Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Азизлар, Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсинки, кўплаб юртдошларимизга умра ва ҳаж ибодатини адо этиш бахти насиб этмоқда. Бу ибодатларни ҳам бошқалари каби Аллоҳ таоло буюрганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатма берганларидек тўлиқ, мукаммал бажариш мўмин-мусулмоннинг бурчидир. Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолда, бугундан эътиборан ҳаж ва умра ибодатига боғлиқ маълумотлар, масалалар, ҳукмлар ва кўрсатмалар, асос ва далилларни бериб боришга ҳаракат қиламиз.
Ҳаж ва умра сабоқлари
1-сабоқ
Ҳаж ва умра ибодатлари қандай амаллар?
Ҳаж Ислом динининг беш ароконидан бири бўлган улуғ рукндир.
«Ҳаж» сўзи луғатда «улуғ нарсани қасд қилиш» деган маънони англатади. Ислом шариатида эса ҳаж махсус замонда, махсус маконда, махсус амаллар билан махсус ибодатни адо этишдир.
«Умра» сўзи луғатда «зиёрат ва ободлик» деган маъноларни билдиради. Ислом шариатида эса Байтуллоҳни тавоф қилиб, Сафо билан Марва ўртасида саъй қилиб бажариладиган махсус зиёратга умра дейилади.
وَأَتِمُّواْ ٱلۡحَجَّ وَٱلۡعُمۡرَةَ لِلَّهِۚ
«Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тугал адо этинг» (Бақара сураси, 196-оят).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳаж ва умрани Ўзи учун тугал адо этишга буюрмоқда.
Махсус замон.
Ҳаж фақат махсус вақтда адо қилинади. Хусусан, унинг бош рукни – Арафотда туриш зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бўлиши шарт. Бошқа вақтда ҳар қанча турса ҳам, ҳаж ҳисобланмайди.
Махсус макон.
Ҳаж ибодатини адо этиш учун Аллоҳ томонидан ирода қилинган маконлар – Масжидул Ҳаром, Арафот, Муздалифа, Мино каби жойлар махсус макондир. Бошқа жойларда бу ибодатларни адо этиш мумкин эмас.
Махсус амаллар.
Бунда эҳром, Каъбани айланиб тавоф қилиш, Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш каби амаллар кўзда тутилган.
Бу ибодат аҳли аёлининг ҳожатидан ортиқча етарли маблағи бор, соғлом, омонликдаги хотиржам мусулмонга умрида бир марта фарз бўлади.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло ҳаж ва умранинг фарзларини, шартларини тугал, бенуқсон қилиб, Аллоҳ учун адо этишга амр қилмоқда. Шу билан бирга, «Ҳаж ёки умрани ният қилиб, ибодатни бошласангиз, охирига етказинг» деган маъно ҳам бор.
Барно Саидраҳмон