Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатни етказишда инсон зоти бардош беролмайдиган қийинчилик ва мусибатларга бардош бердилар. Маккада, Бадрда, Уҳудда ва Ҳандақда ўлим билан юзма-юз келдилар. Лекин Макка ҳам, Ҳандақ ҳам у зотни намозда Робби билан бирга бўлишдан ва Ҳандақдаги ғалабадан маҳрум қилолмади. Ҳандақ ғазотида мушриклар яҳудий ва мунофиқларни ҳам ўз сафларига қўшгач, катта куч бўлиб Исломга ҳужум қилишди. Лекин Ислом чегараларини бузиб, Маккага киришолмади.
Ҳандақ ғазоти Исломга қарши курашда янгича услубнинг бошланиши эди. Шундан кейин кофирлар жанг майдонида мардлардек жанг қилиш ўрнига хийла қилиб мўминларнинг уйларига, қалбларига ҳужумга ўтишди. Бани Мусталиқ ғазотида Абдуллоҳ ибн Убай ансор ва муҳожирларни бир-бирига қарши қайрамоқчи бўлди, лекин нозил бўлган оятлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аралашуви билан ниятига етишолмади. Мунофиқлар худди шундай ҳамланинг иккинчисини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларига қилишди. Оиша онамиз розияллоҳу анҳога туҳмат қилишди. Бу билан мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларига ишончини сўндирмоқчи бўлишди, жанг майдонида енголмаган мусулмонларни энди ичкаридан парчаламоқчи бўлишди. Мусулмонлар орасига шубҳа солмоқчи бўлишди. Лекин ҳодиса юзасидан ўнта оят нозил бўлиб [105], Оиша онамизнинг иффатли эканликлари Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланди. Ўшанда инсонлар энг иффатли аёлга қандай қилиб “иффатсиз” деб туҳмат қилиш мумкинлигига гувоҳ бўлишганди.
Мусулмонлар мунофиқларнинг Исломни парчалаш учун қурбон сифатида танлаганлари – Оиша онамиздек муаддиба аёлнинг Аллоҳ таоло томонидан қандай муҳофаза қилинганидан намуна олиб, меҳробларда қиёматгача оятма-оят ёд олинади. [106]
Рофизийлар (бир қисми) ҳамон Қуръонда онамизнинг номи поклаб қўйилганига эмас, балки улар кутаётган Маҳдий чиққанидан кейин Оиша онамизга ҳадд жазоси белгиланишига эътиқод қилишади. [107]
Оиша онамизни очиқ-ойдин ёхуд махфий тарзда айблаётганларнинг иймон даражаси хусусида уламолар неча асрлардан буён муҳокама қилиб келганлар ва бу масала ақида китобларидан ҳам жой олган. Шунга кўра, ким Нур сурасидаги оятларга қарамай, Оиша онамизга туҳмат қилса, поклиги қатъий таъкидлаган оятларни инкор қилгани учун кофир бўлади, дейилган. Бунга Қози Абу Яъло, Ибн Касир, Мулла Алийюл Қори, Ибн Обидийн [108] каби бир қанча уламолар томонидан ижмоъ қилинган. Имом Нававий ҳам Оиша онамизнинг покизаликлари Қуръон билан собит эканлигини, бу борада шубҳа қилганнинг барча мусулмонларнинг ижмоъси билан кофир бўлишини айтган. [109].
[105] Нур сураси, 11-20 оятлар; Бухорий, 4750-ҳадис.
[106] Қаранг, Бухорий, 4750-ҳадис; Муслим, 2770-ҳадис.
[107] Абдуллоҳ Шуббар, “Ҳаққул яқин фий маърифати усулид дийн”, 25-бет, “Дарул Адва”, Байрут, 1404.
[108] Ибн Касир, Абул Фидо Исмоил ибн Умар, “Ал-бидая ван ниҳая” , XIV жуз, 376-бет, “Дарул ҳадис”, Қоҳира, 1992; Алийюл Қори, Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Султон, “Шаммул авариз фий заммир-Равафий”, 27-бет, “Марказул Фурқон”, Қоҳира, 2004; Ибн Обидийн, Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиз, “Раддул Мухтор аълад-дурриил Мухтор”, VII жуз, 162-бет, “Дарул кутубил илмийя”, Байрут, 2003.
[109] Ан-Нававий, Муҳийддин Абу Закариё Яҳё ибн Шароф, “Ал-Минҳаж Шарҳу Саҳиҳи Муслим ибн Ҳажжож”, XVII-жуз, 117-бет, “Дарул кутубил илмийя”, Байрут, 1995.
Давоми бор...
Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Алламова таржимаси