Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Лорен Бут (Lauren Booth) – инглиз журналисти ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси. Буюк Британиялик, Лондон шаҳрида туғилган. Радио ва телевидениеда диктор ва бошловчилик қилган. Турли телеканал ва журналларга мақолалар ёзган. Улардан жуда катта ададда чоп этиладиган машҳур Daily Mail газета таблоидини келтириб ўтиш мумкин.
1967 йилда туғилган, асл исми Сара Бут. Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блернинг рафиқаси Шери Блернинг опаси.
Ислом келиши ҳақида шундай ҳикоя қилади: "Фаластинда эканимда жуда кўплаб аёллар, оналарни кўрдим. Улар ҳар куни мусибат ва машаққатлар ичра яшашарди. Яқинлари урушда вафот қилган, яна кимларидир қамоққа олинган. Лекин улар улкан сабр ва ирода билан шунақа хотиржамлик билан ҳаёт кечиришардики, мендан кўра анча бахтиёр кўринишарди. Рамазон ойида бир оила мени ифторликка таклиф қилди. Оила бекаси мени: "Ассалому алайкум", дея қаршилади. Уйига таклиф қиларкан, худди мени бир қасрга таклиф қилаётгандек, алоҳида такаллуф билан бошларди. Уйи бўлса, оддий, қуп-қуруқ эди. Деворлар, шифт ва ер. Камгина овқатларини пластик идишларда келтириб олдимга қўйди. Мен ўзимни тўқ кўрсатиб овқатни рад этдим. У аёл бўлса, буни қабул қилмади ва мени таомлантирмагунча хотиржам бўлмади.
Шунда мен (Аллоҳ кечирсин) Исломдан жаҳлим чиқди. Шундоқ ҳам оч одамларга ўттиз кун давомида оч юришлари кераклигини буюрган Китобдан ҳам жаҳлим чиқди. Мен у аёлдан сўрадим: "Нима учун Рамазон ойида рўза тутасизлар?". У жавоб бериб: "Мен рўза ибодатини адо этишим билан бирга, фақирлар ва муҳтожларни ҳис қилиш, уларни ёдда тутиш ва ҳамдард бўлиш учун ҳам тутаман", деди. У аёлда дунёнинг бойликларидан ҳеч вақоси йўқ эди. Лекин ундаги неъматлардан ҳам камроғига эга инсонлар ҳақида унутмаслик учун ҳам ўз қалби, нафсини тарбиялар, у билан ишларди. У аёл бутун вужудила Яратган ато этган, эга бўлиб турган неъматларга ташаккур айтар, шукр қиларди.
Мана шу ҳол мени жуда қаттиқ таъсирлантирди. Мен арабларни, уларни меҳмондўстлигини ва эътиқодига бу олийжанобликни яхши кўриб қолгандим. Ўзимга: "Агар Ислом шу бўлса, у ҳолда мен мусулон бўлишни хоҳлайман. Мен мана шу саховат, бошқаларга ҳамдардлик ва қайғуришнинг бир бўлаги бўлишни хоҳлайман. Мен ушбу эътиқодга бутун қалбим билан қўшиламан, дедим”.
У яна сўзида давом этади: "Лондонга қайтганимдан сўнг Исломни қабул қилдим. Бир неча йилки, мусулмонман. Шу вақт ичида ҳаётимда жуда кўп воқеа-ҳодисалар бўлиб ўтди. Лекин энг саодатли ҳол шулки, мен ва менинг суюкли қизларим ҳам мусулмон, алҳамдулиллаҳ".
У инсон ҳуқуқлари фаоллари билан бирга Фаластинда, Ғазо секторида бўлган вақтда Ислом ва мусулмонлар билан қизиқиб қолган. 23 октябрь 2010 йилда Британиянинг “Islam Channel” телеканалида ҳижоб ўраган ҳолда чиқиб, шундай деган эди: "Мен – Лорен Бутман ва мен мусулмон бўлдим". Ўша йилдан телеканалда “In Focus” кўрсатувини олиб боради.
Айни дамда "Исломга саёҳат" автобиографиясини ёзмоқда. Ўзи каби икки қизи – Александра ва Холли ҳам Ислом дини қабул қилишган.
Лорен 2020 йилда Туркияга кўчиб ўтди ва айни дамда Истанбул шаҳрида истиқомат қилади. Инстаграмда 60 мингдан ортиқ аъзога эга саҳифаси бор.
Бобур Аҳмад тайёрлади.