кенг тарқалгач, исломий таълим даргоҳларидан юксак илмий салоҳиятли, истеъдодли аёллар етишиб чиқиб, уларнинг номлари ва овозалари шу даражада тарқалдики, олимларнинг таржимаи ҳоллари ҳақидаги китобларда аёллар учун махсус бўлим ажратиладиган бўлди.
Ибн Саъд «Табақот» китобида ҳадис ривоят қилган ва ёд олган саҳобия аёллар ҳамда улардан билим олган аёллардан етти юзга яқинига ўрин берган.
Ҳофиз Ибн Асокир ўз устозлари борасида сўз юритар экан, улар ичида саксон еттита аёлни тилга олиб, устозлари орасида аёллар ҳам борлигини нуқсон ҳам, камчилик ҳам деб билмаслигини айтадии.
Жалолиддин Суютийнинг «Хотибу лайлин ва жорифу сайлин» номли китоби ушбу мавзуда тенги йўқ асардир. У киши бу китобда ўз устозларидан юзта аёл борасида маълумот берган.
Ибн Жавзий ҳам ўзининг «Ан-нашр фил-қироатил-ъашр» китобида жуда кўп «ситтул-араб» аёлларни тилга олган. «Ситтул-араб» иборасидаги «ситт» сўзи бошқалардан фазилатда устун, ўз халқи ичида пешқадам ва ҳурматли аёлни англатади. Бундай аёллар Қуръондан дарс бериб, ўзлари ҳам ҳофизи Қуръон бўлганлар. Ибн Жавзий ўз китобида шундай дейди: «Биз ушбуни Дамашқдаги Қосиюн тоғида бир «ситтул-араб»дан тингладик».
Пайғамбаримиз алайҳиссалом истеъдодли эркагу аёллар етишиб чиқишидан биз тасаввур қила олмайдиган даражада қувонар эдилар. Ҳаётларининг сўнгги босқичида Оишани ҳамроҳ ўлароқ танлаганларининг сири ҳам Оишанинг у зотдан уйнинг ҳаётга доир кўздан пана, хос жиҳатларни етказиши бўлган бўлса ажаб эмас. Бунда яна аёлларга хос бўлган ҳукмларни етказиш каби яна қанчадан-қанча сирлар мавжуд...
Мавзуимизга қайтиб, Карим Аллоҳдан фан доктори Одинахон Муҳаммад Содиқни энг яхши мукофотлар билан сийлашини, унинг асарини Ислом илмий меросига қўшишини, муаллифини эса падари бузрукворларилек умматга манфаатли қилишини, ўтганларимизнинг энг яхшиларига эргашганлардан, ҳозиргиларнинг энг яхшиларидан қилишини сўраб қоламан. Парвардигоро, Ўзинг қабул айла!
Маннон Роббининг афвига муҳтож Абдуллоҳ Ҳусайн Шаълон