Суннатни ўрганамиз
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эснаш шайтондандир


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозда эснаш шайтондандир. Қачон бирингиз эснаса, иложи борича қайтарсин», дедилар». Термизий ва Бухорий ривоят қилган.

Бухорий «Яратишнинг ибтидоси» бобида келтирган. Унинг лафзида: «Эснаш шайтондандир. Бас, бирортангиз эснаса, иложи борича қайтарсин. Чунки агар у «ҳоҳ», деса, шайтон ундан кулади».


Шарҳ: Эснашни ҳамма халқлар ҳам яхши нарса деб билмайдилар. Эснаш энг камида дангасаликнинг аломатидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уни шайтондандир, демоқдалар. Шунинг учун эсноқни доимо, айниқса намозда қайтаришимиз керак. Бўлар-бўлмасга эснайвериб, шайтоннинг кулгисига қолмаслигимиз лозим.


Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра масжидни қасд қилиб чиқса, бармоқларини бир-бирига қовуштирмасин. Чунки у намоздадир», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ишончли санад ила ривоят қилганлар.


Шарҳ: Панжаларни бир-бирига кириштириб, қовуштириш беҳуда иш бўлиб, ахлоқсизлик белгиси ҳисобланади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан қайтармоқдалар. Мусулмон киши доимо жиддий бўлиб, беҳуда, бемаъни ишларга яқинлашмаслиги, ҳатто ўшандоқ нарсанинг аломати бор бўлган ишни ҳам қилмаслиги керак.


Мусулмон киши яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон йўл олар экан, у ўта муҳим ва жиддий ишга кетаётган бўлади. Мўмин-мусулмон биродарлари билан жамоат бўлиб, Аллоҳ ила учрашиб, роз  айтгани кетаётган кишига бекорчи танбалларга ўхшаб, бармоқларни қовуштириш мутлақо ярашмайди. Масжидга кетаётган одам намозда турган ҳисобланади. Мусулмон киши қанчалар бахтли инсон! Яхшилаб таҳорат қилиб, масжид томон қадам босса ҳам, худди намоз ўқиётганлар ҳисобига ўтади. Бориб, намоз ўқиганда эса унинг қанчалик даражага эришишини шундан билиб олаверинг.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг Афлаҳ исмли ғуломимиз сажда қилаётиб, (ерни) пуфлаётганини кўриб:

«Эй Афлаҳ, юзингни тупроқ қилавер», дедилар».

Термизий ривоят қилган.


Шарҳ: Ушбу ҳадисдан намоз ўқиётган одамнинг саждагоҳ ёки бошқа жойлардаги чанг, тупроқ ёки шунга ўхшаш нарсаларни пуфлаши макруҳлиги келиб чиқади. Бунга ўхшаш ишларни намозни бошлашдан олдин яхшилаб ўрнига қўйиб олиш лозим. Ибодат қилаётган одам уни берилиб қилиши керак. Баъзи бир чанг ёки шунга ўхшаш нарсаларга эътибор бериши, уларни пуфлаши намозга бепарволигининг аломатидир. Намозхон намоз туфайли бу дунёда пешонасини ёки юз-қўлини чанг қилса, у дунёнинг шармандалик чанг-ғуборидан халос бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан олинди.


Манба
Мавзуга оид мақолалар
quotЭшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадирquot.

00:47 / 25.02.2023 1655
Бизнинг ёшлигимиз ndash бу Аллоҳ таолонинг улуғ неъматларидан бири. Бу вақт ndash ўқиш, ўрганиш, орзуларимиз сари давоми...

16:18 / 28-avgust 2071
quotРоббимиз, иккимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, давоми...

00:15 / 07.03.2023 1830
quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

23:15 / 02.05.2023 1835